Линклар

Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги 24 сентябр куни Ўзбекистон Дин ишлари қўмитасига йўллаган расмий мактубида Ҳажга борувчи ўзбекистонликлар сони қисқартирилмаганини билдирган. Бундан аввалроқ 2013 йилда Саудия Арабистони дунёнинг барча давлатларидан Ҳаж зиёратига келувчилар сонини 20 фоизга қисқартиргани хабар қилинган эди.

Ўзбекистон дин ишлари қўмитасининг матбуотга билдиришича Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги Ўзбекистондан келадиган зиёратчилар учун квотани 5200 киши деб белгилаган. Ўзбекистон ҳукуматига бу борада жўнатилган расмий мактубда 2013 йилда Ўзбекистондан ҳажга борувчилар сони қисқартирилмагани таъкидланган.

Бундан олдин Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати 2013 йилда Ҳаж зиёратчилари сони 20 фоизга камайгани ҳақида хабар берган эди. Озодлик билан суҳбатлашган мулозимлар чеклов Ҳарам масжидида бораётган таъмир ишлари боис жорий этилганини айтган эди.

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси етакчилигида Мусулмонлар идораси ва маҳаллий ҳокимиятлар ходимларидан иборат махсус ҳайъат 20 фоизлик чекловни, асосан, соғлиги заиф бўлган ва нисбатан кекса ёшли зиёратчилар ҳисобига қисқартирган.

Минг кишининг Ҳаж ибодатидан мосуво бўлмаслигини истаган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур бу чекловга барҳам бериш ниятида Саудия Арабистони Ҳаж вазирлигига мурожаат қилгани айтилган.

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Саудия Ҳаж вазири ва Саудия Маданият ва туризм вазири билан учрашиб, Ўзбекистон мусулмонларининг Ҳаж квотасини қисқартирмасликни илтимос қилгани билдирилди.

Бу талабларни инобатга олган Саудия қироли девони мулозимлари "ўзбекистонлик ҳожилар ўтган йили қанча келишган бўлса, бу йил ҳам шунча келаверсин деган хулоса чиқарган.

Бу хулоса 24 сентябр куни куни Ўзбекистон дин ишлари қўмитасига келиб тушган мактубда ўз аксини топди.

Мактубда аётилишича, Макка шаҳридаги Ҳарам масжидида бораётган қурилиш ва таъмир ишлари боис дуёнинг барча давлатларидан бораётган ҳожилар сони 20 фоизга қисқартирилгани ўзбек ҳожиларига тааллуқли эмас.

Маълумки, Саудий Ҳаж вазирлиги томонидан дунёнинг мусулмон давлатларидаги ҳар 1000 мусулмон учун бир кишидан квота белгиланган.

Россия мусулмонлари Ҳаж вазирлиги томонидан белгиланган квотадан ҳар йили деярли тўлиқ фойдаланади.

Бу давлатда 20 миллионга яқин мусулмон бор ва диний бошқарма ҳар йили 20 минг атрофида зиёратчини Саудияга йўллайди.

Бу мантиқдан келиб чиқилса, Ўзбекистонга 30 минг кишилик квота берилиши лозим эди. Аммо Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси Ҳаж қилувчилар сони 5200 нафардан ошмайди, дея квота белгилаттирган.

Ўзбекистонда Ҳаж зиёрати учун ҳукумат белгилаган ўта чекланган квота боис, 2006-2008 йилдан буён Ҳажга бориш учун навбат пойлаётган мусулмонлар бор.
XS
SM
MD
LG