Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:04

Пахта вилоят ва туман марказларини “ўлик” шаҳарга айлантирди


Ўзбекистондаги пахта мавсуми сабаб аксарият вилоят ва туманларда кундузи бозорлар ёпиб қўйиляпти, умумий овқатланиш шохобчалари ва дўконлар эшигига қулф солинмоқда. Расмийлар бунинг сабабини пахтага оммавий сафарбарлик билан изоҳламоқда.

Тошкент вилоятида 24 сентябрдан бошлаб савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг иш вақти кечқурун 19.00 да бошланиши белгилаб қўйилди.

Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокими бошчилигида ўтказилган селектор йиғилишида ҳоким оғзаки буйруқ берди.

Буйруққа кўра, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг кеч соат 19 дан олдин фаолият юритиши тақиқланади.

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида истиқомат қилувчи муҳандис Наримоннинг айтишича, бу буйруқ шаҳарни "ўлик" ҳолатига келтирмоқда:

- 24 сентябрдан бошлаб, бозор, магазин, ошхона-кафелар, ҳаммасини ёпиб ташлади. Бу ғирт ахмоқчилик. Пахтага чиқадиган одамнинг қорни йўқми, ахир у дўкондан у бу нарса олиши керакку. Ҳозир Тўйтепа ўлик шаҳарга айланиб қолган, кўчада одам жуда кам. ГАИ ходимлари марказга туриб олган, келиб қолган мошиналарни ҳайдаш билан овора, дейди Наримон.

Тошкент вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳоким томонидан шундай буйруқ берилганини тасдиқлади:

- Бу элга келган тўй. Ҳаммамиз деҳқонга ёрдам бермасак бўлмайди. Эрта-индин ёмғир ёғиб қолмасдан пахтани териб олиш керак. Одамлар эртанги бозорлигини кечқурун қилиб олишга улгуради, деди ҳокимлик мулозими.

Жиззах шаҳри ҳам одамларсиз ҳувиллаб қолмоқда. Шаҳардаги дўконлардан бирида ишлайдиган Мансуржон ҳам расмийлар шаҳарда транспорт ҳаракатини чеклаганини, дўкон ва бозорларни ёпиб қўйганини айтади:

- Пахта сезони бошланиши билан одамларни қийнаб ташлашди. Ҳозир бизда ҳамма кўчалар ёпиқ. На автобус, на маршрутка юраяпти. Одамлар ўзларини мошинасида ҳам юролмаяпти. ГАИлар қўймаяпти. Биз ўрнимизга одам чиқарсак ҳам, савдо қилгани қўймаяпти, деди тадбиркор Мансуржон.

Айни пайтда Ўзбекистондаги пахта териш кампаниясини Халқаро меҳнат ташкилотининг саккиз гуруҳга бўлинган экспертлари кузатмоқда.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилги пахта мавсумида бир миллиондан ортиқ фуқаросини, жумладан ўқитувчи, шифокор ва ҳамшираларни оғир шароитда пахта теришга мажбур қилган.
XS
SM
MD
LG