Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:58

Мингга яқин амалдор мансабини суиистеъмол қилгани учун жазоланди


Ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз ишчилари маош бериш учун банклардан нақд пул ололмаётганидан шикоят қилади
Ўзбекистонлик тадбиркорлар ўз ишчилари маош бериш учун банклардан нақд пул ололмаётганидан шикоят қилади

Ўзбекистонда саккиз ой мобайнида мансаб ваколатини суиистеъмол қилган 29 амалдор ишдан ҳайдалди. Мингга яқин амалдорга интизомий чоралар қўлланилди. Бироқ ўзбекистонлик тадбиркорлар амалдорлар жазога тортилаётганига қарамай, хусусий бизнеснинг "бемалол яшаши" имконсиз бўлиб қолаётганидан шикоят қилади.



Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кўзлаб киритилган тақдимнома, огоҳнома ва кўрсатмалар натижасида 958 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 29 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Тадбиркорлар манфаатларини кўзлаб 12 миллиард сўмлик 736 та даъво аризаси судларга киритилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлигида ўтказилган “Хорижий сармоя ва хусусий тадбиркорликда қонунчилик имтиёзлари” мавзусидаги матбуот анжуманида айтилди.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги йилларда назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишлар сони тубдан қисқартирилган ва тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилмоқда.

Бироқ, баъзи ўзбекистонлик тадбиркорлар фикрича, Адлия вазирлиги иддао қилаётганидек “тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига шароит” йўқ.

Исми сир қолишини сўраган самарқандлик тадбиркорнинг айтишича, тадбиркорлар гарчи қонун бўйича мустақил фаолият юритувчи субъект бўлсада, бироқ уларнинг қўл-оёғи “оғзаки буйруқ”лар билан боғлаб қўйилган:

- Аслида Адлия вазирлиги келтирган фактлар хўжакўрсинга қилинаётган ишлар. Тадбиркорликнинг гуллаб-яшнаши учун муҳит соғлом эмас. Бу эркинлик фақат номига. Қонундан ташқари мансабдорларда “оғзаки буйруқ” деган нарса бор. Бу буйруқлар ҳар қандай қонун ва низомлардан ҳам юқори туради.

Оддий мисол. Ишчиларга ойлик бериш учун банкка мурожаат қиласиз. Тепадан Марказий банк оғзаки айтиб қўйган, нақд пулни кичик корхоналарга эмас, пенсионерларга бергин деб. Пул ололмайсиз. Прокуратурага мурожаат қиласиз. Прокуратура банкнинг бошлиғини эмас, нақд пул бўлими бошлиғини жазолайди. Бу ҳисобот Адлияга кетади. Адлия вазирлиги эса шунга ўхшаш нарсаларни статистика қилиб беради,- дейди тадбиркор.

Тадбиркорга кўра, маҳаллий ҳокимлар ўша ҳудуддаги мутлақ ҳоким ҳисобланади ва улар тадбиркорларни қонунга зид келадиган ишларни бажаришга мажбур қилади:

- Оддий тадбиркорни ҳоким мажлисга чақиришга ҳаққи борми? Қонунан ҳаққи йўқ. Лекин кечаси ҳам, кундузи ҳам чақираверади. Фалон фондга бунча пул ўтказ, фалон тадбирга бунча пул ўтказ деб. Бу оғзаки буйруқлар бирор бир қоғозда акс этмайди. Бормай кўрингчи қани? Бу мени ҳурмат қилмайди, деб эртасидан турли хил босимлар ўтказишни бошлайди. Агар қонун бўйича иш қилинганда эди, Ўзбекистонда тадбиркорлик яшнаб кетган бўларди, деди самарқандлик тадбиркор.

Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинган.

Бироқ тадбиркорлар Наврўз байрамидан тортиб спорт ва маданият тадбирларига, пахта теримини ташкиллаштириш кабилар харажати хусусий бизнес зиммасига юклатилишини айтадилар.
XS
SM
MD
LG