Линклар

Кимё экспертлари Сурия тақдим этган маълумотларни ўрганмоқда


Ҳаага шаҳрида жойлашган Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича ташкилот Дамашқ расмийларидан олинган Сурияга қарашли кимёвий қуроллар арсенали тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқмоқда.

Аммо ташкилот вакилларига кўра, шу пайтгача Суриядан талаб этилаётган маълумотларнинг бир қисмигина олинган холос. АҚШ ва Россия ўртасида эришилган келишувга асосан Сурия ўзининг кимёвий қуроллар арсенали тўғрисидаги барча маълумотни 21 сентябр кунига қадар тақдим этиши керак эди.

Ҳозирда Суриядаги Башар Ассад режими ихтиёрида 1000 тоннага яқин заҳарли кимёвий модда борлигига ишонилади.

Ўтган ҳафта Женева шаҳрида АҚШ ва Россия ўртасида эришилган келишувга кўра, Вашингтоннинг Сурияга қарши ҳарбий зарба беришининг олдини олиш учун Дамашқ ўз ихтиёридаги кимёвий қуролларини йўқ қилишга розилик берган.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича ташкилот вакилларининг билдиришича, АҚШ-Россия режасини муҳокама қилиш учун якшанба кунга белгиланган мажлис бошқа кунга қолдирилган.

Ташкилотнинг мазкур масалага бағишланган йиғини жорий ҳафтада бир неча марта қолдирилган эди. Дипломатик манбаларга кўра, мажлисда муҳокама қилиниши керак бўлган ҳужжат лойиҳаси борасида Вашингтон билан Москва ҳозирча келиша олмаган.

Сурия раҳбари Башар Ассад шу ҳафта бошида Американинг Fox News телеканали мухбири билан суҳбатда ўз мамлакати ихтиёридаги барча кимёвий қуролларни йўқ қилиш нияти борлигини, лекин бу бир йил вақт олишини айтган эди.

Айни пайтда АҚШ, Франция ва Британия БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Сурия олган мажбуриятларини бажармаса Дамашқ режимига қарши куч қўллашни кўзда тутувчи резолюцияни қабул қилишни талаб этмоқда.

Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида вето ҳуқуқига эга Россия бундай ҳужжатнинг қабул қилинишига қарши чиқмоқда.

Разведка маълумотларига ишонилса, ҳозирда Сурия зарин ва асабни фалажловчи бундан-да кучли бўлган VX кимёвий моддалари заҳирасига эга.

Сурия кимёвий қуролларни тақиқловчи конвенцияга қўшилмаган. Ҳаагадаги Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича ташкилот Сурия айнан қандай ҳужжатларни тақдим этганини очиқламаяпти.

АҚШ ва Россия ўртасидаги келишувга мувофиқ Суриядаги кимёвий қуролларни йўқ қилиш жараёни 2014 йил ўрталаригача якунланиши керак. БМТ инспекторлари хулосасида ўтган ой Дамашқ яқинида ҳақиқатан ҳам кимёвий қурол ишлатилгани тасдиқланган.

Сурияда текширув ўтказган БМТ инспекторлари Дамашқ атрофида 21 август куни тинч аҳоли вакилларига қарши кимёвий қурол қўлланилганига оид “аниқ ва ишонарли” далилларга эга эканларини билдирган.

Мазкур маълумотларга қараганда, Сурия пойтахтига яқин Гута деган жойда август ойининг иккинчи ярмида зарин кимёвий моддасини ташиган “ер-ер” русумидаги ракеталар қўлланилган, пировардида юзлаб одам нобуд бўлган.

Инспекторлар “Бу заҳарли модда айнан ким томонидан қўлланилган?” деган саволга жавоб топишга масъул эмас эдилар.

Дамашқ АҚШ ва иттифоқчиларининг кимёвий қурол ҳукумат кучлари томонидан қўлланилганига оид айбловларини рад этиб келади.
XS
SM
MD
LG