Линклар

Озодлик манбаларига кўра, 26 сентябрь куни Қаршига борган Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокими Туроб Жўраев ишдан бўшатган. 27 сентябрь куни Қаршига сафар қилган президент Ислом Каримов эса Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зафар Рўзиевни ҳоким вазифасига тайинлаб келган.

Қашқадарëнинг муваққат ҳокими Зафар Рўзиев.

Қашқадарëнинг муваққат ҳокими Зафар Рўзиев.

27 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қашқадарё вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этган.

Сессияда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаб келган Зафар Рўзиев Қашқадарё вилоят ҳокими этиб тайинланган.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра, президент сессияда Туроб Жўраев фаолиятидаги камчиликларни кескин танқид қилган.

Расман тасдиқланмаган маълумотга кўра, Туроб Жўраев йиғилишдан сўнг мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва молиявий жиноятларда айбланиши мумкин.

Аввалига Сурхондарëга ҳокимлик қилган Туроб Жўраев Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасига 2011 йилнинг 30 ноябрида ўтказилган эди.

Ислом Каримов ўша кунги йиғилишда Туроб Жўраевнинг қаттиққўллигини мақтаб¸ Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасига тайинлаган эди.

Озодликка бир-биридан мустақил икки манбанинг хабар беришича, Туроб Жўраевнинг фавқулодда, айни пахта терими мавсуми қизиган пайтда ишдан олинишига унинг вилоят Миллий хавфсизлик хизмати раисини ургани сабаб бўлган. Бироқ расмий манбалар бу хабарни ҳозирча тасдиқлагани йўқ.

Айни пайтда¸ кейинги ҳафталар давомида Қашқадарë пахтазорларида бир ҳафта ичида уч нафар ҳашарчи талаба нобуд бўлди ва БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчилари Ўзбекистондаги болалар ва мажбурий меҳнат вазиятини бевосита ўрганаëтган бир пайтда Қашқадарëда содир бўлган бундай ўлимлар Тошкент ғазабини қўзғагани айтилмоқда.

Туроб Жўраев Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасида ишлаб юрган пайтда нафақат қаттиққўллиги, балки муштумзўрлиги билан ҳам ном чиқарган эди.

Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров 2011 йилнинг сентябрь ойида вилоят ҳокими Туроб Жўраев тазйиғидан сўнг ўзини осиб қўйган эди.

Сурхондарёлик фермерлардан бири Туроб Жўраевнинг муштумзўрлиги ҳақида Озодликка шундай деган эди:

- Сурхондарë ҳозирги Туроб Жўраевдай вилоят ҳокимини ҳали кўргани йўқ. Сурхондарëни умуман қаттиқ босим остига олиб ташлаган. Бундан олдинги ҳокимлар ҳам ишлаган, жуда ажойиб ҳокимлар. Лекин бу ҳоким¸ қўполроқ айтганда¸ тюремний жизн қилиб ташлаган Сурхондарëда. Айниқса¸ фермерларга нисбатан. Сурхондарë лагеру фермерлар аристонлар. Бу одам бошчилигидаги надзирателлар уриб, тепиб, энг каттаси Жўраев Туроб бўлиб турибди, деган эди музрободлик фермер.

2011 йилнинг 25 октябрь куни Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда Туроб Жўраев саккизта коллеж директорини калтаклаган эди.

Туроб Жўраев Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинлангандан сўнг ҳам айни шу услубдаги "қаттиққўллик" фаолиятини давом эттиргани айтилади.

Исми сир қолишини сўраган қашқадарёлик фермерлардан бирининг айтишича, Туроб Жўраев аксарият фермерларнинг кўкариб ётган экинзорларини ҳайдатиб ташлаб, ўрнига пахта эктирган:

- Одамлар хурсанд бўлаяпти. Чунки одамларнинг кўм-кўк полизларини, гуллаб турган қовун пайкалларини ҳайдаттириб ташлаган эди. Одамларга жуда ҳам жабр қилиб юборганди, буни Худо ҳам кўриб турибдида, деди қашқадарёлик фермер.

27 сентябрь куни президент томонидан Қашқадарë вилояти ҳокими вазифасига тайинланган Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимида ишлаб келган Зафар Рўзиев вазир бўлгунга қадар Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими, Ўзбекистон президентининг қишлоқ хўжалиги ва сув масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифаларида ишлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG