Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:20

ILO: Ўзбекистонга борган экспертларимиз тажрибасига ишонинг!


Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани 70-мактаб ўқувчилари пахта тераяпти. 2012-йил.
Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани 70-мактаб ўқувчилари пахта тераяпти. 2012-йил.
Женевада жойлашган Халқаро Меҳнат ташкилоти - ILO экспертлари Ўзбекистондаги пахта майдонини кезмоқдалар. Ташкилот вакилидан олинган маълумотга кўра, 8 гуруҳга бўлинган кузатувчилар республиканинг болалар мажбурий меҳнатига оид ҳисоботларда номи тилга олинган вилоятларига боришни режалаган.


Халқаро Меҳнат ташкилоти — ХМТнинг 8 гуруҳга бўлинган экспертлари 23 сентябрдан бошлаб, Ўзбекистон пахта далаларини кезишни бошлади.

БМТ қошидаги ижтимоий адолат ва меҳнат ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланадиган тузилма миссиясининг Москвадаги бўлими матбуот вакили Ольга Богданованинг Озодликка айтишича, расмий мақоми "кузатувчи" сифатида қайд этилган экспертлар пахта мавсуми якунига қадар Ўзбекистонда бўладилар.

- Бу ҳафтада улар ишни бошлагани аниқ. Улар "кузатувчилар" деб аталган. Бу 8 гуруҳ ёппасига эмас, баъзи вилоятларга боради ва турли регионлардаги пахта терими мавсумини кузатади. Ҳар бир гуруҳдаги экспертлари сони ва таркиби аниқланган ҳамда келишилган. Ҳар бир гуруҳда ХМТга қарашли Болалар меҳнатини тугатиш дастуридан кординатор бор. Шунингдек, маҳаллий расмий идоралар ва жамоат ташкилотларидан ҳам вакиллар гуруҳларга бириктирилган, - деди Ольга Богданова.

ХМТ вакилининг таъкидича, бу гуруҳларнинг пахта мавсумида тўплаган маълумотлари ва ҳисоботи миссия якунига етгач, ХМТ қошидаги махсус ҳайъатга топширилади.

- Мен алоҳида таъкидлашни истар эдимки, бу мониторинг 2013 йилнинг июн ойида ўтган ХМТ сессиясида Ўзбекистонда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш ҳолатларига оид баҳс-мунозаралар натижаларига асосланиб ўтказилмоқда, - деди Ольга Богданова.

ХМТ йиғилишида болалар мажбурий меҳнатига қарши курашиб келаётган халқаро ташкилотлар ва ҳукуматлар ҳисоботлари муҳокама қилинган эди.

Хусусан, баъзи ҳисоботларда Ўзбекистоннинг бола меҳнатидан фойдаланилган ҳудудлари номи тилга олинган ва ҳисоботларга фото-видеоматериаллар ҳам илова қилинган эди.

Богданова хоним ХМТ кузатувчилари айнан қайси ҳудудларга бориши ҳақида аниқ маълумот бермади.

- Келинг, яхшиси мониторинг натижасини кутайлик ва натижалар билан яхшилаб танишайлик. Назаримда, бу ҳисоботда сизни қизиқтирган ҳамма саволларга жавоб бўлади, - дея умид билдирди ХМТ вакиласи.

ХМТ экспертлари пахтазорни кеза бошлагани ҳақидаги хабарлар Озодлик блоггерлари томонидан ҳам йўллана бошлади.

Жумладан, Сирдарё вилоятида пахта тераётган теримчи-талаба "WhatsApp Пахтакор" блогига шундай битик юборди:

"... Bmt Sirdaryoda kevoti Zam dekanimiz agar kebqolishsa xoxishimiz bilan keldik sharoitla yaxshodb etasanla db qattu tayinladila...", деб ёзди теримчи блоггер.

Унинг айтишича, пахтазорда пахта тераётган талабалар билан фавқулодда учрашган декан муовини 24 сентябрь кечки соат 5 да халқаро экспертлар келиши ва шунга мувофиқ ётоқ жойларни ҳам тартибга келтириб қўйишни тайинлаган.

Аслида хорижлик экспертларни кутиб олишга тайёргарлик анча илгари бошланган ва бу ҳақда Озодликка ёзаётган блоггерлар, мабодо сўраб қолишса, пахта теримига ўз ихтиёри билан чиққанини айтиш тайинланганини ёзмоқда.

Озодлик мухбирлари суриштируви натижасида айрим вилоятлардаги маҳаллий ҳокимиятлар вакиллари ҳам теримчилардан келаётган бу маълумотларни тасдиқлаган эди.

Шу боис, таркибига ўзбек расмийларини қўшган ва мониторинг шартларини Ўзбекистон ҳукумати билан аввалдан келишиб олган ХМТнинг Ўзбекистонга кутилган сафарини "қуруқ расмиятчилик" дея танқид қилаётганларга жавобан Ольга Богданова аниқ-тиниқ қилиб таъкидлади:

- Ўйлайманки, бу ўринда бизнинг экспертларимиз, шу жумладан, гуруҳлардаги бошқа халқаро экспертларнинг бу борадаги тажрибасига ишонишимиз керак. ХМТда дунёнинг турли давлатларида йиғилган бой тажриба бор. Афсуски, бола меҳнатидан мажбурий фойдаланиш амалиёти дунёнинг аксар давлатларида бор. Бу халқаро жамоатчилик ҳал қилиш мажбуриятини зиммасига олган муаммолардан бири, - деди Ольга Богданова.

ХМТ вакилининг яна таъкидлашича, бола меҳнатидан мажбурий фойдаланиш муаммоси энг кўп кузатилаётган давлатларнинг аксарияти Осиё ва Тинч океани ҳавзасида жойлашган.

Ҳозирга келиб дунёнинг аксар давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам 1999 йилда қабул қилинган 182-рақамли "Болалар мажбурий меҳнатининг энг оғир кўринишлари"га оид халқаро конвенцияни имзолаган.

Ана шу ҳужжатдаги мажбуриятлар доирасида дунё давлатларига ҳисоб беришга мажбур қолаётган Ўзбекистон ҳукумати пахта далаларида болаларнинг эксплуатация қилинишини йиллар давомида рад этиб келади.

Бунинг устига, мажбурий меҳнат юзасидан ўзи мониторинг олиб боришини иддао қилиб, ХМТ экспертларини ҳам Ўзбекистонга киритмаётган эди.

Аммо, хорижлик экспертлар мамлакат пахтазорларини кеза бошлаган 2013 йилги пахта йиғим-терими мавсумининг илк ҳафтасидаёқ уч киши пахта даласида нобуд бўлди.

15 сентябр куни Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига теримчилар терган пахта тагида бўғилиб ўлган.

Қарши Давлат университети Тарих факультети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябрь куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди.

9 сентябрь куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG