Линклар

Ханти-Мансийскда одам савдосида айбланиб, ҳибсга олинган 28 ёшли ўзбекистонлик аёл Ўзбекистон Бош прокуратураси сўровига кўра, экстрадиция қилинади. Прокуратура маълумотларига қараганда, мазкур аёл 2009 йилда Бирлашган Араб амирликларига ўз ватандошини жинсий қулликка сотиб юборган.


Югра прокуратураси Ўзбекистон сўрови билан 2013 йил май ойида Няган шаҳрида ҳибсга олинган ўзбекистонлик аёлни экстрадиция қилишга оид иш якунига етказилганини хабар қилмоқда.

“Яқин кунларда бу аёл Ўзбекистонга жўнатиб юборилади”, деди Озодлик билан суҳбатда текширув натижалари билан ўртоқлашган Ханти-Мансийск мухтор округи прокурори катта ёрдамчиси Инга Снаткина.

- Мазкур фуқаро – Шоҳида Бойназарова, 2009 йилда бошқа шахс билан тил бириктириб, бу жиноятга қўл урган. Жумладан, у шерикларидан бири билан Ханти-Мансийск округи ҳудудида яшириниб юрган. Бир неча ой олдин, аниқроғи май оийда, унинг шериги Няган шаҳрида ҳибсга оилнган ва августда Ўзбекистонга аллақачон бериб юборилди. Бойназарова бироз кечроқ – шу шахс ёрдамида ушланди,- деди прокуратура вакиласи.

Инга Снаткина келтирган тергов материалларига кўра, Шоҳида Бойназарова ушланган шериги ва шахси аниқланмаган яна бир киши билан тил бириктириб, 2009 йилда ўзбекистонлик бир аёлни алдов йўли билан Дубай шаҳрига жўнатиб юборган.

Озодлик ўз манбалари орқали 1985 йилда туғилган Шоҳида Бойназарова билан бирга ушланган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинган шахснинг фамилияси Шарипов Д. экани, улар муқаддам Бухоро шаҳрида расмий никоҳдан ўтмасдан яшаб келганини аниқлади.

Жиноятда айбланаётганлар 1987 йилда туғилган жабрланувчи аёлга Дубайда яхши маош тўланадиган иш таклиф қилиб, уни Ўзбекистондан самолётда жўнатиб юборганини гапиради терговни олиб борган Югра прокурори ёрдамчиси Инга Снаткина.

- У ерга келганидан кейин, аёлдан паспорти тортиб олинган, ўлар ҳолатда калтаклашган, 2010 йилгача жинсий эксплуатация қилинган, кейин бу фактлар полицияга маълум бўлиб қолган. Ўзбекистонда маҳаллий Жиноят Кодексининг 135-моддаси – одам савдоси бўйича Шоҳидага жиноий иш очилди. Жиноятни содир этиб, Бойназарова 2011 йилда терговдан қочиб, ўзининг жазмани билан Россияга қочиб келган ва Ханти-Мансийск округининг Няган шаҳрида яшириниб юрган. 2011 йилнинг март оийда Ўзбекистон прокуратураси бу шахсларни халқаро қидирувга берган. 2013 йил май ойигача булар нима иш қилиб юргани, қандай яшагани тўғрисида биз бирор маълумот аниқлай олмадик,- деди Инга Снаткина.

Югра прокуратураси ва Россия Бош прокуратураси 5 ойлик экстрадиция текширувини якунига етказиб, Ўзбекистон Бош прокуратураси сўровини қондириш ва фуқаро Шоҳида Бойназаровани экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

Жабрланувчи аёлнинг эса Дубай шаҳридан Ўзбекистонга қайтарилганидан зиёда унинг кейинги тақдири борасида Озодлик бошқа маълумот аниқлай олмади.

Суҳбатимиз сўнггида Югра прокуратураси расмий вакили Инга Снаткина Шоҳида Бойназарова ва унинг шериклари ўзбекистонлик бошқа аёлларни Бирлшган Араб Амирликларига жинсий қулликка сотиб юбориш ҳолатларига алоқаси бўлиши мумкинлигини эҳтимол қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG