Линклар

Ўзбекистонда имтиёзли дори рецептларини бериш тартиби ўзгарди


Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан жорий этилган тартибга кўра, беморга хизмат қиладиган поликлиника қошидаги дорихонада имтиёзли тарзда бериладиган дори бўлмаган тақдирда даволовчи врач дорини бошқа аптекадан олиш учун рецепт ёзиб бериши мумкин.

Вазирнинг беморларни имтиёзли дорилар билан таъминлаш тартибига оид буйруғи Вазирлар Маҳкамаси 2013 йилнинг 22 июлида қабул қилган “Баъзи категорияларга кирувчи шахсларни имтиёзли асосда дори-дармон билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарорига биноан қабул қилинган.

Адлия вазирлиги 17 сентябрь куни расмий қайддан ўтказган буйруқ билан кучга кирган Низомда имтиёзли дорилар учун рецептларни ёзиш, уларни қайд этиш ва улар юзасидан ҳисобот бериш тартиби белгилаб қўйилган.

Ҳужжат мазмунига қараганда, бу тартиб ўта қаттиқдир: поликлиниканинг мазкур масалага масъул ходими врачнинг рецепти ҳамда амбулатория муолажасини олаётган беморнинг имтиёзли дори олишига асос бўлувчи ҳужжатига таяниб, унга мўлжалланган дори учун Талабнома ёзади.

Талабнома поликлиника бош врачи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланиши, унга думалоқ муҳр босилиши лозим. Шундан сўнг имтиёзли дори поликлиника дорихонасидан олинади. Дори беморга берилар экан, у дорини олгани тўғрисида махсус журналга имзо чекиши лозим.

Поликлиниканинг имтиёзли дорилар учун масъул ходими ҳар ойнинг 5 числосигача олинган дорилар тўғрисида ҳисобот топшириши лозим.

Агар поликлиника қошидаги дорихонада имтиёзли тарзда бериладиган дори бўлмаса даволовчи врач дорини бошқа аптекадан олиш учун рецепт ёзиб бериши мумкинлиги ҳам белгилаб ўтилган ҳужжатда.

Аҳолини имтиёзли дорилар билан таъминлаш вазифаси Республика дорихоналар бошқармасининг меросхўри, акцияларининг 36,1 фоизи давлатга қарашли “Дори-дармон” ҳиссадорлик компаниясига юклатилган.

Компаниянинг Тошкентдаги дорихоналаридан бири вакили Озодлик саволларига жавоб берар экан, имтиёзли, яъни бепул дорилар аптекада мавжудлигини билдириш баробарида “имтиёзли дори олишга ҳақли беморларни имкони борича таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз”, деди.

Вазирлар Маҳкамаси 2013 йилнинг 22 июлида қабул қилган “Баъзи категорияларга кирувчи шахсларни имтиёзли асосда дори-дармон билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарорига биноан,

қуйидаги касалликларга чалинган беморлар бепул имтиёзли дори олишга ҳақли:

1. онкологик касалликлар;

2. сил;

3. лепра;

4. диабет;


5. руҳий касалликлар;

6. ОИТВ;

7. юрак клапанини алмаштириш ва органларини алмаштириш амалиётини кечирганлар;

8. парваришга муҳтож ёлғиз пенсионерлар;

9. 1941-45 йиллардаги уруш иштирокчилари ва уларга тенглаштирилган фуқаролар;

10. 1941-45 йилларда меҳнат фронтида ишлаганлар;

11. Чернобиль АЭСи авариясида иштирок этган ногиронлар;

12. байналмилалчи жангчилар;

13. ядровий полигонлар ҳамда бошқа ядровий радиацион объектларда хизмат қилган пенсия ёшидаги фуқаролар.


Юқорида келтирилган категорияларга кирувчи кишиларни имтиёзли дори-дармон билан таъминлаш нақадар муҳим эканлигини қашқадарёлик 81 яшар Темир аканинг ҳикоясидан ҳис қилиш мумкин.

1932 йилда туғилган Темир ака уруш йиллари уруш орти меҳнат фронтида ишлаган. Лекин турли бюрократик тўсиқлар, амалдорларнинг тўрачилиги оқибатида унинг қўлида тегишли ҳужжати йўқ, демак, давлатдан бепул дори ололмайди.

Натижада Темир ака оладиган пенсиянинг катта қисми дорига сарф бўлмоқда.

- Бир ойда ўртача 50-60 минг сўмни дорига сарфлайман. Яқинда Қаршидаги касалхонага йўлланма беришди. У ерда ҳам бепул дегани билан пуллик экан. 5 кунгина ётдим. 5 кунда дорининг ўзига 160 минг сўм пулим кетди. Бошқа тўловлари ҳам бор экан. Аппаратга тушсанг, пул бер, дейди, рентгенга тушсанг пул бер, дейди. Қисқаси йўл кираларимни қўшганда 5 кун ётишимга 250 минг сўм кетди. Кейин лечение охирига етмай қайтавердим қишлоққа, деди қашқадарёлик 81 яшар Темир ака.
XS
SM
MD
LG