Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:04

Ўзбекистонликлар Божхона иттифоқига қўшилиш тарафдори


Қозоғистонлик рассом Сабит Курманбековнинг Божхона иттифоқи мавзусидаги карикатураси.
Қозоғистонлик рассом Сабит Курманбековнинг Божхона иттифоқи мавзусидаги карикатураси.

Ўзбекистонликларнинг 77 фоизи ўз мамлакатининг Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқига қўшилиши тарафдори. EDB - Евроосиё Тараққиёт Банки ҳамда Интеграция тадқиқотлари маркази ўтказган сўнгги сўров натижалари шуни кўрсатмоқда.

Собиқ Совет маконидаги Божхона иттифоқига кирмаган тўққиз мамлакат орасида мазкур бирлашмага қўшилиш тарафдорлари Ўзбекистонда кўпчиликни ташкил этади.

- Ўтказилган сўнгги сўров Божхона иттифоқига қўшилиш тарафдорлари Марказий Осиёда энг кўп эканини кўрсатмоқда. Ўзбекистонликларнинг 77 фоизи, тожикистонликларнинг 75 фоизи, қирғизистонликларнинг 72 фоизи ўз мамлакатларининг қўшни давлатлар билан ягона иқтисодий маконда бўлиш истагини билдирган, - дейди Евросиё Тараққиёт Банкининг Москвадаги идораси матбуот вакили.

Келажакда МДҲ маконида Европа Иттифоқига ўхшаш тузилма бўлади, деган ишончда Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ташкил топган ягона Божхона иттифоқи ўз фаолиятини 2010 йилда бошлаган эди.

Иттифоққа аъзолик мамлакатларга ўзида ишлаб чиқарилган товарларнинг чегараоша эркин олиб ўтилиши имконини беради.

Лекин, Божхона иттифоқига аъзо бўлган Россия-Қозоғистон ва Росссия-Беларус ўртасида божхона фаолиятини соддалаштириш, бу давлатлар орасидаги божхона постларини бекор этиш бўйича зиддиятлар ҳамон сақланиб қолмоқда.

Мутахассисларга кўра, Божхона иттифоқига аъзолик мамлакатлар учун бир неча миллиард долларлик фойда келтириши мумкин.

Шунга қарамай, Москва Собиқ Иттифоқ мамлакатларини Россия, Беларус ва Қозоғистонни ўз ичига олувчи Божхона иттифоқига киришга ундаб келади.

Арманистон президенти Серж Саркисян шу ой бошида ўз мамлакатининг Божхона иттифоқига қўшилишини эълон қилган.

Қирғизистон ҳам келаси йилдан бу иттифоққа қўшилиш истагини билдирган.

Ўзбекистон раҳбарияти эса Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқига қўшилишга рўйхушлик билдирмай келади.

Аксинча, Ўзбекистон Божхона иттифоқидан кириб келадиган озиқ-овқат маҳсулотларига акциз солиқларини кўпайтирган.

Иқтисодчи Отабек Матёқубовнинг айтишича, ҳозирги вазиятда ўзбекистонликларнинг Божхона иттифоқига қўшилиш истаги ана шу чекловлар билан боғлиқ:

-Ўзбекистонда қўшни давлатлардан келтириладиган маҳсулотларга жорий этилган божхона солиқлари боис улар истеъмолчига анча қиммат нархда етиб бормоқда. Агар мамлакат Божхона иттифоқига қўшилса, солиқлар йўқолиб, нархлар анча тушади ва аҳолига енгиллик бўлади.

Иқтисодчи фикрича, Москванинг гегемонлиги боис Ислом Каримов бу каби иттифоқлардан ўзини четга олиб келади.

Пост совет мамлакатлари орасида Божхона иттифоқига қўшилишга қаршилар Озарбайжонда энг кўп.

Евросиё Тараққиёт Банки ҳамда Интеграция тадқиқотлари маркази ўтказган сўнгги сўров натижаларига кўра, бу мамлакатда аҳолининг 37 фоизигина ўз мамлакатининг иттифоққа қўшилишига рўйхушлик билдирган.

Айни пайтда Молдова ҳамда Украинада ҳам Божхона иттифоқига нисбатан салбий қарашдагилар кўпаймоқда.
XS
SM
MD
LG