Линклар

Ноқонуний муҳожирларга қарши кураш баҳонасида Россиянинг Сочи шаҳрида чинакам этник тозалаш ишлари бошланди. Бу ҳақда Озодликка маҳаллий ҳуқуқ фаоллари, адвокатлар ва ҳатто иш берувчилар сўзлаб бердилар. 19 сентябрга ўтар кечаси Сочининг Марказий туман ички ишлар бўлими қўлга олинмиш Ўзбекистон, Тожикистон, Туркия, Арманистон ва ҳатто Россия фуқаролари учун ҳақиқий концлагерга айланди.

Гувоҳларга кўра, “олимпиада пойтахти”ни чет эллик ишчилардан озод этиш бўйича махсус амалиёт бошланганидан буён ўтган 9 кун ичида полициянинг турли бўлимларига, Адлер, Блиново, Хости махсус қабул-тақсимот пунктларига юзлаб одам келтирилган. Қўлга олинганлар ичида у ёки бу сабабга кўра ҳали Сочида қайддан ўтмаган россияликлар ҳам бор. Полициячилар қўлига тушишдан ҳатто дам олувчи мақоми ҳам қутқариб қололмаган. Одамларни кўчалардан, кафелардан, пляжлардан ва темир йўл вокзалларидан тутиб кетганлар.

Муайян сабабларга кўра ишлайдиган фирмаси номини айтмаган екатеринбурглик Александр Доценко ўтган чоршанба эрталаб соат 8 да доғистонлик ҳамкасблари билан ишга кетиш учун автобусга ўтирган пайтда қўлга олинган. Даставвал унга ҳеч ким эътибор қилмаган, бироқ Доценко ҳамкасбларининг ёнини олганидан кейин уни ҳам ушлаб кетишган. Марказий полиция участкасида Александрга ундан бир иш бўйича шубҳаланаётганларини айтганлар.

- Бизни ҳужжат текшириш баҳонасида ушлашди, бу текширув кўп вақт олмаслигини айтишди, - дейди екатеринбурглик ишчи, - бизни 300-500 чоғли одам турган ҳовлига олиб киришди. Кўплар у ерда икки-уч кундан бери ўтирган экан.

Доценко ички ишлар бўлимига олиб келинган қарийб ҳамманинг бармоқ изларидан нусхалар олинаётганини ва полициячилар бу иш шахсни аниқлаш учун қилинаётганини айтганларини таъкидлайди. Александрга кўра, у ерга келтирилган ҳар бир кишига одамларни икки сутка мобайнида ушлаб туришга ҳақлари борлигини айтишган. Одамлар очиқ осмон остида озиқ-овқатсиз ва сувсиз суткалар қолиб кетмоқда.

Чоршанба куни туни билан Марказий туман полиция бўлими олдида ҳуқуқ фаоллари, адвокатлар, қўлга олинганларнинг яқинлари ва ҳатто ўз ишчиларига егулик, кийим-бош, уларнинг Сочида юришлари қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб кетган иш берувчилар навбатчилик қилиб чиққанлар.

Адвокат Александр Попков ва “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг “Муҳожирот ва ҳуқуқ” тармоғи мувофиқлаштирувчиси Семён Симоновнинг Ички ишлар бўлими бошлиғи билан учрашишга уринишлари мутлақо фойда бермаган.

- Бизни узоқ вақт сарсон қилишди, олдимизга аввал ИИБ бошлиғи, кейин эса унинг муовини чиқишини ваъда қилишди. Пировардида биз билан ҳеч ким гаплашишни истамаслиги маълум бўлди, - дейди адвокат Попков.

Унга кўра, Сочида “ҳужжатлар ва шахсларга қарамасдан, тийиқсиз тозалаш” иши кетмоқда. Турли миллат вакиллари бўлган кишилар, шу жумладан, россияликлар 4 кундан 7 кунгача миршабхонада қолиб кетаяпти. Чет элликлар ишлайдиган фирма ва ширкатлар вакиллари туни билан ИИБга қўлга олинган муҳожирлар Сочи ҳудудида қонуний юргани, тегишли лицензия ва иш шартномасига эгалигини тасдиқловчи ҳужжатларни ташиганлар. Бироқ уларнинг гапига ҳеч ким қулоқ солмаган.

Астраханлик Заир Исаев ва Руслан Мустафаев Сочига бор-йўғи уч кунга келганлар. Чоршанба куни эрталаб улар уйларига қайтиши керак эди. Аммо улар эрталабки автобусга чиқишга улгурмаганлар. Автобус жўнашидан бир соат олдин полициячилар Гагарин кўчасидаги уйларда облава уюштирганлар. Автовокзалга отланган Заир ва Русланнинг ҳам омади чопмай, полициячиларга дуч келганлар.

Заир Исаев ўзларининг расмий важ билан ушланганларини, полициячи ва казаклар паспортларни текшириб, ўша заҳотиёқ қўйиб юборишга ваъда берганларини айтади. Аммо астраханлик бу икки киши ҳам Марказий туман ИИБга олиб кетилган ва тунги соат иккигача ушлаб турилган.

- Бизни олиб киришганида у ерда 200 тача одам бор эди, - дея эслайди Исаев. – Биз кирган жой очиқ ҳовли эди. Ўша куни Сочида кун бўйи ёмғир ёғди ва одамлар ўн соатлаб шу ёмғир остида қолиб кетишди. У ерда биз кўплаб аёллар ҳам борлигини кўрдик.

Заир Исаевнинг юртдоши Руслан Мустафаев Марказий туман ИИБ ҳудудида қўлга олинганлар пирожка ва шарбат сотиб олиши мумкин бўлган дўкон борлигини, аммо ёнида пули бўлмаганлар суткалаб оч қолиб кетганини айтади.

- Ҳовли ичида кашандахона бор экан. Ҳаммамизни ўша кашандахонага ҳайдаб кириб, ўша ерда тутиб туришди. Кашандахона олдида дўкон ўрнатилган экан. Ўша жойдан пирожка ва сосиска сотиб олиб, фақат шу билан қорин тўйдирдик, - дейди Мустафаев.

Бир неча соатлик қаршилик ҳамда қўлга олинганлардан бирор киши билан учрашиш уринишлари самара бермагач, “Муҳожирот ва ҳуқуқ” тармоғи мувофиқлаштирувчиси Семён Симонов одамлар ўғирлангани ҳақида Сочи прокуратурасига ариза ёзган. Унга кўра, бу Сочи расмийлари, полиция, казаклар ва миграция хизматини этник тозалашга ўхшаган облавалардан воз кечишга мажбур қилувчи ягона чора бўлган.

- Полиция вакилларига қўлга олинганлар рўйхатини бериш илтимоси билан мурожаат қилганимизда, бизга: “ИИБ ҳудудида ҳеч қанақа қўлга олинган одам йўқ”, дейишди. У очиқдан-очиқ ёлғон эди, - дейди Симонов. – Очиқ жиноятни яширишга бу уриниш мени одамлар оммавий равишда ўғирлангани ҳақида ариза ёзишга мажбур қилди. ИИБ олдида қўлга олинганларнинг яқинлари, дўстлари йиғилганди. Улар бир овоздан полиция участкаси сал бўлмаса концлагерга айлантирилгани ҳақида гапира бошладилар. Муҳожирларни ИИБга қандан олиб келаётганини биз ўзимиз ҳам кўрдик, - дейди “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Симонов.

Айни пайтда ҳуқуқ фаоли расмийлар одамларни уч соатдан ортиқ қанақа ғайриинсоний шароитларда тутиб турганларини яширишга уринаётганини тахмин қилади.

Қўлга олиш жараёнининг ўзига келсак, Симоновнинг гувоҳлик беришича, полициячилар оломон орасидан европача қиёфали бўлмаганларни атай ушлаяптилар ва ҳеч қанақа важ-карсонга қулоқ солмай, нафақат Сочидаги, балки, Адлер, Блиново, Хости ва ҳатто Лазерев туманидаги ноқонуний муҳожирлар вақтинча сақланадиган махсус изоляторларга жўнатмоқдалар.

Полициячиларнинг ўзлари уларга кавказча қиёфали шахсларни ушлаш топшириғи берилганини эътироф этмоқдалар.

Сочидаги Марказий туман ИИБ раҳбарияти билан боғланишга оид қатор уринишлар самара бергани йўқ. Пайшанба куни эрталабдан участка ҳовлиси бўшаб қолганди. Сочилик кузатувчилар қўлга олинганларнинг кўпи махсус амалиёт кўламини жамоатчиликдан яшириш учун полициянинг турли бўлимларига тақсимлаб берилганини тахмин қилмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG