Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:10

Ўзбекистонда яна 5 аэропорт “Халқаро” бўлди


Андижон, Наманган, Фарғона, Қарши ва Термиз шаҳарлари аэропортлари Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил, 23 сентябрдаги қарори билан халқаро парвозлар учун очилди.

Шундай қилиб, мамлакатда халқаро аэропорт мақомига эга бўлган ҳаво майдонлари сони 8 тага етди.

Айни пайтда Ўзбекистонга ва бу мамлакатдан ташқарига амалга ошириладиган парвозлар учун чипталар нархлари баъзи қўшни давлатлардагига нисбатан камида икки баробар қиммат қолмоқда.


Аэропортга “Халқаро” мақоми берилишидан нима ўзгаради? Шу ва бошқа саволларимизни Наманган аэропортининг ўзини таништирмаган масъул ходимига бердик.

- Кўп нарса ўзгариши керак, биринчидан, (кулади –таҳр.) ойлигимиз ошиши керак. Пассажирларга хизмат кўрсатиш маданияти даражаси юқори бўлишига талаб кучаяди. Улар учун имкониятларни кенгайтиришимиз, VIP зали, болалар хонаси каби қулайликлар бўлиши, ҳожатхоналаримиз қулай ва озода бўлиши керак, деди аэропорт расмийси.

Унинг айтишича, Наманган аэропорти янги мақом талабларига жавоб бера оладиган даражада:

- Аэропортимиз янги мақом учун яроқли, ҳамма нарсаси бор. Тайёргарлик кўрганмиз. Тошкентдан келиб кўриб кетишган, деди ҳаво майдони вакили.
Унинг айтишича, Наманган аэропортининг учиш-қўниш йўлаги ҳам энг катта учоқларни қабул қила оладиган ҳолатда.


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси халқаро парвозлар учун очилган Андижон, Наманган, Фарғона, Қарши ва Термиз шаҳарлари аэропортларида Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари бўлимларини очиш учун уларни хоналар, алоқа воситалари, жиҳозлар ҳамда махсус техника билан таъминлаши зарурлиги ҳукумат қарорида белгилаб қўйилган.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг халқаро парвозлар учун очилган аэропортлари сони 8 тага етди: Тошкент, Нукус ва Самарқанд аэропортларини халқаро парвозлар учун очиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори 2012 йилнинг 21 июнида қабул қилинган эди.

Озодлик тингловчиларидан олинаётган хабарларга қараганда, аэропортларнинг мақоми ўзгариши билетлар нархларига таъсир қилмаяпти.

Россиянинг Красноярск шаҳрида ишлаб юрган сўхлик йигит ўтган ҳафтада Озодликка бундай деган эди:

- Иркутск – Ўш рейси бор. Кеча ўзбекистонликлардан 35 киши Ўшга учиб кетди.

-Нима учун Ўшга учишади?

- Чунки, билет арзон. Бир томонга 7 минг рубль. Ўзбекистонга қиммат. Масалан, Красноярск – Тошкент 19 минг, Красноярск – Наманган – 21 минг рубль. Иркутскдан Новосибирск орқали Фарғонага бориш учун 28 минг 900 рублга билет олиш керак, дейди сўхлик йигит.

Наманган аэропорти расмийси Озодликнинг билетлар нархига оид саволига жавоб беролмади. Унинг айтишича, “авиачипталар нархларини “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг тижорат департаменти белгилайди”. “Керосин қимматдир, хизматлар нархлари ошган бўлиши мумкин”, деб тахмин қилди у.

Аэропорт вакили айтган идора телефонини кўтарган ходим саволимизни жавобсиз қолдирди.

Мазуни ўтган ҳафтада ўрганган Озодликнинг қирғиз хизмати нафақат ўзбекистонликлар, балки тожикистонликлар ҳам чет давлатларга Қирғизистон орқали учаётганини, масалан, Қирғизистоннинг Боткен ва Исфана шаҳарларидан Бишкекка учаётганларнинг 60 фоизи тожикистонликлар эканини аниқлади.

Маълум бўлишича, кейинги 1 йил ичида Қирғизистонда халқаро рейслар сони 30 фоизга ошган, айни пайтда билетлар нархи анча арзонлаган. Бунинг сабабини мутахассислар авиакомпаниялар сони ошаётгани ва рақобатнинг кучаяётгани билан изоҳлаган.

Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири минтақа шаҳарларидан турли йўналишлар бўйича амалга ошириладиган парвозлар учун чипталар нархининг қиёсий таблицасини тузиб чиқди.

Таблица муаллифи бир ойдан кейин амалга ошириладиган парвоз учун авиакомпаниянинг ўзидан (агентликдан эмас) сотиб олинадиган чиптанинг энг арзон нархини олди.


Kyrgyzstan - Kyrgyz Low fares airlines. Compiled Bakit Azimkanov. Bishkek, 25 September 2013
Kyrgyzstan - Kyrgyz Low fares airlines. Compiled Bakit Azimkanov. Bishkek, 25 September 2013
XS
SM
MD
LG