Линклар

logo-print
“Тошвилтранстерминал” уюшмаси департаментининг пахта теримчиларини автобуслар билан таъминлаш вакили Чирчиқ тумани ҳокимини урди.Воқеа гувоҳларининг айтишича, ҳоким автобусларни вақтида ҳашарчиларга етказиб бермагани учун вакилни ҳақорат қилган ва у бу таҳқирга чидай олмай ҳокимга калла қўйиб, бурнини синдирган.

“Тошвилтранстерминал” юк ва йўловчиларни ташиш уюшмаси департаментининг пахта терими ҳашарчиларини автобуслар билан таъминлаш бўйича вакили Шуҳрат Назаров 22 сентябр куни Чирчиқ тумани ҳокими Фурқат Хайруллаевга калла қўйиб, бурнини синдирган.

Озодликнинг Чирчиқдаги манбасига кўра, жанжал туман ҳокимлиги биноси олдида рўй берган:

- Бу воқеа кўпчиликнинг олдида бўлган. Теримчиларни пахтага жўнатиш пайтида. Ҳоким транспорт вакилини нимадир-нимадир деган. Кейин у ҳам футболчи Зиданга ўхшаб, нима деяпсан дегану, бирданига калла қўйган. Ҳокимнинг бурни синиб, болницага тушган, дейди Озодлик манбаси.

Шундан сўнг ҳоким шаҳар милиция бошлиғи Санжар Бобохўжаевга қўнғироқ қилган. Милиция бошлиғи ўз ходимлари билан Шуҳрат Назаровни ҳибс қилгани келган. Бироқ ҳибс амалга ошмаган. Бунинг сабабини Озодлик манбаси шундай деб изоҳлайди:

- Транспортчи вакил ҳам ўзига ишонганлардан экан. У ҳам сразу “криша”сига звонит қилган. Криша начальник милицияга телефон қилган. Ҳеч ким ҳибс қилинмаган. Ҳоким болницага ётиб олган, деди Чирчиқдаги Озодлик манбаси.

“Тошвилтранстерминал” юк ва йўловчиларни ташиш уюшмасининг ўзини таништирмаган вакили ҳам шундай воқеа бўлганини Озодликка тасдиқлади:

- Болницага ҳеч ким ётгани йўқ. Просто озгинагина тушунмовчилик бўлди. Ҳоким озгина лишний нарса айтди. Шуҳрат эса просто бу нарсани кўтармади. 20 минутни ичида ҳамма успокоится қилди. Ҳамма чарчаганда, нервлар чарчаган. Кейин ўзаро келишилди ва шу билан инцидент тугади, деди уюшма мулозими.

Чирчиқ шаҳар ҳокимиятининг ўзини таништирмаган мулозими бу воқеага муносабат билдиришдан бош тортди.

Ўзбекистонда ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахсларнинг ўзидан паст лавозимда бўлган амалдор ва фермерларни уриши¸ ҳақорат қилиши кўп кузатилади.

Жорий йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан жон берган эди.

Яна шу йилнинг апрел ойида Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ўктам Эргашев 19 апрел куни Косонсой туманида ўтказган йиғилишида ўнга яқин фермерни калтаклади.

2012 йилнинг август ойида Жиззах вилояти, Зарбдор тумани ҳокими металлолом йиғиш бўйича вазифани бажаришга ваъда бера олмаган туман Халқ таълими бўлими мудирини калтаклаган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Туроб Жўраев 2011 йилнинг25 октябрь куни Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда 8 та коллеж директорини муштлаб урган эди.

2011 йилнинг сенябрида Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров ҳоким тазйиқларидан сўнг ўз жонига қасд қилган эди.

Тошкент вилояти Янгийўл тумани прокурори Зиёдулла Йўлдошев 2011 йилнинг сентябридв шу туманнинг Убай Муасев қишлоғи маҳалла қўмитаси раиси муовини Зуҳриддин Зокировни пахта теримига етарли одам йиғмагани учун калтаклаган.

2009 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамасининг Жиззах вилоятидаги вакили Ўктам Турсунов фермерлардан бирининг ишидан камчилик топиб,унинг ўзига гўр қаздирган, маҳалла имомини чақиртириб келиб, тирик фермерга жаноза ўқиттирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG