Линклар

Яккабоғ туманида яшовчи Жамолиддин Ортиқов коллежнинг биринчи курсига борадиган жияни Меҳринисо Зиёдуллаевани пахтадан олиб қолгани учун маҳаллий расмийлар босими остида қолганини айтмоқда. У 22 сентябр куни ўзига қарашли Nexia автомобили ички ишлар ходимлари томонидан олиб қўйилганидан арз қилди.


Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Маданият қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Жамолиддин Ортиқов туман ички ишлар органи ходимлар устидан шикоят қилиб, Озодликка боғланди.

Ортиқовга кўра, милиция ходимлари 22 сентябр куни унга қарашли Nexia русумидаги автомобилни асоссиз равишда олиб қўйган.

- Мен Яккабоғ шаҳри яқинидаги автомойкани ижарага олиб ишлатаман. Бугун ДАНнинг икки нафар ходими мойкага келиб, менга қарашли Nexia русумидаги автомобилни асоссиз равишда олиб кетди. Кейин жиянимнинг номига протокол тузиб: "Бизга прокурор шунақа буйруқ берган, бу машина прокурорнинг машинасини катта йўлда обгон қилиб ўтибди", депти, - дейди Жамолиддин Ортиқов.

Жамолиддин Ортиқов ички ишлар ходимлари келтирган бу важни шунчаки расмиятчилик учун айтилган баҳона, асл сабаб эса коллеж ўқувчиларини пахта олиб чиқишга ошкора қаршилик кўрсатганида, деб ҳисобламоқда.

- Яккабоғдаги Иқтисод коллежининг 1-курсига ўқишга кирган жиянимни пахтага мажбурий олиб кетамиз, деб 19 сентябр куни бир милиция ходими, коллеж домласи, маҳалла котиби, 45-мактаб директори — беш-олти киши акамнинг уйига кириб, дўқ-пўписа қилган. Мен қарши чиқиб, жиянимни пахтага жўнатмайман, дедим. Шунда милиция ходими: "Сен давлат сиёсатига қарши чиқаяпсан, автомойкангни ёптириб ташлайман!" деди, - дейди Жамолиддин Ортиқов.

Жамолиддин Ортиқов жиянини пахта теримига юбормагани сабабларини шундай келтирди:

- Биринчидан шароит йўқ, борганлар чидолмай қайтиб келяпти. Бу қиз бола бўлса, ёш бўлса! Иккинчидан, яқинда ангинасини олдирган, ўзи нозиккина қиз. Шунинг учун ҳам нима қилса қилсин, бормайди, деб туриб олдим, - дейди Жамолиддин.

Ички ишлар ходими ва коллеж ўқитувчиларию маҳалла ходимларидан иборат махсус гуруҳнинг зуғумига қарамай, соғлиги заиф бўлган 14 яшар жияни Меҳринсони теримга жўнатмаган Жамолиддин Ортиқовнинг Nexia автомобили айни пайтда Яккабоғ тумани ички ишлар бўлимида қолмоқда.

Озодлик мухбирининг бу бўлимга қилган мурожаати ҳозирча жавобсиз қолди.

Яккабоғ тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиси эса тумандаги 11 та коллежнинг ҳаммаси ўқувчиларини пахтага олиб чиққанини тасдиқлади.

Бироқ, махсус гуруҳнинг уйма-уй юриб, хаста ўқувчиларни ҳам пахта теримига чиқишга мажбурлаётгани ҳақидаги маълумотларга изоҳ бермади.

Аммо, бу кампанияда иштирок этаётган Маданият қишлоқ фуқаролар йиғинининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими бу кампания юқоридан келган топшириқ асосида олиб борилаётганини айтди.

"Биз шу уйма-уй юриб, пахта теримига одам олиб чиқаяпмиз, синглим. Хонадонлардан одам теримга чиқиши керак. Энди коллеж ўқувчилариям чиқсин, дейилган бизга. Мен бир буйруқни бажараётган одамман, синглим", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда маҳалла фуқаролар йиғини ходими.

Жамолиддин Ортиқовга кўра, унинг 14 яшар жияни Меҳринсо каби теримга зўрланаётган ўқувчилар сони аслида кўпчиликдир ва бу болаларни далага чиқариш учун куч қўлланмоқда.

- Ўша куни ҳамсояларникига ҳам киришган. Ҳожатхона, подвалларгача қарашган. Ҳатто, акамнинг уйида шу куни ёлғиз қолган 6-синфда ўқийдиган кичкина қизига: "Опанг қаерда, бўлмаса, ўрнига сени олиб кетамиз!" деб дўқ қилишган экан, бечора бола қўрққанидан касал ётибди, ҳозир. Қўшни дўхтир кириб, осма укол қилаяпти ҳар куни, - деди Жамолиддин Ортиқов.

Яккабоғ шаҳрида автомобилга хизмат кўрсатиш шоҳобчасини ижара олиб ишлатаётган Жамолиддин Ортиқов бир вақтлар ушбу тумандан туриб, маҳаллий ва халқаро ахборот воситаларида чиқиш қилган мустақил журналист Асадулло Ортиқовнинг 4 ўғлидан бири эканини айтади.

- Отамиз ҳақ гап учун курашган журналист бўлган. У киши вафот этиб кетганидан кейин ҳам бизнинг ўз ҳаққимиз учун қилган ҳаракатларимизга тўсқинлик давом этаяпти. Бугун машинамни олишди. Аслида бундан олдин ҳам прокуратура ёки ҳокимият бизга турли майда тўсқинликлар қилиб келган, - деди Жамолиддин Ортиқов.

Асадулло Ортиқов 2005 йилда оғир хасталикдан сўнг оламдан ўтган.

У киши 1997-2005 йиллар оралиғида Қашқадарё вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий-сиёсий муаммолар тилга олинган кескин танқидий чиқишлари билан хорижий ахборот воситалари, хусусан, Озодлик дастурларида ҳам иштирок этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG