Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:25

Пешовардаги черковга ҳужумда ўнлаб одам нобуд бўлди


Покистоннинг Пешовар шаҳри яқинидаги черковда амалга оширилган ҳужумда элликка яқин одам нобуд бўлди, ўнлаб одам яраланди. Портлаш черковда юзлаб одам ибодат қилаётган пайтда рўй берди. Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Покистоннинг Пешовар шаҳри яқинидаги черковда амалга оширилган ҳужумда элликка яқин одам нобуд бўлди, ўнлаб одам яраланди. Портлаш черковда юзлаб одам ибодат қилаётган пайтда рўй берди. Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.


Покистоннинг Пешовар шаҳри ташқарисида жойлашган Коҳати Гейт мавзесидаги Авлиё Жон насроний черковида олдида икки худкуш ўзини портлатгани натижасида элликка яқин одам нобуд бўлди, қарийб 70 киши жароҳат олди. Яраланган одамларнинг аксари оғир аҳволда экани айтилмоқда.

Айрим хабарларда портлаш оқибатида ўлган одамлар орасида икки нафар полициячи ҳам борлиги айтилган.

Бу Покистонда сўнгги йиллар давомида насронийларга қарши уюштирилган энг мудҳиш ҳужум экани қайд этилмоқда.

Туман ҳокими ўринбосари Заҳирул Ислом ҳужум тафсилоти ҳақида журналистларга қуйидагиларни айтди:

- Бу худкуш ҳужум. Насронийлар якшанба кунги ўз ибодатини тугатаётган пайтда худкуш черковга кирган. Ўша пайтда черковда 600 га яқин одам бўлган, - деди туман ҳокими ўринбосари.

Покистон телевидениеси тез ёрдам машиналари жароҳат олган одамларни зудлик билан касалхонага олиб кетаётгани ва черков ташқарисида одамлар йиғилгани акс этган лавҳаларни намойиш қилди.

Воқеа гувоҳларидан бири, 50 ёшли Нозир Хон Франс-пресс ахборот агентлигига кучли портлаш оқибатида учиб ерга йиқилганидан сўнг иккинчи портлаш рўй берганини айтган.

Покистон Бош вазири Навоз Шариф “айбсиз одамларни нишонга олиш Ислом ва барча динлар таълимотига зид экани”ни таъкидлаб, ҳужумни кескин қоралади.

Вилоят ахборот вазири Шоҳ Фармон Озодликка якшанба кунги ҳужум мамлакатдаги тинчлик жараёнига путур етказмаслиги кераклигини урғулади.

- Бу воқеа - фожиа. Шунга қарамай, бу каби ҳужумлар кўлами анча камайди. [Покистонлик толиблар номи билан танилган Таҳрики Толибон Покистон вакиллари билан] тинчлик жараёни давом этмоқда. Биз бу жараён издан чиқишини хоҳламаймиз. Биз ҳужумни ким амалга оширганини аниқлаш устида олиб борилаётган текширув тугаши ва натижаси эълон қилинишини кутишимиз керак, - деди Шоҳ Фармон.

Насронийлар Покистон аҳолисининг тўрт фоизини ташкил қилади. Улар мамлакат сиёсий ҳаётида фаол эмас. Шунга қарамай, баъзан эктремистлар уларга қарши ҳужум уюштиради.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Покистонни озчиликни ташкил этган гуруҳлар учун ўта хавфли бўлган давлатлар рўйхатига киритган.

Пешовар шаҳри Покистон шимолий-ғарбида жойлашган Ҳайбар Пахтунхва вилоятининг маркази ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG