Линклар

Air France йўловчи самолёти бортида 1 тоннадан ортиқ кокаин топилди


Венесуэла ҳуқуқ-тартибот идоралари йўловчи самолёт бортига ортилган ва Францияга йўлланган катта миқдордаги кокаинни аниқлади.

Самолёт ҳавога кўтарилиши билан мамлакат миллий армиясида хизмат қиладиган уч аскар қўлга олинди.

Айбловга кўра, булар Каракасдан Парижга учиши керак бўлган йўловчи ташувчи самолёт бортига 1 тоннаю 300 килограмм тоза кокаинни юклаган.

Самолёт Парижга қўнганидан сўнг эса француз полицияси кокаинга алоқадор кўрилган яна 6 кишини ҳибсга олди. Буларнинг уч нафари Италия, яна 3 нафари эса Буюк Британия фуқароларидир.

Венесуэла расмийларидан иқтибос келтираётган мамлакат нашрлари нархи қарийб 200 миллион евро бўлган кокаин самолётда бўлмаган йўловчилар номига қайд этилган юк сумкаларда бортга ортилганини ёзмоқда.

Франция Ички ишлар вазири Мануэль Вальс ноқонуний йўллар билан олиб ўтилиши тўхтатиб қолинган кокаин миқдорини мамлакат адлияси тарихида қайд этилган энг йирик миқдор, деб баҳолади.
XS
SM
MD
LG