Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:33

ДНК тести Исломда жинсий тажовузга далил бўлиши мумкин


Покистонда Ислом уламолари кенгаши ДНК тести натижасини гуноҳи кабира саналган жинсий тажовузга далил сифатида қабул қилишга қарор қилди. Покистон аёллар тез-тез жинсий тажовуз қурбони бўладиган, жиноятчилар эса, одатан жазосиз қоладиган давлатлардан биридир.


Покистон қонунчилигига биноан жинсий тажовузга учраганини иддао қилган фуқаро тўрт киши — ҳаммаси катта ёшда ва мусулмон бўлган тўрт эркакни гувоҳ қилиб келтириши керак.

Шундагина бу даъво судда кўрилиши мумкин.

Жиноятдан далолат бериши мумкин бўлган ДНК тести эса қўшимча далил бўлиши мумкин, аммо ёлғиз бўлгани ҳолида бу далил ишнинг судга ошиши учун етарли ҳисобланмайди.

Бироқ, 23 сентябр куни Покистон уламолар кенгаши жинсий тажовуз содир этилган тақдирда ДНК тестини далил сифатида қабул қилиш таклифини маъқуллади.

Кенгаш томонидан эълон қилинган пресс-релизда уламолар маъқуллаган қарорни амалда жорий қилиш масаласини ҳукумат ҳал қилиши айтилган.

Шу йилнинг май ойида покистонлик уламолар кенгаши қарийб 1 минг 400 йил аввал нозил бўлган Қуръон асосида юритиладиган шариат қонунларини ўзгартириш мумкин эмас, деган баёнот берган эди.

Кенгашга аъзо 20 уламодан бири бўлган Тоҳир Маҳмуд Ашрафий уламолар қарорини ўзгартиргани сабабларини шундай изоҳлади:

- ДНК тести аслида Исломга зид ёки шариатга қарши ҳодиса эмас. Агар судя жинсий тажовузга оид баъзи жиноят ишларида ДНК тести далил сифатида зарур деб топса, у ҳолда буни қабул қилиш ёки қилмаслик масаласини суд ҳал қилсин, деган қарорга келдик, - деди покистонлик уламо Тоҳир Маҳмуд Ашрафий.

Human Rights Watch ташкилотининг Покистондаги бўлими директори Али Даён Ҳасанга кўра, амалдаги қонунчилик талабига мувофиқ тўрт эркак гувоҳни келтириш оғир бўлгани боис, мамлакатдаги жинсий тажовузга оид жиноятларнинг фақат 4 фоизигина очилади.
XS
SM
MD
LG