Линклар

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги Туркистон жамоа хўжалигида пахта тераётган тиббиёт ходимлари ётоқ жойини сичқон босиб кетгани боис соғлигига хавф туғилганидан арз қилдилар. Хўжаликдаги "Ўзбекистон" шийпони ва "Юбилейний" клуби биносига жойлашган ишчи-теримчилар ётоқ шаротининг ўта оғирлигидан нолиди.

Озодликка Қашқадарё вилоятидан электрон мактуб ёзган ва исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган манба Муборак туманида пахта тераётган вилоят тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар ўта оғир шароитда ётоқда қолаётганини баён қилди.

Бу манбанинг ёзишича, Муборак туманидаги 200 нафардан ортиқ қашқадарёлик ўқитувчи жойлаштирилган собиқ "Юбилейний" киноклубидаги аҳвол тунашга ярагулик эмас.

"Клубнинг ертўласини сичқон босиб кетган. Ётоққа киришимиз билан гуп этиб ҳиди урилади. Кечаси билан кўрпаларимизни, овқатларимизни оралаб ташлайди. Кечаси камида 4 марта туриб, сичқон қувалаб юрамиз. Кундузи тинмай пахта тер, кечаси сичқон қувала-қувала бўлиб ётибди бу ёғи. Илтимос, шу масалани ҳал қилишнинг иложи борми", деб ёзди қашқадарёлик муштарий.

Озодлик мухбири бу мактуб ортидан Муборак туманидаги мутасадди идораларга боғланди ва расмийларнинг бу муаммодан хабари борлигини аниқлади.

Муборак тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиси тумандаги Туркистон жамоа хўжалиги ҳудудида жойлашган бу клубдан сўнгги бир неча йил ичида теримчилар учун ётоқ жойи ўрнида фойдаланилаётганини айтди.

"Бу клубда ҳамма шароит бор. Залига аёлларга ёғочдан катта ётоқ жой қилиб берилган. У ерга қандай қилиб чиқади сичқон. Ҳа энди подвалида бўлиши мумкин сичқон. Лекин жуда унақа ухлатмайди, дегани ёлғон-эй", дея эътироз билдирди Муборак тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мутасаддиси.

Аммо, ушбу туманда жойлашган "Ўзбекистон" шийпонида ётоққа жойлашганини айтган қаршилик шифокорлардан бирининг айтишича, сичқон муаммоси бу шийпондагиларнинг ҳам тинчини бузмоқда.

"Эээ, бор сичқон. Борда. Кечаси билан кўрпа-тўшакни оралаб, ҳаммани безор қилиб юборди. Пишак олиб келган эдик, пишагам қочиб кетди. Энди сичқон тўлиб ётибди. Йўқотиб бўлмаяпти", деди исмини ошкор қилмаётганимиз бу шифокор Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Кузги мавсумда дала-даштдаги кемирувчилар, одатан турли юқумли касалликларни тарқатиши мумкин. Буни яхши тушунган шифокор ҳар йили пахта терим мавсумидагина одам кирадиган бу шийпонлардаги ҳайвонлар янада хавфли бўлишини айтади.

"Касаллик тарқатиши мумкин энди, бу бор гапку. Лекин буларни ҳозир дорилаб бўлмайдида. Биринчидан, дорини полнинг тагига қўясиз, сичқон ўлса ҳамма ёқ сасиб кетадику?! Кейин дори еган овқатларни оралаб юборсачи?!" дейди шифокор.

Муборак туманида ётоқда ётиб пахта тераётган ишчи-теримчиларнинг бу ҳикояларидан ҳашарчи-теримчилар учун ажратилган ётоқ шароити ўта оғир аҳволда эканини англаш мумкин.

Озодлик мухбири "Юбилейний" клубида ўтган йили ётоқда бўлган қаршилик ўқитувчи билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди яна баъзи тафсилотларни аниқлади.

Маълум бўлишича, ҳашарчи-теримчиларга ажратилган ҳар икки ётоқ йилнинг пахта теримидан бошқа мавсумларда омборхона вазифасини ўтайди.

Бу омборларда эса қишлоқ хўжалиги учун зарур маҳсулотлар ҳам сақланади ва қаршилик ўқитувчига кўра, шу боис ҳам бу жойларда турли кемирувчи жониворлар кўп бўлади.

"У клуб бир вақтлар кино клуб бўлган. Ҳозир бир неча йилдан бери ишламайди, фақат шу бизга ўхшаган ҳашарчиларга ётоқ бўлади. Катта залига аёлларга жой қилиб берган. 2 метрлик баландликда, катта ёғоч каравот ўзиям. Ҳар жой, ҳар жойида нарвон. Кейин бу зални айланасига бир иккита хоналар бор. У хоналарда энди эркаклар ётади. Ўтган йили ҳам сичқон роса безор қилган опа. У ҳар йилги гап у опа", деди Озодликка овозни ёзиб олмаслик ва исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган қаршилик ўқитувчи.

Муборак туманидаги "Юбилейний" клубидаги теримчилар ётоғидан Озодлик таҳририятига баъзи фотосуратлар ҳам келди.

Суратда зах босган ер устига тўшалган брезентга ўрин-кўрпалар солингани, уйқуга ётиш арафасида экани кўриниб турган бир неча теримчининг эса кўрпасини ағдар-тўнтар қилиб, сичқон қувлаётгани акс этган.

Аммо, ётоқдаги ишчи-теримчилар ўз хавфсизлиги нуқтаи назаридан бу суратларни эълон қилмаслигимизни сўрадилар ва Озодлик бу суратларни чоп этмади.

Пахта терими авжига чиқаётган шу кунларда пахта далаларидаги ётоқ шароити ва терим билан боғлиқ хабар ҳамда маълумотларни Озодликка йўлланг!

Манзилларимиз:

WhatsApp + 420 608 549 460
E-mail:
ozodlikmail@gmail.com
Skype: Ozodskype

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG