Линклар

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги Қирғизистонга қарашли ретрансляторни ўзбек чегарачилари вертолётда келиб текширгани ортидан пайдо бўлган “ўзбек чегарачилари босқини” тўғрисидаги хабарларни Бишкек расмийлари “ёлғондан иборат маълумот” сифатида баҳолади.

26 сентябр куни Қирғизистон парламентида айрим депутатлар наздида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида таранг бўлиб турган вазият ҳақида гап бўлди. Депутат Қурманбек Ўсмўнов чегарада икки давлат ҳарбийлари ўртасида таранг вазият юзага келгани тўғрисида ташвишли хабарлар борлигини айтиб чиқди:

-Ахси туманидан менга телефон қилишаяпти. Улар “Бу ердаги телеминорани ўзбек чегарачилари босиб олди, икки давлат чегарачилари ўртасида тўқнашув содир этиладиган даражада вазият мураккаб”, деб айтишмоқда. Бу таранг вазиятдан чиқиш йўлини биз муҳокама қилиб, ечим топиб беришимиз керак, -деди депутат.


Айни пайтда 26 сентябрда бу каби маълумотларга ишонган икки юзга яқин одам Ахси туман ҳокимияти олдида ўзбек чегарачиларининг ҳаракатларига қарши норозилик намойиши ўтказди. Туман ҳокимияти олиб борган тушунтириш ишлари натижасида норозилар тез орада тарқалиб кетган.

Қирғиз парламентидаги муҳокама пайтида Бишкек расмийлари Ахси туманидаги аҳоли фақат миш-мишларга ишонибгина намойишга чиққанини айтдилар. Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитовнинг билдиришича, Ўзбекистон чегарачилари ретронслятор станциясини босиб олгани тўғрисида матбуотда пайдо бўлган хабарлар ёлғон маълумотларга асосланган.

-Ўзбекистон томони станцияга вертолётда келиб, 15 нафар чегарачисини тушириб кетган экан. Улар станцияда яшаётган фуқароларнинг ҳужжатларини текширган. Шундан сўнг қирғиз чегарачилари бу ер Қирғизистонга қарашли эканини айтганларидан сўнг, ўзбек чегарачилари станция ҳудудини тарк этган. Бироқ Ўзбекистон томони чегаранинг аниқланмаган ҳудудига икки постни ўрнатиб олган. Шундан сўнг Чегара хизмати раҳбариятининг буйруғи билан ўзбек постлари қаршисига қирғиз постлари ўрнатилди. Ўзбек чегарачилари станцияни босиб олгани тўғрисидаги хабарлар ёлғон, -деди Тўқўн Мамитов.

Бош вазир ўринбосарининг айтишича, Қирғизистонга қарашли ретронслятор ўрнатилган ҳудудни Ўзбекистон ўзига қарашли ер эканини иддао қилиб келади. Айни пайтда Қирғизистон ҳам бу ҳудуд ўзига қарашли эканини иддао қилади. Шунинг учун бу масала 30 сентябрда ўтадиган Ўзбекистон-Қирғизистон чегара хизмати раҳбарлари учрашувида муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Расмийларнинг айтишича, ўзбек-қирғиз чегарасининг Ахси туманидан ўтувчи аниқланмаган қисмида жойлашган мазкур ретронслятор бу ерда 20 йилдан бери ишлаб келмоқда. Ўзбек чегарачилари нега айнан энди бу ерни текширишга киришгани борасида Тошкент томонидан тушунтириш берилмаган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги минг километрлик чегаранинг 320 километрга яқини йигирма йилдан бери икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG