Линклар

logo-print

OzodlikOnline: Лола Каримованинг “оила”дан масофалашгани сири нимада?


Лола ва Гулнора Каримовалар.

Лола ва Гулнора Каримовалар.


BBC Ўзбек хизматининг ëзма саволларига ëзма жавоб қайтарган Ўзбекистон президентининг кенжаси Лола Каримова-Тиллаева ўзини отаси ва опасининг ишларидан узоқлаштиришга ҳаракат қилди ва Гулнора билан 12 йилдан бери гаплашмаслигини ошкор қилди. Биринчи оила сирининг жамоатчиликка айнан бугун очиқланиши сабаблари нима? Душанба¸ 30 сентябр куни Тошкент вақти билан 21:05 да Ozodlik Onlineнинг навбатдаги сонида шу мавзуда гаплашдик.
Ўзбекистон президенти қизларидан шу пайтга қадар ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро оммавий ахборот воситалари назарини ўзига турли йўллар билан жалб қилишга муваффақ бўлиб келаëтгани тўнғич қиз Гулнора эди.

Ўзини бирда санъат ва маданият ҳомийси¸ яна бирда қўшиқчию шоира дизайнеру заргар¸ рассому олима¸ сиëсатчию сиëсатшунос¸ “бизнес леди” ва иқтисодчи¸ ниҳоятида футбол ишқибозию футбол “ҳаками” каби турфа ва хилма-хил мақомда кўрсатиб келаëтган Гулнора фонида президентнинг кенжа қизи Лола анча камтар эътиборга дохил бўлиб келди.
Ҳозирга қадар Лола опасидан фарқли на шеър даъвоси ва на ашулачилик даъвосини¸ на Ҳарвардда ўқиган “интеллектуал” хоним даъвосию ва на ўзбек иқтисодини ўз чангалига олишга ўч бизнес леди даъвосини жамоатчиликка кўп ҳам кўрсатмади.

Лола Каримова Париж ва Женевада яшагани боис ўзбек жамоатчилиги кўзидан¸ ўзини сиëсатчи ва Ҳолливуд юлдузлари даврасига ҳадеб тиқиштиравермагани боис¸ Европа жамоатчилиги нигоҳидан узоқроқда қолиб келди.
Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги каттаю кичик Лола номини мамлакатдаги монополист импортëр сифатида донг чиқарган Абу Саҳий деган ширкатнинг ўзига хос “синоним”и деб таниса¸ Ғарб уни отасини диктатор деган журналистни Париж судига тортиб¸ ундан 30 минг евро жарима ундирмоқчи бўлиб кулгуга қолган “диктаторнинг қизи” сифатида танийди.
2011 йилги бу маҳкамада ютқизганидан сўнг жимиб кетган Лола Каримова 2013 йил ëзида Ғарб жамоатчилиги диққатига АҚШдаги энг қиммат қасрлардан бирини сотиб олгани билан тушди. Ҳатто Америка бойлари ҳаëтини ëритувчи сариқ нашрлар ҳам “диктаторнинг қизи ақл бовар қилмайдиган 58 миллион долларлик қаср”ни харид қилди деб ëзди Лола ҳақида.
Бу Лолани Ғарбда кенг жамоатчилик оғзига туширган воқеалар бўлса¸ Озодлик манбаларининг таъкидича¸ унинг Европа терговчилари қизиқишини уйғотаëтган ишлари ҳам талайгина.

Хусусан¸ Женева ва Франциядаги қимматбаҳо уйлар¸ Швейцария банкларидаги хос ҳисоб рақамлари ва улардаги пулларнинг Ўзбекистон каби кичик бир мамлакат элчиси лавозимидаги шахсга қаердан ва қандай келгани жамоатчилик кўзидан панада иш кўрувчи прокуратура ва молиявий тергов тизимларини қизиқтириб қўйган. Ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра¸ ана шу қизиқиш ортидан опасининг Швейцариядаги ҳисоблари каби¸ Лоланинг банк ҳисоблари ҳам музлатиб қўйилган.
Кенг жамоатчиликка тафсилотлари кўп ҳам маълум бўлмаган ана шундай бир вазиятда Лола Каримова-Тиллаева ўз тажрибасида кўрилмаган ишга қўл урди ва BBC Ўзбек хизматининг ëзма саволларига ëзма жавоб қайтарди.
Аслида Лола Каримованинг ўзи ëзган-ëзмагани ҳам аниқ бўлмаган ва афтидан ҳам сиëсий¸ ҳам ҳуқуқий консультантлар томонидан синчковлик билан тузилган бу жавобларда президентнинг кенжаси ўзини отаси сиëсатию опаси фаолиятига алоқаси йўқ одам сифатида тасвирлашга уринди.
Бундай вазиятда жамоатчиликни қизиқтириши тайин саволлардан айримлари:
Лола Каримова-Тиллаеванинг жамоатчиликдан мутлақ сир тутиб келинаëтган биринчи оила ичидаги ихтилофга оид иқрори унинг ўз отаси ва опасига қарши исëними?
Опа-сингил ўртасида 12 йилдан бери ҳеч қандай алоқа йўқлиги ҳақидаги баëнотнинг Гулнора Каримова Швейцария¸ Швеция¸ Франция ва Латвияда коррупция ва катта миқдорда пул ювишда гумонланаëтган бир пайтда эълон этилиши тасодифми?
Лола Каримова-Тиллаеванинг BBC Ўзбек хизмати орқали очиқлаган бу гаплари ўзи кимга мўлжалланган?
Лоланинг бу чиқиши ота ва опа учун кутилмаган янгилик бўлдими ëки бу ҳар иккаласи билан келишиб қўйилган “оилавий қадам”?
Бу ва бошқа қатор саволлар атрофида Сиз билан OzodlikOnline жонли¸ интерактив дастурининг душанба¸ 30 сентябрь куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган янги сонида суҳбатлашамиз. OzodlikOnline, OzodSkype каби Skype манзиллари орқали Сиз ҳам бу мулоқотда бевосита иштирок этинг.
Ўз мулоҳазалари билан суҳбатга қўшилиш истагидаги муштарийларимиз OzodlikOnline манзилига сўров юборишлари ва Skypeдаги дўстларимиз сафига қўшилишлари мумкин. OzodlikOnline Сиз учун 24 соат давомида очиқ!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG