Линклар

Ўзбекистонлик бошпана изловчи БМТ ваколатхонаси фаолиятидан норози


Ўзбекистонлик бошпана изловчи Каримжон Бишкекдаги БМТ уйи олдида флэш-моб ўтказмоқда.

Ўзбекистонлик бошпана изловчи Каримжон Бишкекдаги БМТ уйи олдида флэш-моб ўтказмоқда.

2013 йилнинг 30 сентябр куни ўзбекистонлик бошпана изловчи шахс Бишкекдаги БМТ уйи биноси олдида флэш-моб ўтказди. У ўзининг мазкур норозилик тадбирига чиқишига БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси ходимлари фаолиятидан қониқмаслиги сабаб бўлганини таъкидлайди.

2013 йилнинг 30 сентябр куни ўзбекистонлик бошпана изловчи шахс Бишкекдаги БМТ уйи биноси олдида флэш-моб ўтказди. У ўзининг мазкур норозилик тадбирига чиқишига БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси ходимлари фаолиятидан қониқмаслиги сабаб бўлганини таъкидлайди.

Ўзини Каримжон деб таништирган бу бошпана изловчи ўз иши бўйича Бишкек ваколатхонаси ходимларидан жавоб кутиб, зада бўлганини айтади.

- Менинг битта сўзим бор: бюрократизм жонимга тегди. Мен бюрократик давлатда бутун умр яшаганман. Қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Пешонам билан деворга урилавериб-урилавериб, жонимга тегди. Шунинг учун мен чиқдим, - дейди БМТ уйи олдида флэш-моб ўтказган Каримжон.

Ўзбекистонлик бошпана изловчи БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссари Бишкек ваколатхонаси вакиллари олдига қўяётган талабларига ҳам тўхталди.

- Менинг талабим – менинг ишларимни кўрсин булар. Тезроқ жавоб беришсин. “Кутинглар, кутинглар, кутинглар...” Қачонгача кутаман? Неча йил кутишим керак. Пайсалга солишлар... “ Эртага, индинга, ўзимиз чақирамиз...” Телефон қилиб чақиртирганидан кейин технический сабаблар[ни рўкач қилаяпти]. Технический сабаблар икки соатда битса керак, - дейди ўзбекистонлик бошпана изловчи Каримжон.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у қочқинлик мақомини олиш учун БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссари Бишкек ваколатхонасига 2011 йилнинг июл ойида мурожаат қилган. Ўзбекистонда турли сабабларга кўра 5 марта қамалган Каримжон ҳибсхоналарда ўзига нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлинганини, охири бу таъқиблардан безиб, Ўзбекистондан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтади.

- Мен ҳамма процедурадан ўтдим. 2011 йилдан бери “қийноқлар, қийноқлар” деб келаман. Қўл-оёқларим синдириб ташланган, бурунларим, қовурғаларим полний синиб кетган. Ҳамма қоғозларни олиб келиб берганман УВКБ ООНга, - дейди 2011 йилдан буён бошпана изловчи шахс мақомида қолаётган ва айни пайтгача “қочқин” мақомини ололмаган Каримжон.

Суҳбатдошимизга кўра, БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси ўтган йил августида унинг қочқинлик мақомини бериш илтимосини рад этган. Буни улар Каримжоннинг ҳужжатларида камчилик борлиги билан изоҳлашган ва шу важдан уни қочқинлик мақомига лойиқ топмаганларини айтганлар. Аммо ўз иддаосида собит Каримжон 2012 йил августида ваколатхона раддияси устидан аппеляция аризасини ёзган. Шундан бери, ўзбекистонлик бошпана изловчига кўра, у ваколатхона ходимларидан фақат “кутинг” деган бир хил жавобни олиб келаяпти, холос. Бундай ноаниқликдан зериккан Каримжон пировардида норозилик тадбири уюштиришга қарор қилганини айтади.

Ўзбекистонлик бошпана изловчи Каримжон бугунги флэш-мобдан кейин ўз иши чаппасига кетиши мумкинлигини истисно қилмайди. Айни пайтда у “мазкур норозилик акцияси тақдири ҳавода муаллақ қолган бошқа ўзбекистонлик қочқинлар ишини бироз бўлса-да, жўнаштириб юборармикин”, деган умидда.


БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонасининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Айнагул Абдрахманова “Ўзбекистонлик бошпана изловчи Каримжоннинг норозилиги нақадар асосли?” деган саволимизга жавобан ваколатхона хавфсизлик нуқтаи назаридан индивидуал кейслар (якка тартибдаги ишлар) бўйича маълумот беролмаслигини, бунинг учун кейс эгасидан розилик олиниши лозимлигини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG