Линклар

logo-print

Сурия можароси Марказий Осиёга кўчиши мумкинми?


КХШТга аъзо давлатлар президентларининг норасмий Сочи саммити 23 сентябрда бўлиб ўтди.

КХШТга аъзо давлатлар президентларининг норасмий Сочи саммити 23 сентябрда бўлиб ўтди.



КХШТнинг навбатдаги йиғилишида Суриядаги фуқаролар уруши Марказий Осиё мамлакатларига таҳдид солиши мумкинлигидан огоҳлантирган Россия раҳбари Владимир Путин Афғонистон-Тожикистон чегарасида ҳимоя халқасини тузишни таклиф этди. Вазиятни кузатиб бораётган мутахассислар 2014 йилдан кейин бу минтақада вазият кескинлaшиши мумкин, демоқда.

Владимир Путин террорчиликнинг Марказий Осиёга ёйилишидан огоҳлантирди

23 сентябр душанба куни Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти (КХШТ) га аъзо давлат раҳбарлари йиғилишида Россия Президенти Владимир Путин Суриядаги урушининг Марказий Осиёга ва Яқин Шарқ ҳудудларига ёйилиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди:

- Бу мамлакат ҳудудида фаолият юритаётган босмачилар тўдалари ўзидан-ўзи пайдо бўлмаган ва ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмайди. Террорчиликнинг бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга кўчиб ўтиши тўла реалдир ва ҳар бир давлатнинг манфаатларига таҳдид солиши мумкин.

Ўз чиқишида Россия раҳбари ташкилот бўйича ҳамкорларига жаҳонда юзага келаётган таҳдидларга қарши ягона стратегия ишлаб чиқишни таклиф қилди ва “Суриядан тарқаётган террорчилик хуружлари”га биргаликда қаршилик кўрсатишга чақирди.

Ташкилотнинг норасмий тарзда ўтказилган йиғинида аъзо давлатлар (Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон) икки асосий масалани муҳокама қилди: 2014 йилда НАТО коалиция қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши ортидан юзага келиши мумкин бўлган нохуш вазиятлардан сақланиш ва КХШТга аъзо давлатларнинг Сурия масаласидаги ягона муносабатини шакллантириш.

Саммит иштирокчилари Россия ҳукуматининг Сурияга оид баёнотларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди ҳамда “Сурияда ва унинг атрофидаги вазият” ҳужжатини якдиллик билан қабул қилди.

Мазкур келишув ҳужжатида “КХШТга аъзо давлатлар Россия Федерациясининг Сурия инқирозини фақат сиёсий-дипломатик воситалар ёрдамида бартараф этиш зарурлигига оид ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши” ва шу йилнинг сентябрида Суриядаги кимёвий қурол ишлатилиши масаласида Женевада имзоланган АҚШ-Россия таклифлари амалга оширилиши тарафдори экани қайд этилди.

КХШТ жанубий чегараларни мустаҳкамлайди

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти аъзолари 2014 йилда НАТО қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши муносабати билан афғон-тожик чегарасини мустаҳкамлашга киришади.

Бу масалага оид ўз қарашларини Озодликка билдирган Москвадаги Иқтисодиёт олий мактаби ҳузуридаги Европа ва халқаро комплекс тадқиқотлари маркази директори муовини, сиёсатшунос Дмитрий Суслов "КХШТ жанубий чегараларини ҳимоялаш учун АҚШ ҳукумати билан муносабатларини яхшилашга мажбур", дейди:

- Афғонистон масаласида Россиянинг АҚШ билан муносабатларни узиши ғирт бемаънилик бўлур эди. Афғонистон бугунги кунда Россия-Америка муносабатларининг ягона ижобий саҳифаси бўлиб қолмоқда. Россия Америка юкларининг Афғонистондан олиб чиқилишини тўхтатиб қўйса кимга яхши бўлади? Россия афғон армиясига техника етказиб бериш ва афғон наркополициячиларини тайёрлашни якунламаса ким зарар кўради? Менимча, энг аввало ўзимиз бундан зарар кўрамиз.

Таҳлилчи фикрича, Афғонистонда вазият ҳақиқатан издан чиқиб кетса, аланга Марказий Осиёнинг иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мураккаб минтақаларига ёйилиб кетади.

Москва Давлат халқаро муносабатлар институтининг Марказий Осиё бўйича эксперти Леонид Гусев Владимир Путин огоҳлантираётган таҳдидлар қанчалик асосли экани тўғрисида Озодлик мухбири берган саволга бундай жавоб берди:

- Ҳақиқатан, мен суҳбатлашган кўплаб ҳарбий таҳлилчилар ҳам можаро Сурия ташқарисига ёйилиб кетса, у ердаги исломчи гуруҳлар Кавказ ва Марказий Осиё чегараларига кўчиб ўтиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Суриядаги аланга нотинч қолаётган Ироқ, умуман, Яқин Шарқ мамлакатларига ўтиб кетишидан Худо асрасин. Қолаверса, 2014 йилда Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши бунинг устига-устак детонатор вазифасини бажариши мумкин. Эслатиб қўйишим керакки, КХШТ таркибига Туркманистондан ташқари деярли барча Марказий Осиё мамлакатлари аъзо: саммитларда иштирок этмаётган Ўзбекистон ҳозирча ташкилотни расман ва тўлиқ тарк этмаган.

Леонид Гусев Афғонистондан келаётган таҳдидларга ҳозирги вазиятда қаршилик кўрсата оладиган ягона сиёсий-ҳарбий блок КХШТ бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Таҳлилчи¸ минтақа ҳудудига кириб келиши мумкин бўлган радикал кучларга иқтисодий жиҳатдан қолоқ Марказий Осиё минтақасида ҳам “хайрхоҳлик” қилувчи аҳоли қатлами йўқ эмаслигини эслатиб ўтди.

Коллектив хавфсизлик кучлари матбуот маркази тарқатган хабарга қараганда, Тожикистон тарафи сўровига биноан КХШТга аъзо давлатлар “3 ойлик муддат ичида ўз имкониятларидан келиб чиқиб Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара қўшинларига беминнат ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиши” белгиланди.

Шу билан бирга, КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа афғон-тожик чегарасига қўшимча ҳарбий кучлар жўнатилмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG