Линклар

Пахтага бормаслик учун қанча тўлаш керак? Пахтага боргач қанча харажат қилинади? Пахта териб даромад қилиш мумкинми? OzodJavobнинг навбатдаги сонида пахта билан боғлиқ шу каби ҳисоб-китобларни ўрганамиз.

Бу каби саволлар шу кунларда деярли барча пахтакорга айланган пахтазор Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун долзарб. Буни Озодликка бўлаётган кундалик телефон қўнғироқлари, email мурожаатлари ёки WhatsApp орқали бўлаётган мулоқотлардан билиш мумкин.

Бугунги кунда ишчи-хизматчилар, талабаю тадбиркорлар мажбурий равишда пахта теримига ҳайдалаётган бир пайтда кўпчилик пахтага бормасликнинг йўлларини қидираяпти.

Озодлик мухбирининг ўрганишича, пахтага бормаслик йўллари бор, лекин ҳаммаси “пуллик”.

Демак пахтага бормаслик харажатлари:

Талабалар 300 АҚШ доллари эвазига пахтадан қолиши мумкин.

Суҳбатлашганимиз тошкентлик талабага кўра, бу пул декан ёки ректорга узатилади.

“300 долларни курс раҳбари ёки танка орқали деканга берилади. Ёки ректорга берилади. Шу билан пахтага боришдан қутилиш мумкин. Бизда кўпчилик шунча пулни бериб пахтадан қолди”, дейди тошкентлик талаба.

Вилоят олийгоҳларида ҳам пахтадан қолиш учун тахминан шунча миқдордаги пулни деканга узатиш керак.

Суҳбатлашганимиз ҳозирда пахта тераётган андижонлик талаба йигитга кўра, курсдошларининг аксари 300 доллар тўлаб пахтага келмаган.

Сўнгги икки йил давомида Тошкентдаги ишчи-хизматчилар ҳам пахта даласига ҳайдалаяпти.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотига кўра, жорий йилда жами 200 минг пойтахтлик пахта теримига жалб қилинган.

Булар асосан, бюджет ташкилотлари ходимларидан иборат.

Ўрганишимизча, тошкентлик ишчи-хизматчиларнинг аксари пахтага бормасликни маъқул топаяпти.

Тошкентдаги манбамиз маълумотига кўра, масалан пойтахт шифохоналари ходимлари 200 минг сўмдан 400 минг сўмгача пул тўлаб пахтага бормаяпти.

“Тошкентдаги 6-шифохона шифокорлари 400 минг сўм тўлашди. Ҳамширалари эса 200 минг сўм тўлашди. Шу пул эвазига бир ойлик пахтага боришдан қутилишди. Айрим шифохоналар пахта учун ўзларининг фондларидан ҳам пул ўтказаяпти”, дейди манбамиз.

Пойтахт банкларининг ходимлари учун пахтага бормаслик “нархи” эса сал қимматроқ. Тошкентдаги банклардан бирининг ходими исмини очиқламаслик шарти билан айтишича, пахтага бормаслик “нархи” 800 минг сўмгача.

“Бу ҳокимият билан келишишингизга боғлиқ. Келиша олсангиз 600 минг сўмга ҳам пахтадан қолиш мумкин. Лекин кўпчилик 800 минг сўм тўлаб пахтадан қолаяпти. Пахтага борсангиз ҳам барибир шунча ҳаражат қиласиз. Кейин пахта териш ҳам осон эмас. Шунинг учун кўпчилик пахтага бормасдан пулини бераяпти”, дейди банкир суҳбатдошимиз.

Аввалги йиллардан фарқли¸ жорий йилда Тошкент бозорларига ҳам пахтага сафарбарлик эълон қилинди.

Чорсу бозорида савдо қиладиган Жаҳонгир Шосалимовга кўра, бозорчилар умуман пахтага бормаяпти ва бир кунлик пахта терими учун 100 минг сўмгача пул тўлаяпти.

- Тахминан 30 мингдан 100 минггача. Савдо жойига қараб. Бир хилларининг жойи битта, бир хилларининг жойи иккита. Бир хилларининг жойи 3 метр, бир хилларининг жойи 10 метр. Тахминан шунга қараб тўланаяпти пахта учун, дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Тошкент маҳаллаларида ҳам пахтага бормаслик учун одамлардан пул йиғилаяпти. Тошкентлик Абдуманнон акага кўра, пул миқдори ҳар кимнинг иқтисодий имкониятига қараб белгиланаяпти.

- 15 кун 300 минг сўм, бойроқ одамлардан кўпроқдан олишаяпти, дейди Абдуманнон ака.

Озодлик манбаларига кўра, пахтадан қолиш учун тўланган пул икки хил мақсадда ишлатилади: пул берган одамнинг ўрнига мардикор ёлланади ёки шу пулга пахта сотиб олинади.

- Маҳалла котиби билан пахтага кетадиганларга махсус одам белгиланади. Группа сардорими, борингки бригадир денг. Пул ўшанга берилади. У одам билан келишилади. Пул берган одамнинг ўрнига бошлиқнинг ўзи одам топади ëки бормаган одамни ҳам борди ҳисобида 50 килодан пахта сотиб олади ўша 300 минг сўмга ва бу одамнинг номига ëздиради шунча терди деб, дейди тошкентлик Абдуманнон ака.

