Линклар

Москвада полиция олиб кетган муҳожирлардан дарак йўқ


Москва ва унинг атрофида муҳожирларни "ов"лаш амалиёти давом этмоқда.

Москва ва унинг атрофида муҳожирларни "ов"лаш амалиёти давом этмоқда.

Москванинг Қозон, Ленинград ва Ярослав вокзаллари метро бекатларида 21 сентябр куни соат 13:00 дан 18:00 гача полиция ФМС билан ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайти ушланган қирққа яқин муҳожир тақдири номаълумлигича қолмоқда.Озодлик манбалари полиция уларнинг қаерда эканини айтишдан бош тортаётганини билдирди.

Озодликка бу хабарни тасдиқлаб берган ва ўзини Жаҳонгир деб таништирган ўзбек муҳожирларидан бири ўша куни қўлга олинган ўз яқинларини қаерда эканини аниқлай олмаётганини айтиб берди:

- 21 сентярб куни Москванинг “Уч вокзал” майдонида ушланган муҳожирлар ҳалигача чиққани йўқ. Қонун бўйича икки кунда чиқиб кетиши керак, 21- куни ушланган – ҳозиргача на олдига кира оламиз, на улар ҳақида маълумот беради, қаердалигини ҳам айтишмайди... Уларни метрополитен полицияси Новослободский бўлимига олиб кетган эди. У ердан ҳеч ким маълумот бермаяпти. Бориб сўрасак, “Бу ҳақда маълумот бера олмаймиз”, деб тескари қараб юрвораяпти.

Озодлик сўровига Москва шаҳар транспортдаги 4 - полиция бўлими навбатчиси Макаров бу бўлимда ҳеч қандай муҳожирлар сақланмаётгани, миграция қонунчилигини бузганларга қонун бўйича икки суткада суд қарори чиқарилиб, депортация марказларига юборилишини билдирди.

- Мен ушланганларнинг яқинлари бевосита полиция бўлимининг навбатчисига мурожаат қилишларини сўрайман. Улар ҳақиқатан шу ерга олиб келинган бўлса, жуда бўлмаганда, қаерга юборилганини қайд китоби асосида айтиб беришим мумкин. Гап шундаки, суд қарор чиқарса улар жаримага тортилади ва қўйиб юборилади ёки ФМСнинг депортация марказларига юборилади.

Полицияда, шунингдек, кунига миграция қонунчилигини бузган ўнлаб муҳожирлар олиб келинаётгани ва жавобгарликка тортилаётганини билдиришди.

Озодлик билан боғланган Жаҳонгир полиция ходимлари ушланган ўзбек муҳожирларига нисбатан “безорилик” моддаси асосида маъмурий ишларни сохталаштираётганини гапириб берди:

- Илгари куни уларни судга олиб боришган экан – суд қайтарворган, дўстимнинг чўнтагида шахсини аниқловчи ҳужжат бўлмагани учун. Улар билан ҳозир алоқа йўқ, хавотирдамиз. У ердан қочиб чиққан бир бола айтяптики, улар “икки маротаба мелисани онасидан сўкди”, деб ёзиб берибди, учинчисига документ тайёрлаяпти экан. Уч марта сўкса полиция депорт қилишга ҳаққи борми уларда? Шу ҳужжатларга қўл қўйидиряпти, телефонларини, камарларини олиб қўйган. Қизиғи, тожик, қирғиз, озарбайжонни ушласа тегмаяпти, қўйиб юборяпти, уларни. "Менга ўзбекларни олиб кел, деяпти полиция началниги.



Озодлик таҳририятига Россия, хусусан Москва вилоятининг турли туманларида миграция ва қайд ҳужжатлари жойида бўлган меҳнат муҳожирларининг полицияга олиб келинаётгани ва протокол тузилаётгани тўғрисида хабарлар келишда давом этмоқда.

Шу билан бирга, маҳаллий судлар полиция ходимлари талабига биноан жарима ва депортация тўғрисида асоссиз қарорларни чиқариб бераётгани ҳолатлари кескин кўпайгани кузатилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG