Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:39

Сохта “Ўзбекистон гўзали” халқаро шов-шувга сабаб бўлмоқда


Раҳима Ғаниеванинг Интернетдаги суратларидан бири.
Раҳима Ғаниеванинг Интернетдаги суратларидан бири.

Ўзини 2013 йил ëзида ўтказилган “Ўзбекистон гўзали” танлови ғолиби¸ Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети талабаси деб таништириб¸ келаси ҳафта Индонезияда бошланадиган “Жаҳон гўзали” конкурсида Ўзбекистон номидан қатнашадиган Раҳима Ғаниева халқаро матбуот назарига тушди. Индонезиядан тортиб¸ Америкага қадар оммавий ахборот воситалари халқаро майдондаги бундай ëлғончиликдан таажжубга тушмоқда.

Ҳали “Жаҳон гўзали” тожи учун беллашадиган қизлар саҳнага чиқмай туриб¸ халқаро оммавий ахборот воситалари улардан бири – Раҳима Ғаниева ҳақида кўп ëзмоқда.

Фақат бу ëзишлар ўзбек қизининг гўзаллиги ëхуд истеъдоди ҳақида эмас¸ унинг қандай қилиб Бали танловига келиб қолгани ҳақидадир.

Индонезиянинг Бали оролида расман 28 сентябрь куни бошланадиган “Miss World” халқаро гўзаллик танловида ўзини 30 миллионлик Ўзбекистон намояндаси сифатида тақдим этаëтган 18 яшар Раҳима Ғаниева “ëлғончилик”да айбланмоқда.

Бу чиқишлар аксариятига “Ўзбекистон гўзали” сохта бўлиб чиқди¸ “Расмийлар ëлғончига чиқарганидан сўнг “Ўзбекистон гўзали” атрофидаги синоат кучайди”¸ “Ўзбек гўзали” билан танишинг: дунë танловидаги сохтакор” каби сарлавҳалар қўйилди.

Раҳима Ғаниеванинг Youtube порталига қўйилган видеоролигида ўзининг 2013 йилнинг 20 июл куни Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистон гўзали” миллий танловида ғолиб бўлганини иддао қилади.

Аммо Озодлик ўтказган текширув давомида Ўзбекистон Маданият вазирлиги мутасаддилари мамлакатда бундай танлов ўтказилмаганини билдирган бўлсалар¸ Жаҳон иқтисодиëти ва димпломатия университети бундай талаба йўқлигини эълон қилди. Озодликнинг инглиз тилига ўгирилган бу текшируви Ғарб нашрлари ва телаканаллари диққатини ўзига жалб қилди.

Қандай қилиб 18 яшар қизнинг Ўзбекистонда 20 йил давомида ўтказилмаган гўзаллик конкурси ғолибиман деган ëлғон билан халқаро саҳнага чиқиши¸ жамоатчиликни ҳайрону лол қолдирмоқда.

“Miss World” халқаро гўзаллик танлови қатнашчилари¸ конкурс қоидасига кўра¸ ўз мамлакатида ўтказилган миллий танлов ғолиби бўлиши керак.

Ғаниеванинг Ўзбекистонда ўтказилмаган танлов ғолибиман¸ дея ëлғон билан Балига боришини ташкиллаштирган гуруҳлар¸ ҳозирча матбуот саволларига жавоб беришдан ўзини олиб қочмоқда.

Халқаро танловнинг Лондондаги ташкилотчисининг Интернет сайтига қўйилган телефон рақамлари¸ умуман ишламаяпти.

Озодлик¸ қолаверса¸ бошқа нашрлар мухбирларининг Бали танлови ташкилотчиларига Раҳима Ғаниевани бу танловга келтирган йўл ҳақида берадиган саволларига ҳозирча жавоб берадиган топилмаëтир.
XS
SM
MD
LG