Ҳозирда Тошкентнинг мардикор бозорларида пахта бориш учун мардикорни бир кунга ёллаш ўртача 40 минг сўмга тўғри келаяпти.

“Бугун мен Қўйлиқдаги мардикор бозорига бордим. Битта мардикорни пахтага жўнатиш учун 40-45 минг сўм сўрашаяпти. Эрталаб 35 минг сўмдан ҳам топиш мумкин экан. Лекин Бугунги кунда Тошкентдаги барча мардикор бозорлари хувуллаб қолган. Ҳаммасини ишчилар пахтага ёллаб жўнатаяпти”, дейди тошкентлик манба.

Пахтага борган ҳашарчиларнинг харажатлари:

Ҳашарчи талаба ва ишчи-хизматчилар учун ётоқ жойи текинга берилаяпти. Лекин бу жойлар омбор ва дала шийпонлари сингари шароити йўқ объектлар бўлгани учун ҳашарчилар қишлоқдаги аҳоли уйларида ижарага яшаяпти.

“Ётоқхонанинг текини бор. Лекин у ерда умуман яшаб бўлмайди. Шароит йўқ. Шунинг учун одамларнинг уйида яшаяпмиз. Ойига 30-35 минг сўмдан тўлаяпмиз”, дейди Жиззах далаларида пахта тераётган тошкентлик талаба.

Ҳашарчилар учун ҳар куни тайёр овқат берилади. Лекин бу овқатга кетган харажат ҳашарчининг терган пахтасидан ушлаб қолинади.

“Ёмон бўлса ҳам ҳар куни овқатимиз бор. Овқат учун ҳар куни терган пахтамиздан ҳар бир кишидан 30 килодан ушлаб қолишади”, дейди Андижон институтларидан бирининг ҳашарчи-талабаси.

Ҳозирги кунда бир кило пахтага 180 сўмдан ҳақ берилаяпти. Шундан келиб чиқиб овқат пулини ҳисоб-китоб қилсак, 30 кило пахтанинг нархи 5400 сўмни ташкил қилади. Демак бир ҳашарчининг бир кунлик овқатининг нархи 5400 сўмни ташкил қилади. Агар ҳашарчи 30 кун пахта терса, овқатининг ўзига 162 минг сўм пул кетади.

Ҳашарчи манбаларимизга кўра, овқат пули учун ҳар бир талабадан 30 кило пахта мажбурий тарзда ушлаб қолинади.

“Лекин биз пиширган овқатини умуман емаймиз. Чунки ҳар куни макарон. Биз қишлоқдаги хонадонларга пул тўлаб овқат пиширтираяпмиз. Масалан¸ учта мантини 1000 сўмга оламиз. Кейин ҳар куни ичимлик сувини ҳам сотиб оламиз. Ҳар куни овқат билан ичадиган сувимизга жами 6000-7000 сўм кетаяпти”, дейди Жиззахда пахта тераётган тошкентлик талаба.

Демак ҳашарчининг 30 куни учун овқатига 210 минг сўм пул сарфланади.

Пахта давридаги ҳаражатларни ҳисоб-китоб қилишда давом этамиз: ҳар бир ҳашарчи пахта териш учун этакнинг бир донасини 5000 сўм баъзи жойларда 6000 сўмдан сотиб олиши лозим.

Шунингдек, ҳашарчилар ҳаммоми бор қишлоқ хонадонларида бир марта душ қабул қилиш учун 3000-4000 сўмдан тўлааяпти.

Ҳашарчилар учун бир кунлик норма ўртача 50-60 кило қилиб белгиланган. Бу нормадаги пахтани тера олмаган талаба пахтани сотиб олишига тўғри келаяпти.

“Бугун мен 21 кило пахта тердим. Яна 20 кило пахтани қишлоқ одамларидан сотиб олдим. Бир килоси учун 200 сўмдан жами 4000 сўм тўладим. Баъзилар тарозибоннинг ўзи билан гаплашиб пахта сотиб олаяпти. Нариги қишлоқда солдатлар ҳам пахта тераяпти. Улар қишлоқ одамларидан бир кило пахтани 300 сўмдан сотиб олаяпти экан”, дейди Жиззахда пахта тераётган тошкентлик талаба.

Энди пахтадан келадиган даромадга тўхталсак:

Агар ҳашарчи кунига ўртача 50 килодан пахта терса, бу бир ойда 1500 кило пахта бўлади. Лекин бундан кунига 30 кило жами 900 кило пахтани овқат пули учун айириб ташлаймиз. Қолган 600 кило пахтани килосини 180 сўмдан ҳисобласак, бу 108 минг сўм бўлади.

Демак ҳашарчининг чўнтагига 108 минг сўм қолади.

Лекин ҳашарчи қишлоқ хонадонларида пиширилган овқат учун бир ойга 210 минг сўм сарфлашини ҳисобга олсак, талаба ўз чўнтагидан қўшимча яна 102 минг сўм тўлаши керак. Яна этак пули, чўмилиш учун душга тўланадиган пул, яна баъзилар ўз ҳисобидан транспортга пул тўлаб ҳашарга бориши, яна пахта мавсуми учун алоҳида олинадиган кийим-кечаклар харажати ҳисоб-китоб қилинса, ҳашарчи пахта териб даромад қилиш ўрнига¸ ҚАРЗДОР бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG