Линклар

Ассад: Дамашқ БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси талабларини бажаришга тайёр


Сурия президенти Башар Ассад.

Сурия президенти Башар Ассад.

Сурия расмийлари БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясидаги талабларни бажаради ва ўз кимёвий қуролларини йўқ қилади. Бу ҳақда Сурия президенти Башар Ассад Италия телеканалига берган интервюсида билдирди.

У Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши Сурия бўҳронини ҳамда бутун минтақадаги муаммоларни ҳал қилишда ижобий рол ўйнаши мумкинлигини қайд этди.

Ассад Европа давлатларининг кўпи ноябр ойида Женевада ўтказилажак тинчлик анжуманини тайёрлашда самарали рол ўйнай олмаслигини ҳам урғулади.

Жума куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурия кимёвий қуролини халқаро назорат остига топшириш ва уни йўқ қилишни кўзда тутувчи резолюцияни бир овоздан ёқлаган.

Сешанба куни Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича ташкилотнинг 20 га яқин инспектори Дамашққа келиши кутилмоқда. Улар октябр ойи охиригача Сурия бўйича кенг кўламли ҳисобот тақдим этишни режалаганлар.

Ташкилот вакили уларда “Сурия расмийлари ўз тасарруфидаги кимёвий қурол заҳираларини яширишга уринаётибди” дея тахмин қилишга асос йўқлигини билдирди.

Якшанба куни исёнчилар назорати остида бўлган Ракка шаҳридаги мактабга ҳаводан зарба берилгани оқибатида камида 12 киши нобуд бўлди. Ҳалок бўлганларнинг кўпчилигини мактаб ўқувчилари ташкил қилади. Бу ҳақда Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари маркази ва мухолифат фаоллари маълум қилдилар.
XS
SM
MD
LG