Линклар

Москвада ўтаётган замонавий санъат биенналесида илк бор ўзбекистонлик таниқли фотограф Умида Аҳмедова ва рассом Вячеслав Ахунов асарлари намойиш қилинмоқда. Тадбирда жаҳоннинг 40 мамлакатидан келган 72 санъат усталари иштирок этаяпти.

Москвада ўтаётган замонавий санъат биенналесида илк бор ўзбекистонлик таниқли фотограф Умида Аҳмедова ва рассом Вячеслав Ахунов асарлари намойиш қилинмоқда. Тадбирда жаҳоннинг 40 мамлакатидан келган 72 санъат усталари иштирок этаяпти.


19 сентябр куни Москванинг “Манежка” кўргазма залида бюджети 100 миллион рублга тенг йирик замонавий санъат кўргазмаси очилди.

“Кўпроқ ёруғлик” деб номланган 5- Москва биенналеси иштирокчилари қаторида биринчи маротаба ўзбекистонлик фото санъати устаси Умида Аҳмедова ва таниқли ўзбек рассоми, ёзувчи ва киносценарист Вячеслав Ахуновлар асарлари намойиш этилмоқда.



Умида Аҳмедованинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, у тадбирда ҳали ниҳоясига етмаган “Қайнона-келинлар” деб номланган лойиҳаси билан иштирок этаяпти.

- Мен “Қайнона ва келинлар” проекти устида ишлаётган эдим, Биенналенинг куратори Катрин де Зегер кўриб, “Мен бу расмларни Биенналега қўяман”, деди. “Тугалланмаган-ку!”, десам ҳам, “Менга ёқиб қолди, чунки қайнона ва келинлар ўртасидаги муносабатлар нафақат ўзбекларга тегишли, умуман бутун дунёда долзарб”, деди. Бу ерда икки аёл – келин ва унинг қайнонаси тасвирланган, лекин уларнинг ўртасида эркак киши бор - уларнинг севимли одами. У тасвирга тушмаган, лекин уларни боғлаб туради, дейди Умида Ахмедова.



Мутахасисларга кўра, Москвадаги кўргазмада ўзбекистонлик рассом Вячеслав Ахуновнинг “Тикиш ва бичиш сабоқлари” деб номланган концептуал лойиҳаси ҳам муносиб ўрин олган.

Шунингдек, биеннале лойиҳалари қаторида Умида Ахмедова билан Олег Карповларнинг шов-шувга сабаб бўлган “Бокиралик юки” (2008 йил) ҳужжатли филми нон-стоп кўринишида намойиш этилмоқда.

Кўргазма раҳбари нидерландиялик Катрин де Зегер Озодлик билан суҳбатда биеннале муаллифларига ўзларининг фалсафий, психологик, маънавий ва амалий қарашларини ифода этишга имкон яратиб беришга уринганини айтади.

- Менимча, санъатнинг ўзида доимо улкан ёруғлик энергияси мавжуд бўлади. Менга Маяковскийнинг поэмаларидан бирида айтилган “доимо ёруғлик тарат, ҳар ерда ёруғлик тарқат – мана мен ва Қуёшнинг шиори!” гаплари жуда ёқиб қолди. Бу ҳақиқатан тўғри, чунки санъат доимо ёруғликка бошлайди, дейди Катрин де Зегер.

Москвадаги 5- Замонавий санъат биенналеси 20 октябрга қадар давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG