Линклар

Журналист Сергей Наумов адвокати билан учраштирилмаяпти


Урганчлик мустақил журналист Сергей Наумов.

Урганчлик мустақил журналист Сергей Наумов.

21 сентябр куни хоразмлик милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва айни пайтда Урганч шаҳар ички ишлар бўлимининг қабул-тақсимот пунктида ушлаб турилган мустақил журналист Сергей Наумовнинг адвокатлари у билан учрашишга муваффақ бўлолмаяптилар.


Бу ҳақда Озодликка Наумов ҳимоясини зиммасига олган Тошкентдаги адвокатлик идораси раҳбари Сергей Майоров маълум қилди.

Адвокат Майоровга кўра, хоразмлик мустақил журналист ҳимояси билан бевосита шуғулланаётган ҳамкасби Умидбек Давлатов кеча Урганчга етиб борган, бироқ...

- Афсуски, бизга ҳалигача Сергей Наумов билан учрашиш имконини беришмади. Ҳозир адвокатимиз ҳуқуқ-тартибот идораларига тегишли талабномалар ёзаяпти ва Наумов 12 суткалик ҳибсга ҳукм қилинган маъмурий иш материаллари билан танишишга ҳаракат қилаяпти, - деди Сергей Майоров.

Эслатиб ўтамиз, журналист Сергей Наумов 21 сентябр куни маҳаллий милиционерлар томонидан тутиб кетилган ва ўтган 4 кун ичида унинг қаерда экани номаълумлигича қолаётганди. 24 сентябр оқшомига келиб унинг Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича судлангани, унга 12 суткалик ҳибс шаклида жазо тайин қилингани ва айни пайтда журналист Урганч шаҳар ички ишлар бўлими қабул-тақсимот пунктида ушлаб турилгани маълум бўлди.

Хоразмлик мустақил журналистни жавобгарликка тортган суд қарори билан танишишга муваффақ бўлганини айтган адвокат Майоров маҳкамадаги айрим тафсилотларга тўхталди.

- У ерда Сергей [Наумов] кечқурун шаҳарда (Урганчда – таҳр.) кетаётиб, фуқаро Матёқубовага шилқимлик қилгани, уни сўккани, шу сабабли суд унга 12 суткалик ҳибс шаклида жазо тайинлагани айтилади, - дер экан адвокат Майоров журналист Наумов маҳкама чоғида ўзига юкланаётган айбловларни тан олмаганини қўшимча қилади.

“Сергей Наумовга қўйилаётган айбловлар нақадар асосли, деб ўйлайсиз?” деган саволимизга адвокат Майоров: “Бунга ҳозирнинг ўзида жавоб беролмайман”, деди.

- Бугун адвокатимиз маъмурий иш материаллари билан танишаяпти. Шундан сўнг биз [Сергей Наумовга қўйилган] айблов ўз исботини топган-топмагани ҳақида ўз баҳоимизни берамиз, - деди адвокат Сергей Майоров.

Тўрт кун муқаддам хоразмлик милиционерлар томонидан олиб кетилган 50 ёшли Сергей Наумов Ўзбекистонда истиқомат қилаётган оз сонли мустақил журналистлардан биридир. У ўтмишда қатор маҳаллий ва хорижий нашрлар билан ҳамкорлик қилиб келган.

Мустақил журналистнинг ҳибс этилиши халқаро жамоатчилик хавотирига сабаб бўлмоқда. Бу каби хавотирлар акс этмиш баёнотлар, хусусан, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро Амнистия ва Ҳюман Райтс Уотч каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи нуфузли ташкилотлар томонидан тарқатилган.

Жумладан, "Чегара билмас мухбирлар" хоразмлик журналист уйдирилган айблов қурбонига айланиши эҳтимолидан ташвиш билдирган.

Халқаро Амнистия ташкилоти Сергей Наумов қийноқ ва таҳқирлашларга дучор бўлиши мумкинлигидан хавотирда.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти эса Ўзбекистон расмийлари журналистга барча процессуал ҳуқуқлардан фойдаланиш имконини беришлари лозимлигини таъкидлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG