Линклар

Ҳолландиялик дизайнер "абадий телефон" ғоясини илгари сурди


Дунёнинг кўпгина мамлакатлари аҳолиси шу кунларда сотувга чиқарилган янги iPhone 5S телефонлари имкониятларидан баҳраманд бўлаётган бир пайтда¸ ҳолландиялик дизайнер Дейв Хаккенс смартфон бозорида инқилобий ўзгариш ясаши мумкин янги ғояни илгари сурди.


Хаккенс таклиф этаётган Phonebloks деб аталувчи телефон аппарати истаган пайтда ўзгартириб, янгилаб туриш мумкин бўлган бир нечта блокдан ташкил топган.

Бир сўз билан уни телефон-конструктор деб атаса бўлади. Ғилофи ёки экрани эскирса¸ унинг ўрнига янги чиққан кучлироқ ва замонавий версиясини ўрнатиш мумкин.

Камерасининг имкониятлари сизни қониқтирмаяптими, камера блокини истаган пайтда янгисига ўзгартирса бўлади.

Ҳолландиялик дизайнер ғояси мижозларга янги телефонлар кетидан қувмасдан¸ ўз қўлидаги аппаратни замона зайлига қараб янгилаб бориш имконини беради:

- Ҳар куни миллионлаб телефон аппаратлари эскириб қолгани учун ахлатга улоқтирилади. Шу телефонларнинг айрим функциялари ёки имкониятлари эскиргани учун мижозлари янгисини олишга ошиқади. Аслида шу телефонларнинг асосий қисмлари эскирмайдику. Шундай экан уларни ахлатга улоқтирмасдан, фақат эскирган блокларини янгиласангиз¸ қарабсизки энг замонавий телефон қўлингизда¸ дейди Дейв Хаккенс.

Ҳолландиялик Дейв Хаккенс ғоясига кўра, телефоннинг ҳар бир блокини турли фирмалар ишлаб чиқариши мумкин. Телефоннинг экрани Samsung ширкатиники, камераси Sony шикартиники бўлиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда Хаккенс ихтиро қилган Phonebloks деб аталувчи янги смартфон ҳар қандай мижоз истагини қондира олиши мумкин:

- Айтайлик бу сизнинг телефонингиз. Хоҳласангиз унга энг сўнгги камера блокини танланг. Менга камера муҳим эмас, батареяси кучли бўлиши муҳим¸ десангиз, кучлироқ узоққа чидайдиган батарея блокини танлашингиз мумкин. Яъни ҳар бир мижоз чўнтагига қараб телефонни ўзига мослаши мумкин, дейди Хаккенс.

Шунингдек , ҳолландиялик ихтирочи келажакда телефон эгалари янги блок харид қилишлари ва эскисини сотишлари мумкин бўлган Blockstore Интернет дўкончаси очиш таклифини ҳам илгари сурмоқда.

Ҳолландиялик дизайнер Дейв Хаккенснинг янги ихтироси iPhone, Nokia ва Samsung смартфонлари ишлаб чиқарувчиларини анча ҳушёр торттирса¸ ажаб эмас.

Лекин, Хаккенснинг бу ғояси ҳаётга тадбиқ этилиши учун инвесторлар ва ишлаб чиқарувчилар қизиқишини қозониши керак бўлади.

Ҳолландиялик ихтирочи ўзининг Phonebloks саҳифасида телефон фойдаланувчиларни бу ғояни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.
XS
SM
MD
LG