Линклар

logo-print

Қаршида пахтага чиқмаган касал талаба ўқишдан ҳайдалди

  • Садриддин Ашур

Бу йил бемор талабаларнинг пахта теримидан озод қилиш ҳақидаги шифокорлар комиссияси рухсатини олиш янада қийин бўлди

Бу йил бемор талабаларнинг пахта теримидан озод қилиш ҳақидаги шифокорлар комиссияси рухсатини олиш янада қийин бўлди

Қарши шаҳридаги 2-академик лицейнинг пахта теримига чиқмаган талабалари ўқишдан ҳайдалмоқда. Теримдан бош товлаган талабаларнинг ҳужжатлари ўқитувчилар томонидан уйма-уй юриб тарқатилмоқда. Лицей маъмурияти бундай буйруқ юқоридан келганлигини айтмоқда.

Қарши шаҳридаги 2-академик лицейнинг 3 -курс талабаси Барҳаёт Тўраевнинг ҳужжатларини синф раҳбари уйига келтириб бериб, талабанинг ўқишдан ҳайдалганини айтган.

Ўқитувчи ҳужжатларни қабул қилиб олингани ҳақида тилхат талаб қилар экан, талабанинг ўқишдан ҳайдалгани ҳақидаги буйруқни кўрсатмаган. Синф раҳбари Барҳаёт Тўраевнинг талаблар сафидан чиқарилганини айтиб, унга тегишли бўлган ҳужжатлар папкасини уйига ташлаб кетган.

Барҳаёт Тўраевнинг холаси Гулшан Қораева жияни тери касаллиги билан оғришини, икки йилдан буён шифокорлар комиссияси уни пахтадан озод қилганини, бу йил эса унинг пахтадан озод қилиш ҳақидаги аризаси қондирилмаганини айтди:

- Жиянимнинг қўлини териси ёрилиб кетадиган касали бор. Бу йил ВККга борса: "Пахта термайсану, бироқ пахтага бориб бошқа ишларни қилиб юрасан", дебди. Бироқ дала шароитида унинг қўли йиринглаб кетади, шунга у бормади, - деди Гулшан Қораева.

Гулшан Қораевга кўра, синф раҳбари пахтага чиқмаган ўнлаб бошқа талабалар ҳам ўқишдан ҳайдалганини, уларнинг ҳужжатлари уйларига олиб бориб берилаётгани ҳақида гапирган.

Қарши шаҳридаги 2 – академик лицейнинг ўқув бўлими мудири Бегимой Ризаева Озодлик билан суҳбатда, пахта теримига чиқмаган талабаларнинг ўқишдан ҳайдалаётганини тасдиқлади. Бегимой Ризаеванинг айтишича бу юқоридан келган буйруқ:

- Бу директорнинг топшириғи. Битта биз эмас, ҳамма лицейлар ҳам пахтага чиқмаган талабаларнинг ҳужжатларини олиб бориб беради. Ўзбекистонни пахтаси ҳамманинг пахтаси, мени ёки директорнинг пахтаси эмас. Бу топшириқ юқоридан келган бўлса керак, - деди Бегимой Ризаева.

Жорий йилги пахта мавсумида Озодлик хабардор бўлган "Пахта-2013" қурбонлари сони уч нафарга етди.

15 сентябр куни Бухоро вилоятининг Вобкент туманида онаси билан теримга чиққан 1 - синф ўқувчиси пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига теримчилар терган пахта тагида бўғилиб ўлган эди.

Қарши Давлат университети Тарих факультети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябр куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди.

9 сентябр куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 - босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.

Ҳар йили пахта теримига жалб этилган талабалар орасида ўнлаб қурбон қайд этилади.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари йиллардан буён Ўзбекистон ҳукуматини ўқувчи ёшларни мажбурий қишлоқ хўжалик ишларига жалб этишни тўхтатишни талаб қилиб келади.

БМТ қошидаги Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертлари шу кунларда Ўзбекистон пахта далаларида терим жараëнини кузатиб¸ унда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини махсус ўрганишга уринмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG