Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:27

Уйланадиган ўзбекистонлик ОИТСга қарши кўрикдан ўтиши шарт


Бу меъёр 24 сентябрь куни кучга кирган “Одам иммун тақчиллиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши кураш тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилган.

Одам иммун тақчиллиги синдроми (ОИТС) га қарши кураш марказлари врачларга кўра, бу касалликка чалиниш ҳолатлари, айниқса, меҳнат мигрантлари орасида кўпроқ кузатилмоқда.


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси жорий йилнинг 7 июнида қабул қилган, Сенат 22 августда маъқуллаган ОИТСга қарши қонун 5 боб ва 28 моддадан иборат бўлиб, унинг муқаддимасида мазкур ҳужжатнинг “касаллик тарқалишига қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиши” белгилаб қўйилган.

Қонунда ОИТВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг асосий йўналишлари сифатида бу курашнинг яхлит тизими фаолиятини таъминлаш, ОИТВга чалинганларни бепул махсус даволаш ва уларни ижтимоий ҳимоялаш, ОИТВ тарқалишининг олдини олиш чораларини амалга ошириш каби қатор йўналишлар белгилаб қўйилган.

Қонуннинг 15-моддасида ОИТВга қарши махсус тиббий кўрикдан мажбурий тарзда ўтказиладиганлар санаб ўтилган.

Қон ва бошқа биологик суюқликлар донорлари, ёши 50 гача бўлган никоҳга кираётганлар, ҳомиладор аёллар, наркотик моддаларни инъекция йўли билан қабул қиладиганлар, ОИТВга чалинган онадан туғилган болалар, қон ва биологик суюқликлар ҳамда одамнинг бошқа органлари билан ишловчи тиббиёт ходимлари, жинсий алоқага кирган шеригида ОИТВ аниқланган шахслар ОИТВга қарши кўрикдан ўтишга мажбур эканлиги қонунда белгилаб қўйилган.

24 сентябрь куни кучга кирган қонуннинг зарурати тўғрисида Жиззах вилояти ОИТС-марказининг врачи билан ўтказганимиз суҳбатдан тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Озодлик саволларига исмини айтмаслигимиз шарти билан жавоб берган врачнинг айтишича, қонун қабул қилингунга қадар айни жараëн юқори ташкилотлар қабул қилган қарорлар асосида олиб борилган:

- Масалан, бир йилдан бери, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси қарори билан никоҳланувчилар ОИТСга қарши тиббий кўрикдан ўтказилмоқда, чунки ҳомиладорлар орасида кўпайиб кетди бу касаллик. Қонун кучга киргандан кейин энди улар 100 фоиз текширилади. Энди яхши бўлди.

ОИТСнинг ҳомиладор аëллар орасида кўпайиб кетганини таъкидлаган мутахассис¸ ўз вилояти миқëсида айрим рақамларни тилга олди:

- Процентларинигина айта оламан. Лекин рақамни айта олмайман. Умумий аҳолига нисбатан 0,01 фоиз. Бугунги кунгача вилоятимизда 9 ой мобайнида 15 та ҳомиладоримизда аниқланган, деди Озодлик билан суҳбатда жиззахлик мутахассис.

Врачнинг айтишича, кейинги йилларда хорижга иш излаб чиқиб кетаëтган ўзбекистонликлар бугунга келиб ОИТВнинг асосий ташувчиларига айланган: олганлар кўп.

- Мигрантлар орасида ҳозир жуда кўпайиб кетди. Мана шу кунгача касаллик аниқланган, дея туриб суҳбатдош бугунга келиб мазкур жараëнни назоратга олиш чоралари йўлга қўйилаëтганини билдирди:

- Ички мигрантлар ҳам текширувдан ўтказилади. Ички мигрант деганимиз қайси? Масалан, вилоятимиздан бошқа вилоятларга ўтиб келганда ҳам ўзларини текширтиришади. Иккинчиси, ташқи мигрант. Ташқи мигрант бу ўзимизнинг Ўзбекистонимиздан бошқа томонларга чиқиб кетган мигрантлар. Ундан кейин депорт бўлганлар алоҳида текширилади, жабр кўрганлар алоҳида текширилади, ҳаммаси президентимизнинг 911-сонли қарори билан қамраб олинган. Ўша ерда 100 фоиз СПИДга текширилсин, деган жойлари бор.

Улар мажбур текширилади. Масалан, ички ишларга, маҳаллаларга бошқа жойларга хат чиқарамиз. Қонуний бориб келганлар 100 фоиз текширилади. Ноқонуний бориб келганлар ҳам бор. Шундай билет олиб, виза қилдирмай ноқонуний кетаëтганлар ҳам кўп. Уларни маҳалла, ички ишлар билан топиб олиб, кейин жойида текширишни йўлга қўйганмиз, деди Жиззах вилояти ОИТС-марказининг исмини айтмаслигимизни сўраган ходими.

“Одам иммун тақчиллиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши кураш тўғрисида”ги қонун 24 сентябрь куни кучга кирди.
XS
SM
MD
LG