Линклар

23 сентябр куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой ва Пулгон аҳоли пунктларида яшовчи 50 чоғли киши Япағи ва Водил чегара пунктларини олиб ташлашни талаб қилиб, Пулгон-Қадамжой автойўлини тўсиб қўйишди.


Бу ҳақда Қирғизистон Давлат чегара хизматининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон чегара расмийлари ўтган ҳафтада Ўш-Боткен йўлида жойлашган Водилга чегара бекатларининг ўрнатилиши ҳақида қирғиз томонини расман огоҳлантирганди. Мазкур чегара бекатларининг ўрнатилиши ортидан бу ердан эркин ўтиб юрган ўзбекистонликлар ва қирғизистонликлар борди-келдисига чеклов киритилиши, яъни икки давлат фуқаролари фақат паспорт назоратидан ўтибгина чегарани кесиб ўта олишлари, учинчи давлат фуқароларига эса Водилга кириш тақиқланиши белгиланган. Қирғиз расмийларининг Ўзбекистон чегарачиларига таяниб хабар беришича, учинчи давлат фуқаролари Водилга фақат расмий делегациялар таркибида ёки махсус рухсатнома билан кира олади.

Бу каби чекловлар боткенликлар норозилигига сабаб бўлди ва улар душанба куни йўлни тўсиб қўйдилар. Воқеа жойига етиб келган маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари йўл тўсганлар орасида тушунтириш ишлари олиб боришга уринди.

Шундан сўнг, Қирғизистон Давлат чегара хизмати маълумотларига кўра, чегара хизмати раҳбари Қурманақун Матенов Ўзбекистон МХХ Чегара қўшинлари қўмондони Рустам Эминжонов билан музокара ўтказилган. Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон томонидан қўйилган “Япағи” назорат-божхона маскани ва “Водил-автодорожний” назорат-қайд масканини олиб ташлашга келишиб олганлар.

Ана шундай келишувга эришилганидан хабар топганидан кейин, маълумотларга кўра, Қадамжой-Пулгон йўлини тўсганлар тарқаб кетган.

Қадамжой туман ҳокимининг ўринбосари Жанибек Исақовнинг Озодликка маълум қилишича, ҳозир туманда осойишталик ҳукмрон ва ҳеч қанақа қонунбузарликлар кузатилмаяпти. Расмийлар одамларга Қирғизистоннинг Ўш ва Боткен вилоятларини боғлаб турувчи транзит йўлга юрмай туришни, бунинг ўрнига Пулгон-Кўктала айланма йўлидан юриб туришни тавсия қилганлар. Мазкур транзит йўлнинг 14 километри Ўзбекистоннинг Водил эксклави ҳудудидан ўтади.

Бугун норозилик билдириб чиққан боткенликлар Ўзбекистон исталган пайтда чегараларини бир томонлама ёпиб қўйишини назарда тутган ҳолда, келажакда катта қийинчиликларга дуч келишлари мумкинлигидан хавотир билдирганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG