Линклар

logo-print

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига қарашли “Тошкент-Аэро” ахборот хизмати расмийларининг Озодликка маълум қилишича, йил бошидан буён валютани ноқонуний олиб чиқиш билан боғлиқ жами 225 та уриниш қайд қилинган ва қарийб ярим миллион АҚШ доллари миқдоридаги валюта давлат ҳисобига мусодара этилган.


“Тошкент-Аэро” расмийларига кўра, йил бошидан буён 225 та ноқонуний тарзда валюта олиб чиқиш уриниши тўхтатиб қолинган:

- Бу рақам йил бошидан буён конфискация қилинган пулларнинг умумийлаштирилгани. Яъни кимдир 6000, кимдир 10 000 долларни ноқонуний олиб чиқишга уринган пайт ушланиб, пули мусодара этилди. Ҳаммаси бўлиб 981 миллион сўмга тенг нақд ҳорижий валюталарнинг Ўзбекистондан ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилди. Бу таxминан 450-500 минг доллар бўлади, дейди “Тошкент-Аэро” ахборот хизматининг исмини айтмаган расмийси.

Ўзбекистондан йил давомида энг йирик миқдорда валютани яширинча олиб чиқиб кетишга уриниш эса, расмийларга кўра¸ шу ой бошида бўлган.

"Тошкент-Аэро" расмийсига кўра, 28 минг 900 АҚШ доллари миқдоридаги пулни яширинча олиб чиқиб кетишга уринган шахс тўхтатилиб, пули давлат ҳисобига мусодара этилган:

- Шунга ўхшаш ҳолатлар жуда кўп бўлади. Кимдадир банкнинг рухсати бўлмайди, кимдир қонунни атайлаб бузади, бошқалар билмаган эканмиз, декларацияга ёзиш эсимдан чиқибди, деган гапларни айтади. Лекин қонунни билмаслик ҳеч кимни жавобгарликдан озод қилмайди, дейди “Тошкент-Аэро ” ахборот хизмати ходими.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ҳар бир йўловчи мамлакатдан чиқаётганида 2000 АҚШ долларигача бўлган миқдорда пулни ёзма декларация қилган ҳолда олиб чиқиши мумкин.

Бундан ортиқ миқдордаги нақд валютани олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади.

Ўзбекистондан чиқиб кетаётган хорижий фуқаролар эса кириш чоғида олиб кирган нақд валюталари миқдорига тенг валютани олиб чиқиб кетишлари мумкин.

Декларациясиз олиб чиқишга уринилган ҳар қандай миқдордаги пул мусодара этилади.

Тошкент аэропорти божхона хизмати постида ишлайдиган ходимлардан бирининг айтишича, ҳозирда валютанинг ноқонуний олиб чиқиб кетилишига қарши чора-тадбирлар кучайтирилган:

- Ҳар бир йўловчини багажини кўрикдан ўтказамиз. Бундан ташқари шахсий кўрикдан ҳам ўтказилади. Ёнидан декларацияда кўрсатилмаган пул топилса¸ тушунтириш хати ёзиб олинади ва иши судга оширилади. Суд қароридан кейин пул конфискация қилинади, дейди божхона ҳодими.

Ўзбекистонлик тадбиркор Аҳрор аканинг айтишича, банклардаги фоизларнинг юқорилиги ва олиб чиқиш мумкин бўлган пул миқдорининг паст қилиб қўйилгани боис¸ кўпчилик валютани яширинча ёки таниш-билишлари орқали келишиб ўтказишга ҳаракат қилади:

- Чегарадан менинг танишларим қанчадан-қанча пулни олиб ўтишади. Паст қилиб қўйгандан кейин, банклар фоизларни юқори қилиб қўйгандан кейин, бошқа илож йўқ. Лекин катта пул олиб ўтаётганлар эмас, кўпинча уч-тўрт мингни декларация қилиш эсидан чиқиб қолганлар қўлга тушади. Ўзбекистонда қонун камбағал учун ишлайди-да. Масалан, қарз олиб Туркиягами, Хитойгами бориб, саққичми, пайпоқми олиб келиб сотаман деб, чиқиб кетаётганларни тунайди-да божхоначилар. Бир неча ўн, балки юз мингни олиб чиқмоқчи бўлган бой одамларни эса, икки букилиб, VIP залидан чиқазиворади, дейди ўзбекистонлик тадбиркор.

Хитойга тез-тез қатнайдиган Тоҳир эса сўнгги пайтларда божхона назорати кучайгани сабаб кўпчилик пулни кредит карта билан чиқараётганини айтади:

- Таваккал қилмаган маъқул. Ушласа пул кетди. Ҳозир ёмон бўлган аэропортда. Қаттиқ текшираяпти. Олдин у ердагилар билан келишса бўлар эди. Ҳозир ушладими, тамом, олиб қўяди. Яхшиси бир нечта кредит карта билан ёки бўлмаса пулни банк орқали олиб чиққан маъқул, дейди Тоҳир.

Марказий банк расмийлари ҳам фуқароларга пулларини пластик карточкага ўтказиб, олиб чиқишни тавсия қилади.

Миллий банк, Марказий банк ва Ташқи иқтисодий алоқалар банки каби бир қанча банкларда халқаро миқёсда ишлатиш имкони бўлган пластик карточкалар учун ҳисоб рақами очиш мумкин.

Лекин сўнгги ойларда Ўзбекистон банкларидан олинган Visa тўлов карталарни айрим мамлакатларда банкоматлар қабул қилмаётгани, кунига чиқариб олиш мумкин бўлган пул миқдорининг ниҳоятда камайтириб қўйилгани борасида шикоятлар кўпаймоқда.

Ўзбекистондаги банклар эса¸ чайқовчилик олдини олиш мақсадида карточкалардан пул чиқариб олишни чеклагани, харид қилиш учун эса чеклов йўқлигини айтишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG