Линклар

Ўн икки йилдан бери Прагадаги Vinohradska – Узумзор кўчасида яшайману, ҳали-ҳануз уни “бизнинг кўча”, деёлмайман. Ҳа, менинг кўчам эмас у. Мен унга ётман, шунчаки бир меҳмонман. Менинг кўчам Ўшда.

Қирариқ – гузаримизга ном берган ариқ, қир устидан ўтган ариқ - болалигим ариғи. Дўнгкўча шу ариқдан бошланади.

Увомбўйи.

Увомбўйи.

Дўнгкўчадан юзга қўйсам - Увомбўйи гузари.

​Увом - дарё - шаҳарнинг кунчиқишдаги расмий чегараси.

Увомбўйидан кунботишга қараб бир югурсам, Тошлоққа етаман. Ўнгда, тўрт қаватли уйнинг ости – “Гулнора” гастрономи. 1963 нинг қишида мен, 5 яшар бола совуқдан кўкариб, “Гулнора”да ҳафталаб нон кутиб, навбатда турганман – Никита Хрушчёвнинг каромати.

Наҳотки, ўшанда мен – бурнини артолмайдиган болани – ёлғиз ўзимни нонга жўнатишган? Ё ёнимда катталардан биров бўлармиди? Эслолмайман.



***
Тошлоқ – шаҳарнинг бир чети, серқатнов учкўча. Расман учкўча, аслида тўрткўча. Кунчиқишдан келаётган йўл шу ерда узилади, давоми эртак. Болалигим эртаги.

Учлари осмонни ўпган, танаси кўкимтир-оқ бақатераклар. Бақатераклар йўл четида. Йўл - йўл эмас, гўёки сойнинг ўзани. Ўзан – оёқ остида косадай, жижининг бошидай, пиёладай оппоқ, силлиқ тошлар.

Қирариқдан энган йўл тошкўчада ҳам энаверади. Янаям пастроқда, ҳўв пастда, тошкўча этагида - Оқбура.

Онам билан ерга қапишиб кетган силлиқ тошларни босиб бораверамиз. Босиб бораверамизу дарёга етмаймиз. Сўлга - Пахта кўчага, аммамнинг уйига буриламиз. Кўча Отажон амакимнинг дарвозаси олдида тугайди...

***
Эллик йилда эл янги, дейишади. Бу гап, айниқса, Қирариқ гузар учун айтилгандай. Йўл пасайтирилиб, гузар йўқ бўлиб кетганига 20-30 йил бўпқолди.

Яқиндан бери гузар ўрнини Олимбек додҳо эгаллабди.

Ҳайкал отга минган ҳайкал додҳо кунчиқарга қараб, Ўшга орқа ўгириб тургани учунми, болалигим гузарини эгаллаб олгани учунми, ҳарқалай, кўриб суюнмадим.

Увомбўйининг ўзгариб кетганига анча бўлган. Мен Ўшда бўлмаган уч йил ичида яна ўзгарибди: аввалги файз йўқ, бугунги файзини ё туймадим ё тушунмадим.

Тошлоқ ҳам ўзгарибди. Учкўча росмана тўрткўчага айланибди.

Четидаги бақатераклари кесилиб кетганига, оппоқ, силлиқ тошлари орасию устларини лою ахлат босиб, эртагим борса келмасга учиб кетганига анча бўлган эди.

Мана энди йўл текисланиб, асфалт босилибди.

Кўриб суюндим: машинага ўтириб, визз этасиз – Оқбурага етасиз. Дилим яйради.

Узоқда бўлсам ҳам, бу кўча бўйида яшаганларнинг ташвишларидан хабардор бўлиб турдим. Кўчанинг янгиланиши учун баъзилар уйидан тўла, баъзилар чала ажради.

Ана – янги йўл четида бузилган эски, ўзбекона уйнинг коса синиғига ўхшаб қолган қисми. Йўл бир хонанинг учта деворини ямлабди. Тўртинчи – тўридаги девор соғ қопти: икки меҳроб ўртасида икки кафтдай жой оқариброқ кўринади: аскарга кетаётган ўғил тишлаган нон йиллаб осиғлиқ турган бўлса керак.

Мана – янги дарвоза. Ҳовлисининг катта бўлагини йўлга берган хонадон эгаси қолганигаям шукур деб, пўстак йиртиғидай бўпқолган саҳнни эпақага келтириш билан овора.

