Линклар

Обама ва Руҳоний Ню - Йоркда учраша олмади


Эрон томони "мураккабликлар мавжудлиги важидан" Обама ва Руҳоний учраша олмаслигни билдирди.

Эрон томони "мураккабликлар мавжудлиги важидан" Обама ва Руҳоний учраша олмаслигни билдирди.

Эроннинг ядровий дастури бўйича музокараларни қайта тиклаш истиқболларини олқишлаган АҚШ президенти Барак Обама ва Эрон раҳбари Ҳасан Руҳоний БМТ Бош Ассамблеяси йиғини доирасида сешанба куни Ню-Йоркда учрашиш имкониятини бой берди.

АҚШ томони президент Барак Обама Эрон расмийлари билан учрашувга тайёр экани ҳақида баёнот берган эди. Аммо Эрон тарафи "мураккабликлар важидан" учрашувни рад этди.

БМТнинг Бош Ассамблеяси 1979 йилдан буён илк марта АҚШ ва Эрон раҳбарларининг учрашув жойига айланиши кутилаётган эди. Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги дипломатик алоқалар 1980 йилда мамлакатда Ислом инқилоби рўй бергач, узилиб қолган.

Лекин Эрон раҳбари Ҳасан Руҳоний сешанба куни Франция президенти Франсуа Олланд билан учрашди. Франция Эроннинг ядровий дастури масаласида қатъий позицияга эга бўлган АҚШнинг яқин иттифоқчиларидан ҳисобланади.

Руҳоний Эронда июн ойида бўлган президентлик сайловида ғолиб чиққан ва август ойида мамлакат раҳбари курсисига ўтирган эди.

Жаноб Руҳоний БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида, Теҳрон ўз ядровий дастури борасида жаҳоннинг қудратли давлатлари билан келишувга эришишга тайёрлиги, лекин бунинг учун вақт чекланганини баён қилди. Шунингдек у, Эроннинг ядровий қурол яратишга уринаётгани борасидаги иддаоларни рад этди.

– Бундай қуролга Эрон хавфсизлик ва мудофаа тизимида ўрин йўқ, Бу фундаментал диний ва маънавий қадриятлармизга ҳам зид келади, - деди Руҳоний.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши ўз ядровий дастури устида ишлаётган Эронга қарши тўрт марта санкция жорий қилган. Шунингдек, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари ҳам Теҳронни атом қуроли яратаётганликда айблаб, санкция қўллаган.

Бу жазо чоралари оқибатида Эрон иқтисодий равнақи учун муҳим саналган нефт экспорти камайди.

Ўз чиқишида Руҳоний Эрон АҚШ билан музокараларга тайёрлигини таъкидлади. АҚШ президенти Барак Обама ҳам ўз мамлакати Эронни ядровий қурол яратиш уринишларидан қайтариш борасида ҳамон қатъий эканини айтиб, бу масалани дипломатик йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини билдирди.

- АҚШ Эрон атрофидаги хавотирлар тинч йўл билан барҳам топишини хоҳлайди. Айни пайтда биз Эронни ядровий қурол яратиш уринишларидан қайтариш аҳдида қатъиймиз, - деди Обама.

Обама ўз чиқишида Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги ўзаро ишончсизлик чуқур илдиз отгани, лекин мамлакатлар ўртасида жўяли келишувга эришиш имконлари ҳали ҳам мавжудлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG