Линклар

БМТнинг кимёвий қуроллар бўйича экспертлари Сурияни тарк этди


Сурияда кимёвий ҳужум рўй берганига оид иддаоларни текширган БМТ экспертлари гуруҳи ўз ишини якунлаб, мамлакатни тарк этди.

Душанба куни эрталаб Дамашқдан чиққан машиналар карвони Байрутга етиб борди. Бу БМТ инспекторларининг кейинги икки ой ичида Сурияга қилган иккинчи ташрифи бўлди. Улар еттита ҳолат, жумладан Дамашқ яқинида 21 август куни юзлаб одамнинг ўлимига сабаб бўлган кимёвий ҳужум юзасидан текширув ўтказди.

Халқаро мутахассислар текширувига доир кенг қамровли ҳисоботнинг келаси ойда эълон қилиниши кутилмоқда.

Сешанба куни бошқа бир халқаро тузилма Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича ташкилот экспертлари гуруҳининг Сурияга етиб келиши кутилмоқда. Уларнинг вазифаси Суриядаги кимёвий қуролларни инвентаризация қилиш ва уларни йўқ қилиш ишларига тайёргарликни бошлашдан иборат бўлади.

21 август кунги ҳодисадан кейин ғарб ҳарбий ҳужум билан таҳдид қилгани боис Сурия ўз ихтиёридаги кимёвий арсенални йўқ қилишга розилик берди.
XS
SM
MD
LG