Линклар

Собиқ элчи Райан Крокер: АҚШ Эрондан конкрет қадамларни истамоқда


A combo photo shows US President Barack Obama (L) and Iran's President Hassan Rohani

A combo photo shows US President Barack Obama (L) and Iran's President Hassan Rohani

АҚШ президенти Барак Обама жума куни Эрон раҳбари Ҳасан Руҳоний билан телефонда мулоқот қилганини айтди. Обама эронлик ҳамкасби билан мулоқот Теҳроннинг ядровий дастури атрофидаги ҳавотирлар тезроқ барҳам топишига умидлантирганини таъкидлади. АҚШнинг Яқин Шарқ мамлакатларидаги собиқ элчиси ва бу минтақа бўйича етакчи сиёсатшунос Райан Крокернинг Озодликка айтишича, сўнгги воқеалар Эрон билан Ғарб ўртасидаги мунозараларни дипломатик йўл билан ҳал қилишга яхши имкониятларни очади.



АҚШ ва Эрон президентлари 1979 йилдан буён илк бор телефонда мулоқот қилди.

Барак Обама ва Ҳасан Руҳоний жума кунги телефон суҳбати чоғида Теҳроннинг ядровий дастурига оид келишувни муҳокама этди.

Обама Руҳоний билан мулоқот Эроннинг ядровий дастури атрофидаги хавотирлар тезроқ барҳам топишига умидлантирганини таъкидлади.

Айни пайтда Оқ уй раҳбари эронлик ҳамкасбига келишувга эришиш жараёнида жиддий тўсиқлар пайдо бўлиши ва сўзлашувлар муваффақияти кафолатланмаганини ҳам эслатди.

АҚШ раҳбарига кўра, келишув жараёни анча мураккаб кечиши мумкин. Лекин Эронда янги раҳбарият ҳокимият тепасига келиши билан бу йўналишда силжишга эришиш имконлари пайдо бўлди:

- Келишувга эришишимиз учун замин бор, деб ўйлайман. Эрон олий лидери ядровий қурол ишлаб чиқаришга қарши фатво берган. Президент Руҳоний ҳам ўз мамлакати ҳеч қачон бундай қурол ишлаб чиқармаслигини айтган. Биз ҳам эронликларнинг тинч мақсадларга қаратилган ва ўз мажбуриятлари доирасида ядровий энергия олиш ҳуқуқларини ҳурмат қиламиз, деди Обама.

Хабарларга кўра, телефон суҳбати Эрон президентининг ташаббуси билан ўтказилган.

Аввалроқ Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ўз мамлакати ядровий дастури билан боғлиқ можаронинг ечими бўйича ўз режасини Женева шаҳрида келаси ой бўладиган “5+1” форматидаги музокараларда тақдим этишини айтган эди.

Жума куни БМТ Бош Ассамблеяси сессияси теграсида қилган чиқишида Руҳоний ўз мамлакатинг ядровий қурол ишлаб чиқариш нияти йўқлигини яна бир бор такрорлади:

– Бундай қуролга Эрон хавфсизлик ва мудофаа тизимида ўрин йўқ, Бу фундаментал диний ва маъанвий қадриятлармизга ҳам зид келади, деди Руҳоний.

Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги дипломатик алоқалар 1979 йилда мамлакатда Ислом инқилоби рўй бергач, узилиб қолган эди.

Райан Крокер Эроннинг мунозарали ядровий дастури борасида дипломатик музокараларга оид жараёнлар ҳақида Озодлик билан суҳбатлашди.

Райан Крокер Эроннинг мунозарали ядровий дастури борасида дипломатик музокараларга оид жараёнлар ҳақида Озодлик билан суҳбатлашди.

АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги собиқ элчиси Райан Крокер Американинг Яқин Шарқ бўйича энг тажрибали сиёсатчиларидан биридир. Қўшма Штатларнинг Ливан, Қувайт, Сурия ва Покистондаги элчиси вазифаларида ҳам ишлаган Крокер яқинда БМТ Бош ассамблеясида Эрон вакиллари таклифи билан иштирок этди. Ироқ ва Афғонистондаги элчилиги даврида у АҚШ билан Эрон ўртасидаги воситачиси сифатида ҳам фаолият қилган. Ҳозирда Техасдаги Жорж Буш номидаги Ҳукумат ва давлат институти декани лавозимида ишлаётган Крокер Ню Йоркда ўтган БМТ йиғини пайтида Эрон мулозимлари билан учрашди. Собиқ дипломат Эроннинг мунозарали ядровий дастури борасида дипломатик музокараларга оид жараёнлар ҳақида Озодлик радиоси мухбири Ричард Солаш билан суҳбатдашди.

Озодлик: Эрон масаласи БМТ Бош ассамблеясининг асосий мавзуларидан бирига айланди. АҚШ Президенти Барак Обама ва Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийнинг нутқлари Бош ассамблеянинг марказий ҳодисалари бўлди. Ундан кейин 5+1 форматидаги учрашув, АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан Эрон Ташқи ишлар вазири Жавад Зариф ўртасида сўзлашувлар ўтказилди. Ана шуларни ҳисобга олсак, сизнингча, ядровий масала бўийча вазиятни қандай баҳолаш мумкин?

Элчи Райан Крокер:

- Менимча, ҳафта давомида Эронликлар билан нимага келишиб олиш мумкинлигини кўрсатувчи ижобий ҳодисалар рўй берганига гувоҳ бўлдик. Энди буни амалга тадбиқ қилиш мумкинми, йўқми кўришимиз керак бўлади. Эрон президентининг ҳаракатлари “пропагандик ҳужум”, дея талқин қилинмоқда. Менимча, унинг ҳаракатларига бундан ортиқроқ баҳо берса арзийди. Лекин конкрет мажбуриятлар олинмаганига қарамасдан, вазият мен ўйлагандан кўра ижобийроқ эканини айтиш мумкин ва энди президент Руҳонийнинг халқаро ҳамжамиятни Эрон ядровий қурол ишлаб чиқармаслигига ишонтириш бўйича олган мажбуриятлари самимий эканини аниқлашга ҳаракат қилишимиз керак. Буни аниқлаб олиш керак. Бунинг учун эса, ўтмишдаги шубҳалар инобатга олинса, тиғиз музокаралар ўтказилиши талаб этилади. Эронликлар Ню Йоркда муҳокамаларда ўз ядровий дастурига оид ғарбнинг хавотирларини бартараф қилиш учун конкрет таклифлар билан чиқишга тайёрлиги тўғрисида кўп гапиришди. Улар буни қила оладими, йўқми, шуни кўришмиз керак. Яъни бу яхши бошланиш, лекин шунчаки бошланиш холос.

Озодлик: Руҳоний жаҳоннинг етакчи давлатлари билан “уч ойдан олти ойгача” бўлган давр ичида ядровий дастур бўйича келишувга эришишга умид қилаётганини айтади. У шунингдек, буни амалга ошириш учун Эроннинг Олий руҳоний етакчиси Оятуллоҳ Алди Хоманаийдан ваколат олганини ҳам билдирди. Эроннинг бунда ҳаракатларига нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз.

Крокер:

- Президент Руҳоний ва унинг ташқи ишлар вазири бир неча марта айтганларидек – мен буни аниқ эшитдим – кейинги саккиз йил давомида тутган ёндашувимиз на Эрон ва на халқаро ҳамжамият учун самарали бўлди. У хусусан, “кейинги саккиз йил ичида бирортамиз яхшироқ вазиятга эриша олдик, деб айта олмайди, шунинг учун бесамар ҳаракатлардан ҳаммани қониқтира оладиган қарорлар қабул қилш фурсати келди”, деб айтди. Ҳаммани қониқтира оладиган қарорлар деганда, тушунишимча, эронликлар халқаро ҳамжамиятни улар ядровий қурол ишлаб чиқармаётганига ишонтира оладиган натижага эришишни истамоқда. Шу билан бирга улар тинч мақсадлардаги ядровий дастурни Ядровий энергия халқаро агентлиги номалари доирасида давом эттиришни ҳам истайди.
XS
SM
MD
LG