Ўшнинг Монуев кўчасидаги уйлар.

Ўшнинг Монуев кўчасидаги уйлар.

Мажримтол маҳалласининг бу қисми ҳозир – “Мўнуев кўчаси”. Мўнуевликлар уйларини сақлаб қолиш учун шаҳар мэрияси билан кўп курашди, талашди, тортишди, уларга халқаро ташкилотлар ҳам ёрдам берди. Натижада мэрия аввал ажратгани товон пулига пича қўшгандай ҳам бўлди.

Янги кўча бошида тураркан, кореяликлар миниб эскитган машиналар гаражига айланиб қолган дўппидеккина шаҳарнинг автолар тиқинидан нафаси қисилаётганини сезаман: йўқ, бу йўлни очмасалар бўлмасди!

***
Янги кўча бўйлаб пастга энаркан, йўлимда учраган мажримтолликларга бу фикрни айтмайман - ичимда қолади.

2010 нинг июнида уйи куйган, боз устига, куймай қолган уйлари мана энди йўл қурилишига қурбон берилган мажримтоллик фикримни балки тушунар, лекин қабул қилмайди. Айтсам, бетимга тупурмайди (андишали келади ўшлик), лекин бир ёмон қараб қўйиши, хайрни нася қилиб кетвориши аниқ.

“Танаси бошқа – дард билмас”, деб ғудранади ўгирилиб кетаётиб.

Танам бошқа эмас, мажримтоллик биродар, танам сизники билан бир. Дардни ҳам биламан, дардим – сизнинг дардингиз.

Сизнинг уйингиз энди бузилган бўлса, меники – отам Усмонжоннинг уйи – бундан 45 йил аввал - 1968 да бузилган. Вилоят касалхонаси қурилиши Қирариқда аканинг (Дадам), Увомбўйида уканинг (Умар амаким) уйини “еган”.

Ташқари – ичкарилик, хирмондай кенг, колхознинг мева боғига бир девор ҳовлимизни тортиб олиб, қурилганига ҳали 10 йил ҳам бўлмаган шифтлари баланд кунгай уйимизни давлат буздию оиламиз тирқиради.

Уйимиз бузилдию акаларим умрининг катта қисми суви ташма, йўли чала Бир адирда уй солишга сарф бўлди.

Йигит бўлганимда икков акам иттифоқ қилиб - 1980 да менга чала битган бир уй олиб беришди (кенжа ўғилман – гўёки Қирариқдаги Ота эшикнинг товони – мерос).

Умримнинг 20 йили (2001 гача) шу уйни эл қаторига қўшишга сарф бўлди (қўли юпқа ўқитувчи эдим, қўли юпқа журналист эдим – курорт нима – билмадим, ҳатто ўзимизнинг Иссиқкўлниям кўрмадим, қорнимиздан ортганини шу уйга чапладим).

Увомбўйи гузаридаги уйи 1968 да бузилган Умар амаким ҳам Бир адирда йиллаб уй солди. Бўлди, битди деганда, ёши 60 га ҳам етмай кетди-қўйди узуни икки қулочли уйга.

Танам бошқа эмас, мажримтоллик биродар, танам сизники билан бир. Дардни ҳам биламан, дардим – сизнинг дардингиз.

Колхознинг улкан боғини: ҳў-ўв пастдаги олмазори, ўртадаги ўрикзори, юқоридаги узумзорини кўчамиз – Дўнгкўча, маҳалламиз – Қирариқ маҳаллага қўшиб бир ямлаб ютган касалхона қурилишининг нафси Қирариқ гузарнинг четидаги халта кўчага етай деганда қонди: Раҳмонберди амакимнинг уйию (Шавкат Раҳмон туғилиб ўсган уй – ҳа, ҳа, Шоирни айтаяпман) унинг уч –тўрт қўшниси уйи соғ қолди.

Соғ қолдию 2010 нинг июнида босқинчилар бу уйларга ўт қўйди, Сиз мажримтолликнинг уйини ёндиргани каби.

Ҳа, биродар, танам сизники билан бир. Дардни ҳам биламан, дардим – сизнинг дардингиз.

Биламан, Сизга оғир: суви ташма, йўли чала Ўн адирда уй солишингиз керак энди. Энди умрингизнинг қолган қисми ўша уйни эл қаторига қўшишга сарф бўлари аниқ. Ё дуо кетганмикан ўзбекка, айниқса, ўшлик ўзбекка бир умр том солиш?

Лекин наилож, шаҳарга йўл ҳам керак. Ана қаранг, кўчанинг у юзидан бу юзига ўтиш муаммо бўлмай қолибди: тиқиндан таққа тўхтаб қолган машиналар орасидан бемалол ўтиб кетаверасиз.

Мажримтоллик ҳамшаҳрим билан ғойибона суҳбат қураркан, бу маҳалланинг янги, теп-текис кўчасидан юриб, зумда Оқбура соҳили етдим.

***
Вой, бўларакану, деб ҳайқираман Тошлоқдан бошланган йўл соҳил бўйлаб тушган янги йўлга туташганини кўриб. Шунча йилдан бери нега хаёлга келмаган экан бу йўлларни солиш?! Ё аввал эҳтиёж йўқмиди?

Ўш марказий кўчаларидан биридаги бетартиб бозор.

Ўш марказий кўчаларидан биридаги бетартиб бозор.

Ҳайратим умри қисқа бўлди. Йўллар туташган нуқтадан ўнгга –автовокзал томон юришим биланоқ хаос бошланди: соҳил бўйлаб тушган янги йўл бирдан йўқолиб қолгандай бўлди. Йўл бозорга айланди: ана бир қоп картошка, мана бир қоп пиёз, қийшиқ тарози, яна картошка, ёнида узум, кейин шафтоли, ундан кейин темир дўкон –хотинларнинг турсигию сийнабандлари, сийнабанд ёнида бир машина тарвуз, кўлмак, кўлмак четида бир тоғора шафтоли...

Бип-бип, ғат-ғат, вақ-вақ – сўлингда машина, ўнгингда машина, ортингда машина, олдингда машина. Икки машина орасида бир олибсотар. Икки олибсотар орасида бир машина. Бошингни кун қиздиради, машиналар тутунидан, чанг-тўзондан, ачиган сабзавот, сасиган чиқиндининг бад бўйидан нафасинг қайтади – қиёмат қойим.

Сиғмай қолдим турган жойимга. Қочиб кетгим келди. Қочиблар кетгим келди.

Йўқ, дедим, чидайман. Янги йўлнинг Қорасув кўчасига қандай туташганини кўришим керак!

Шу пайтгача Қорасув кўчаси Навоий кўчасига келиб тақалар ва уч кўча ҳосил қилар эди. Соҳил бўйида очилган янги йўл мантиққа кўра, Қорасув кўчасига қўшув (+) шаклида бўлмаса-да, икс (x) шаклида уланиши, бунинг учун рўпарадаги казино бузилиши лозим эди.

Қарасам, казино турибди, боягидай. Натижада кутганим тўрткўча “+” шаклига ҳам эмас, “х” шаклига ҳам эмас, қандайдир беўхшов шаклга кирибди: Қорасув кўчаси аввалгидай автовокзалнинг улкан биноси ўртасига келиб тақалса, янги йўл вокзал биноси ёнидан ўтиб, казинога тақалади. Икки йўл туташган эмас.

Ёнимдан ўтиб кетаётган ўшликлардан биридан сўрасам, “казинонинг эгасига шаҳар мэрининг кучи етмади, бузолмади”, деди.

“Йўл устига картошка тўкиб олганларга кучи етмаяптию казинонинг эгасига кучи етсинми”, деди унинг ёнидаги йигит.

“Мэрнинг кучи мажримтолликларга етди, холос”, деди биринчиси овозини пасайтириб. Урушдан кейин ўшлик ўзбеклар бунақа гапларни худди шундай – паст овозда гапирадиган бўлиб қолганига кўп гувоҳ бўлдим.

***
Бугунги сайримни шу жойда – Ўшнинг газак олган улкан яраси – Марказий бозорнинг бозорга айланган четида тўхтатдим.

Бузилиши кутилаётган яна бир кўча – Ўш кўчасига ўтиш учун Қорасув кўча бўйлаб автолар ва оёқ остидаги картошка-пиёз оралаб юришга тоқатим етмас кўринди.

Бир вақтлар Ўш бозоридай батартиб бозор йўқ эди: мана бу чайқов бозори, мана буниси ҳунармандлар расталари, кейин гуруч каппон, ёнида сабзавот расталари: бу ернинг ҳам ўз ички тартиби бор, аввал пиёз, кейин картошка, ундан кейин сабзи, дегандай...

Мева бозори алоҳида, кузда тарвуз-қовун ўзининг минг йиллик жойини эгаллайди, атторларнинг ҳам доимий жойи бўларди. Болалигимда эса битта узун растада фақат шафтоли қоқи сотиларди. Шу қадар кўп бўлармиди экан шафтоли Ўшда?

Энди-чи? Энди Марказий бозорнинг чор-атрофи – барча тўғрию қийшиқ кўчалар, қичиқлару пучмоқлар - бозор.

Ари уяга ўхшаш бу бозорда на тартиб бор, на қандайдир бир мантиқ. Билмадим, бундай шароитда янги ўшлик бу тартибсизликдан тартиб, мантиқсизликдан мантиқ топаётгандир? Лекин мен – эски ўшлик топа олмадим.

Болалигим эртаги – танаси кўкимтир-оқ осмонўпар бақатераклар ўсган кўча четидаги уйларни бузиш эвазига солинган йўлдан ҳам, Оқбура соҳилига тушган йўлдан ҳам мантиқ тополмадим.

Тартиб ўрнатилса, оддийгина тартиб ўрнатилса, балки шаҳар кўчаларида тиқин ҳам бўлмас, натижада уйларни бузиб, йўл чиқаришга ҳам ҳожат қолмасмиди?!

***
Эртаси куни Ўш кўчага Қирғизистон (ҳозирги А. Масалиев - муал.) кўчаси орқали борар бўлдим. 2010 йилги тўполонларгача бу кўчанинг Тошлоқдан Ўш районгача бўлган қисми шаҳарнинг энг гавжум мавзесига айланган, бир нуқтада туриб олиб, атрофдаги тўрт ресторандан бирини танлардингиз. Нарироқ юрсангиз яна тўртта ресторан. Ундан нари яна тўрт...

Шаҳарнинг кундузги ҳаёти ҳам шу кўчада, тунгисиям шу кўчада эди. Тунги ўткинчи ишқ таклифи ўткинчи ишқ талаби билан шу кўчада учрашар эканлигини айтсак, манзара тўлиқ чиқар...

Уруш кунлари ёндирилган ресторанларнинг кўпчилиги ҳануз очилган эмас.

Ўшдаги "Ал-Барака" кафеси.

Ўшдаги "Ал-Барака" кафеси.

Улардан бири – “Ислом маркази” қошидаги “Ал-Барака” ресторанининг шинам ротондаси – гумбазли айвони ҳам вайрон ҳолида турибди.

Таксидан тушиб, ичкариладим. Ротонданинг сўлида соғ қолган чоғроққина ошхона ишлаб турибди. Ошпаз йигитдан Марказ раҳбари Содиқ қори Камолиддинни сўрадим. “Ҳовлида, қурилишда”, деди.

“Бошқа жойда қуришимиз ёки умуман қурилиш қилмаслигимиз мумкин эди. Лекин бу ишимизни аҳамиятли, деб ўйладик. Ўшликларга далда бўлсин, уларнинг эртагалик кунга ишончини мустаҳкамласин, деб қилаяпмиз”, деди Қирғизистоннинг 90-йиллар бошидаги биринчи муфтийси Содиқ қори ака бошлаб қўйгани қурилишни кўрсатиб.

Иморат аввалгисидан икки карра каттароқ бўлари кўриниб турибди.

“Ал-Барака” ресторани ўзининг ўшча сомсаси билан машҳур эдики, ротонданинг сўлида соғ қолган чоғроққина ошхонада ҳануз ўша сомса ёпилаётганини кўриб кўнглим ёришди.

***
Катталиги сутли чой ичиладиган пиёлачалик сомсанинг тубини –тандирга ёпишган ясси томонини ўткир пичоқ билан айлантириб кесиб оласиз. Кесаётиб эҳтиёт бўлинг: иссиқ, қўлингиз куйиб қолмасин, сомсанинг сели-шўрваси тўкилиб кетмасин. Кесволдингизми? Баракалла, ана энди уни – сомсанинг тубини – қовурма шўрвага нон майдалаганингиз каби майдалаб, пиёлангиздаги қаҳрабо товлаб турган қайноқ памилчойга бўктириб қўясиз. Ўшча сомса ейиш перформансининг прологи эди бу.

Тубини кесиб оларкансиз, очилиб қолган сомсага қарамасликка ҳаракат қилинг. Акс ҳолда, кесиндини майдалаш эсингиздан чиқиб қоладики, мазали эпилогдан маҳрум бўласиз. Тандирдан тушиб кетмасин учун хамири шўрроқ олинган сомсанинг туби бироз бўккач, чойга шўртакроқ таъм беради. Бунга эса вақт керак. Шунинг учун шошилманг, у бўкиб турсин. Сизнинг эса, ҳали олдинда қиладиган ишингиз кўп.

Мана энди тақсимчада қопқоғи олинган қозондай осмонга боқиб турган сомса билан муомала қилиш пайти келди. Қалинлиги ярим энлик хамир коса тўла сел-шўрва – сал эҳтиётсизлик қилсангиз, тўкилиб кетиши муқаррар. Сел-шўрва сомса масаллиғи - пиёз ва гўшт маҳсули: улардан пайдо бўлиб, улардан қуюқ тортган. Сел-шўрванинг бир четида бош қалампирдан кесинди – аччиқдан қўрқсангиз, қошиқча билан уни секин олинг-да, четга қўйинг. Ўртада перформанснинг кульминацияси – бошмалдоқнинг биринчи бўғинича катталикда думба парчаси – сап-сариқ, килкиллаб турибди. Бир кўнглингиз, маставанинг гўштларини илғаб-илғаб охирида мазза қилиб ейдиган боладай думба ёғ парчасини бир четга суриб-сақлаб тургингиз келади. Лекин уни бир четга суриб қўйишга ирода қайда, чидам қайда?!

Сизнинг ҳам сабрингиз етмайди: думбани оласизу оғзингизга соласиз. Иссиқ ва йууумшоқ роҳатни тилингиз билан танглайингизга босасиз, ушлаб қолишга қанча уринманг, унинг ўзи ўз йўлини топади: сийғана-сийғана (сирғала-сирғала эмас) йўлини мойлай-мойлай манзилига етиб тўхтаганини сезасиз.

Мана энди перформанс сюжетининг асосий қисми - сомсанинг сели-шўрвасию синчалоқнинг учидай қилиб тўғралган гўштига келди навбат.

Ош қошиқ - сомсага ҳақорат. Ош қошиқда шавла енг, мошкичири енг. Ўшча сомсага чой қошиқ ярашиқ. Бир луқма солдингиз оғзингизга, иккинчи луқмани олдингиз... Нимадир етишмаяпти, дейсизми?

Ие, ҳа-а, сизга пиёз беришмабди. Ё ўзингиз сўрамабсиз. Пиёз, оддийгина пиёз. Майда тўғралган, косага солиб, сочиқ билан ёпиб обдон урилган, сўнг уч-тўрт томчи узум сиркаю тўрттагина туз-қалампир сепилган пиёз.

Бундай пиёзсиз ейилган ўший сомса – қўли осмонда кетган сомсадир.

Масаллиқ билан муомалангиз охирига етди. Навбат ўша масаллиққа қозон бўлиб берган “косача”га - таши ўтда қип-қизариб, ялтираб пишган, ичи масаллиқ селига тўйиниб, ҳил-ҳил пишган хамирга келди. Дўхтирлар уни емасликни маслаҳат қилади: шўр ва оғир нарса у, ошқозонни ишдан чиқаради, дейишади. Ишонманг бундай гапларга – ана, қаранг, ҳў-ўв четдаги сўрида ўша дўхтирлардан бири еб бўлгани сомса увоқларни дастурхондан териб олиб, оғзига солаяпти.

Ва ниҳоят, эпилог. Сомсанинг қаҳрабодай товланиб турган чойга бўктириб қўйганингиз қисми эсингиздан чиқмадими?

Сўрадим-да, энди! Эсингиздан чиқмаслигини билмай ўлибманми?!

Қалай, маззами? Чойчи, чой? Шўр тортиброқ қоптими?

Мана, энди, чойни янгиланг. Кўк чой буюринг. Айтинг, аччиқроқ дамлашсин...

Перформанс тугади. Хуш кўрдик.

***
Ўш кўчаси ўтган асрнинг 60 – 70 йилларида бузилиб, ўрнига иккита тухумдай бир-бирига ўхшаш кўпқаватли панелли уйлар тушган Эски шаҳарнинг Оқбурага туташ тўрт энли қисми.

Бир учи Оқбуранинг нариги соҳилидаги Марказий бозорга олиб ўтувчи Ҳикмат ҳожининг кўпригига (Осма кўприк>Темир кўприк>Ҳикмат ҳожи кўприги) яқин, иккинчи учи Муллатош қози кўпригига яқин, ҳозирда Марказий бозор кўчаларга тошиб чиқиб кетгани учун иккала учи ҳам тўполон бозорга туташ бўлган бу кўча аҳлидан бирон-бир танбал очликдан ўлишни истаб қолса, мақсадига етолмайди: бозорчилар ўлдириб қўйиши мумкину, лекин очликдан ўлишга йўл қўймайди – уйидан ҳеч йўқ омбор сифатида фойдаланиб, жой пули тўлайди – очликдан ўлмаслик гарови.

Марказий бозор биқинидаги Ўш кўчаси.

Марказий бозор биқинидаги Ўш кўчаси.

​Қуриб қолаёзган қайрағочнинг бир қайсар бутоғидай ҳануз кўкариб турган бу кўчада қадимий Ўшнинг нафаси бор. Эътибор беринг: ЎШ КЎЧА – балки ибтидоий Ўш шу кўчадан бошлангандир?

Тарихи 3000 йиллик, деб мақталадиган, лекин бу улкан муддатнинг ҳеч йўқ учдан бирини далиллайдиган моддий унсурлари қолмаган -йўқотилган шаҳарда Ўш кўчани бор ҳолича – қийшиқ йўлларию турфа ранглари билан сақлаб қолиш тўғри бўларди, лекин 2010 йил, июнь воқеаларидан кейин мажримтолликлар – Мўнуев кўчаси аҳли бошига тушган ташвишга бу кўча аҳли ҳам дуч келди: шаҳар мэрияси Ўш кўчани ҳам бузмоқчи.

- Бузса, бузаверсин! - деди шу кўчада яшайдиган кекса ҳамкасбим.

Ёши 80 дан ошган, лекин қадди тик, ўзи тетик (“Домла бардаммисиз?” “Ҳа, ЭНДИ қарияпмиз”), фикри тиниқ (“Ўктамбек, сизга 4 та саволим бор, биринчиси...”) собиқ редакторимдан (“Бирон нима ёзсангиз, исмимни атаманг”), ўлай агар, бу гапни кутмагандим.

- Бузса бузаверсин. Лекин бузишдан олдин бизнинг қоғозларниям кўриб қўйсин, - деди домла.

Айтишича, Ўш кўчани бузиш тўғрисидаги гаплар пайдо бўлганидан кейин уйлар учун шаҳар тўлаши мумкин бўлган товон пули миқдори ҳам маълум бўлган. Қаричи тиллога тенг (боя айтдик-ку “бозорбоши” деб) ҳовли-жойлар учун мэрия бермоқ бўлган пул - майли, хўрозқанд демайлигу хўрозқанд цехига етар-етмас пул. Шунинг учун кўча аҳли ҳукуматга арз қилди, президентга, халқаро ташкилотларга арз қилди. Натижада Бишкек Ўш кўчадаги ҳовли-жойларнинг реал нархини белгилаб бериш учун махсус мустақил комиссия жўнатди.

- Ҳозир ҳар бир ҳовли эгаси қўлида ўша комиссиянинг хулосаси бор. Унда бузилиши мумкин бўлган уйнинг, ҳовлининг реал нархи кўрсатилган. Одамлар ўша нархга рози. Кўчамиздаги уйлар 30 минг доллардан 80 минг долларгача баҳоланган. Шунча пулни тўласин, бузаверсин, - деди домла.

Бир қарашда, домла айтган нархлар Ўш учун ҳам катта пул кўринмайди. Лекин сиз қадимий Ўш кўчадаги ҳовлилар асрлар давомида ўғиллар ўртасида бўлина-бўлина кичрайиб кетганини, иморатлари ҳам тарихига яраша эканлигини ҳисобга олинг.

Домланинг тетиклигиданми ё унинг оптимизмиданми куч олиб, кўчага чиқдим – тезда Андижон кўчага ўтишим керак – эски қадрдонларимдан бири - Ҳасанбой қайтиш қилибди, сал туриб унинг таъзияси.

Муллатош қози кўприги томон борарканман (кўприкдан ўтиб, Шаҳидтепага чиқаману ўнгга бироз юрсам, Ҳасанбойнинг уйи), мэриянинг режасида ҳам жон йўқ эмаслиги тўғрисида ўйлайман: Мўнуев кўчаси Оқбура соҳилидаги янги йўлга, янги йўл Қорасув кўчага туташди (қийшиқ бўлсаям туташди, деб турайлик), Қорасув кўча Ўш кўчага, Ўш кўча Жим кўчага, Жим кўчанинг нариёғи эса аэропорт йўли. Принципда гўзал режа.

Лекин тор ва ҳар икки қадамда ҳовлилар эшиклари бўлгани учун бу кўчага шу кунгача бостириб киролмаган бозор, кўча янгиланганидан кейин ҳам бостириб кирмаслигига ким кафолат беради?

Йўлга картошка тўкиб олган олибсотарга кучи етмаган мэрми?

***
Шу кунда ўшлик ўзбекнинг таъзиясида тасодифан қатнашиб қолган бирон-бир чет эллик маросимда иштирок этаётган одамларга қараааб туриб, “ўзбекларнинг дафн маросимида фақат ёши 50 дан ўтганлар қатнашаркан”, деса керак.

Ҳар ҳолда, Ҳасанбой билан видолашиш учун келганлар орасида ёшларни кўрмадим. Сабабини ҳамма билади: ёшлар Россияда - бири иш излаб кетган бўлса, бошқаси июнь воқеаларидан кейин милиция таъқибидан зада бўлиб кетган.

Жаноза намозини кутиб турган элликбой, олтмишбой, етмишбойлар бир-бири билан деярли бир хил сўрашади: диабетингиз омонми, қон босимингиз юрибдими, эээ, шунақами, босимингизнинг бўйи босимимнинг бўйига етиб қопти, унда бундай қилинг, менга фойда қилди...

Урушдан кейин ҳар икки ўшликдан бирини диабет дўхтир, қон босим дўхтир қилиб ишга олса бўлаверадиган бўпқолган.

Эндигина 54 га кирган Ҳасанбойни ҳам ўшликларга теккан касалликлар олиб кетди.

Марҳумнинг сўнгги манзили устига тупроқ тортишяптию шаҳарда бирор яқиним, қариндошим, дўстим (бошланиб қолди дўстларнинг кетишиям) қўйилмаган мозор йўқлигини ўйлайман: Тахти Сулаймонда Опоқдадам ва Дадам, Ойиммозорда Каттабувим, Қайирмада Онам, Акаларим...

Каттароқ аждодларимиз қўйилган мозорлар энди йўқ. Қирариқ маҳалласининг Увом қирғоғидаги мозори устида ҳозир касалхона гулхонаси.

***
Ҳасанбой билан видолашгач, Андижон кўчани кесиб, тўғридаги тор кўчадан Қурвонжон додҳога – Андижон йўлига ўтдим.

Қурвонжон Додҳо кўчасидаги кафелардан бири.

Қурвонжон Додҳо кўчасидаги кафелардан бири.

Ие, шу кўчага кўчиб қолибди-да! Қирғизистон (А. Масалиев) кўчаси файзини айтяпман. Боя айтувдимку Қирғизистон кўчасидан файз қочибди, деб. У кўчадан қочган файз бу кўчага – Қурвонжон додҳога – Шаҳидтепа атрофига кепқопти. Бири-биридан катта дўконлар, бири-биридан файзли ошхоналар. Ҳаммасида одам кўп, ҳаммасида савдо қизғин.

Дўкон қуришга улгурмаганлар ҳовлисиниёқ дўкон қилиб олибди.

Ана битта ҳовлида, афтидан, фақат салқин ичимликлар сотишаркан: одамлар колаю фантани блок-блок олиб чиқиб, машинасига жойлаяпти.

Мана бунисида, афтидан...

Бу ўшликлар пулни қаердан топаяпти-а?! Бир кило писта 12 доллар, Прагада арзонроқ, битта банан ярим доллар, Прагада бу пулга иккита беради.

Тўғри, пистаю банан ўшликнинг кундалик дастурхонида бўлмайди, ўшлик уларни “қўйиш”га олади, лекин барибир, қимматда-е!

Шунинг учун ҳайрон бўлаяпманда, ўшликлар пулни қаердан топаяпти, деб.

***
Писта билан бананни кундалик дастурхонига сотиб олабиладиган ўшлик ўзбеклардан иккитаси – Қурвонжон додҳолик дўкондорлар мен билан Истанбулгача бирга келди – хотинларини олиб, Анталияга 10 кунга дам олишга кетишаётган экан. “Бир кишига 1800 доллардан тушди”, деди улардан бири – мақтандими ё ёзғирдими – тушунмадим.

“Биз Прагадан бориб, Анталияда 400-500 долларгаям дам олиб қўяверамиз”, дедим мен. Қуруқ информация оҳангида айтдим бу гапни. Ўзи умуман бадавлат кишилар билан гаплашишни билмайман. Масалан, Анталияда дам олиш учун улардан уч баравар кам пул тўлашим мақтанадиган гапми ё индамай қўяқолсам тўғри бўлармиди?

Истанбулга қўндик. Ҳамроҳларим билан хайрлашиш пайти келди – улар жанубга – Анталияга учади, мен шимолга – Прагага учаман.

- Ўшга қачон қайтасиз, Ўктамбек, - деб сўради улардан бири.

- Қайтаман, - дедим, - “гастарбайтерлик” тугасин.

- Э, қайтинглар-э, - деди яна бири.

Ғирт ўшча оҳанг билан айтди у бу сўзни.

“Қайтинглар-эээ!” эмас, “Қайтинглар-эъ!” деди.

Ҳаракат қилаяпману, барибир жонсиз ҳарфларда бериб бўлмайди бу оҳангни.

“Қайт-эъ!” – бу отанинг ўғилга, аканинг укага оддийгина чақириқ-даъватидан кўра кучлироқ ҳислари ифодасидир.

“Қайт-эъ!” танбеҳдир. Ота ва Аканинг мардона меҳрига қорилган танбеҳдир.

Ҳамшаҳрим ўзининг “Қайтинглар-эъ!”сига Ўшда яшаб, ўшликка зор ўшликнинг соғинчини жойлагандай бўлди.

“Сизсиз Ўш - чала, Сизсиз Ўш - етим”, дегандай бўлди. Бир менга эмас, ташқарида улоқиб юрган барча ўшликларга айтгандай бўлди.

Ҳар ҳолда, шундай туюлди менга.

Кўнглим бузилди.

“Қайтаман!” дедиму бошқа гапга ўтмадим, шарт бурилиб кетвордим.

Қайтаман, биродар, қайтаман. Қайтмай, қайгаям бораман!

Ахир Ўш кўз очиб кўрган шаҳрим. Очилган кўзни Ўшда юммай қайда юмай?!

Бу гапларим шунчаки лирика эмас, биродар!

Бу гапларим қарордир, кеча сафар олдидан аждодларим ётган мозорларни зиёрат қилаётиб келган қароримдир!

Шу ўй-саноларга чўмиб ўтирарканман, самолёт Прагага эна бошладию бирдан ваҳм босди – негадир ҳар доим шундоқ, учоқ кўтарилаётганда унчамасу қўнаётганда ваҳима босади.

Учоқнинг думалоқ ойнасидан пастга қараб, чалғишга уринаман. Ана Праганинг кўзни қувнатувчи тоза қизил тунука томлари, ана бизнинг Оқбурадай йилда бир эмас, йил-ўн икки ой суви лим-лим Влтава. Дарёдан юқорида Narodni museumнинг гумбази кўриниб турибди. Музей ёнида Vinohradska – Узумзор кўчаси. 12 йилдан бери шу кўчада яшайман.

12 йилдан бери яшайману ҳали-ҳануз уни “бизнинг кўча”, дея олмаганимни бирдан тушуниб қоламан.

Ҳа, менинг кўчам эмас у. Мен унга ётман, шунчаки бир меҳмонман. Менинг кўчам Ўшда.

Кутилмаганда шууримни банд этди бу оддий ҳақиқат ва тилим ўз-ўзидан қирариқдошим, жигарим Шоирнинг энг сўнгги шеъридаги сўнгги сатрларни пичирлай бошлади:

...Шунда қолиб кетсак гар
Нетамиз?
Абадият оралаб
Ўшга қачон етамиз?
Қорли тоғлар бағрида
Бегим – Ўшим кўринди.
Султон – Ўшим кўринди...


Ўш-Прага, 2013, август-сентябрь

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG