Линклар

logo-print
Диний-экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумон қилиниб Бекободда қўлга олинган 10 йигитга “Россия ҳудудида диний экстремистик ташкилотга аъзолик” айби қўйилди. Озодлик манбаси берган маълумотга кўра, бу йигитлар Бекобод металлургия комбинатининг шу корхона йўлланмаси билан Москвада ўқиб қайтган ёш мутахассисларидир.


Озодликка Тошкент вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбанинг маълум қилишича, “Диний-экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумон қилиниб ўтган ҳафтада Бекободда қўлга олинган 10 йигит дастлаб 15 суткага ҳибсга олинган, куни кеча айблов эълон қилинди ва улар ҳибсда қолди.

"Қўлга олинганлар иши Тошкент вилоят ички ишлар бошқармасининг терроризмга қарши кураш бўлимига ўтказиб берилган”, деб хабар қилди Тошкент вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба.

Қўлга олинганларнинг исм-фамилиялари ва уларнинг шахсига оид бошқа маълумотларни манба ошкор қилмади.

Бекободдаги Ўзбекистон металлургия комбинати раҳбарияти воқеани шарҳлашни истамади.

Диний-экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланаётганлар билан боғлиқ ишларни кузатиб келаётган ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Бекободдаги сўнгги воқеа мамлакат бўйлаб бир неча йилдан бери олиб борилаётган диндорларга босимнинг сўнгги икки йилда қўлланилаётган янги усулининг бир кўринишидир.

Озодликнинг Бекободдаги ишончли манбаси қўлга олинганлардан баъзилари оиласини яхши билади.

Унинг айтишича, ҳибсга олинган йигитлар Бекобод металлургия комбинатининг шу корхона йўлланмаси билан Москвада ўқиб, бир йил олдин қайтиб келган ёш мутахассисларидир.

Бекободга қайтгач, улар турли оилавий тадбирларини, жумладан тўйларини исломий шаклда ўтказган. Маълум бўлишича, бекободлик йигитларнинг барчаси Москвада битта ётоқхонада яшаган ва ўтган ҳафтада уларнинг уйларида бир вақтнинг ўзида тинтув ўтказилган ва ўзлари қўлга олинган.

Айтилишича, қўлга олинган бекободлик 10 йигит “Россия ҳудудида диний экстремистик ташкилотга аъзо бўлган”.

Диний-экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланаётганлар билан боғлиқ ишларни бир неча йиллардан бери кузатиб келаётган Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Бекободдаги воқеани шарҳлар экан, бундай деди:

- Бекободдаги воқеа фавқулодда ҳодиса эмас. Чунки кўпчиликни бир кунда ҳибсга олишлар икки йилдан бери бўлиб келаяпти. Вилоятларда, шаҳарларда, Тошкент шаҳрида кузатиш мумкин бундай воқеаларни. Мана яқинда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида худди шунақа воқеа бўлди. Олти кишини бир кунда ҳибсга олиб, суд ҳукми ўқилиб, ҳаммаси ҳар-хил муддатга қамоқ жазосини олди. Бундан ташқари Зангиота туманида қўлга олинганлар устидан суд Бўкада ўтказилаëтгани ҳозир маълум. Бу ерда ҳам 7-8 киши. Улар ҳам оммавий ҳибса олинган диний мотивлар билан.

Озодлик: Сиз ҳозир ғалати бир гапни айтдингиз. “Икки йилдан бери бунақа оммавий ҳибсга олишлар давом этаяпти” дедингиз. Биз биламизки, бир неча йилдан бери диний экстремистик мотивлар билан фуқаролар қамалаяпти. Нима учун айнан икки йил деган муддатни тилга олаяпсиз?

- Диний мотивлар билан ҳибсга олишлар ўзи аслида 1998-1999 йилларда бошланган. Лекин унда, масалан, биттаси ҳибсга олинарди. Бир қанча вақтдан кейин иккинчиси, учинчиси, булар бир-бирини танимасди. Ҳозир қўлга олиш методикаси ўзгарганини айтаяпман. Оммавий қўлга олишлар кейинги икки йилда кузатилаяпти. Яъни битта жойда мунтазам йиғилиб, бир-бирини танийдиганлар қамалаяпти, деди Суръат Икромов.

Тошкент вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага кўра, 10 нафар бекободликни қўлга олган терговчилар шу кунда пахта теримида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG