Линклар

Якшанба куни Ироқда амалга оширилган ҳужумларда камида 46 киши қурбон бўлди. Бу ҳақда мамлакат расмийлари маълум қилди.

Бағдоддан 60 километр жануброқда жойлашган Мусаиб шаҳридаги шиалар масжидида содир этилмиш портлаш чоғида камида 25 киши ҳалок бўлди, қирққа яқин киши яраланди. Ҳужум дафн маросими чоғида худкуш шахс томонидан амалга оширилди.

Ироқ шимолидаги Ирбил шаҳрида жанггарилар хавфсизлик хизмати биносига ҳужум қилдилар. Бу ерда курд миллатига мансуб камида олти нафар ҳарбий ҳалок бўлди, қирққа яқин киши жароҳат олди. Ҳужумда тўрт нафар худкуш иштирок этди, бир автомобил портлатилди. Мазкур ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким зиммасига олгани йўқ.

Кеча Бағдод яқинидаги Ҳусайния шаҳри ва Бағуба шаҳрида ҳам портлаш ва ҳужумлар содир этилди.

Сўнгги пайтларда суннийлар ва шиалар ўртасидаги зиддият кучайиши ортидан Ироқда зўравонлик хуружлари сони кескин кўпайган. Йил бошидан буён бу каби ҳужумларда мамлакатда 4600 га яқин киши нобуд бўлган.
XS
SM
MD
LG