Линклар

Ўзбекистон Республикасининг давлат байрамларидан бири – 1 октябрь - Ўқитувчилар ва мураббийлар куни арафасида мамлакат президенти 27 сентябрь куни имзолаган фармони билан бир қатор педагогларни унвон, орден ва медаллар билан муокофотлади.

Айни пайтда ўзбекистонлик ўқитувчи ва мураббийлар ўзларининг умумхалқ байрами сифатида тан олинган касб байрамини далада, пахта теримида ўтказиши кутилмоқда.


Ислом Каримовнинг 2013 йил, 27 сентябрь кунги фармони Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг расмий сайтида эълон қилинди.
Фармонга биноан бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар “мамлакат маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида соғлом ва баркамол вояга етказишга қўшган салмоқли ҳиссаси, уларга фан асосларини ҳамда замонавий касб-ҳунарларни ўргатишдаги жонкуярлиги, таълим-тарбия соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати ва жамоат ишларидаги фаол иштироки учун” мукофотланган.

Давлат раҳбари 2 ўқитувчига “Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси”, 2 ўқитувчига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, 9 мураббийга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, яна 2 мураббийга эса, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвони берди.

Бошқа бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар эса, Президент фармони билан “Фидокорона хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати”, II даражали “Соғлом авлод учун”, “Дўстлик” орденлари ва “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Ўқитувчилар ва мураббийлар куни – Давлат байрами бўлгани учун бу кун дам олиш кунидир. Шунинг учун умумтаълим мактабларининг ўқувчилари ўз устозларини душанба, 30 сентябрь куни табриклади.

Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи, ўзини Соҳибахон, деб таништирган ўқитувчи аёлни байрам билан қутладик.

- Байрамингиз муборак бўлсин!

- Раҳмат. Сизгаям қутлуғ бўлсин. Ўқитувчиларимиз бугун байрам қилишди.
Муаллиманинг гапларидан маълум бўлдики, у шу кунда уй бекаси –узоқ муддатли таътилда. Лекин унинг ўқитувчиларнинг кундалик ҳаётидан хабари бор.

- Икки йилдан бери ўқитувчилар гуруҳ-гуруҳ бўлиб пахтага боришаяпти. Ҳар кунликка эса чиқишгани йўқ. Ётоққа кетганлари бор. Ўшалар пахтада. Қолганлар дам олса керак,
деди гулистонлик ўқитувчи.

Ўзини Абди, деб таништирган қорақалпоғистонлик 43 яшар ўқитувчининг айтишича, унинг ҳамкасблари 1 октябрь куни мусобақада қатнашади.

- Байрамингиз муборак бўлсин!

- Раҳмат.

- Байрамни қандай кутиб олаяпсиз?

- Мусобақа уюштираяпмиз.

- Қанақа мусобақа?

- Пахта териш бўйича. Ким кўп терса – призи бор, деди ўзини Абди,
деб таништирган қорақалпоғистонлик 43 яшар ўқитувчи.

Бухоролик ўқитувчилар ҳам ўзларининг касб байрамларини далада ўтказажаги, педагогик жамоаларнинг дастурхонлари даладан қайтгач ёзилажаги тўғрисида Олот туманилик ўқитувчи маълум қилди.

30 сентябрь куни Озодликка Марғилондан таҳрирсиз бераётганимиз мана бу мактуб келди:

“Mening ismim Zebo (ismim o'zgargan) kasbim o'qituvchi. Farg'ona viloyati Marg'ilon shahardagi kasb hunar kollejinin o'qituvchisiman. Havfsizligim nuqtai nazaridan kollejimi ismini berolmayman. Bugun ertalab kollejimiz direktori hurmatli ............ bizga quyidagi 2 topshiriqni berdilar:
Ertaga kasb bayramimiz kuni ommaviy pahtaga chiqishimiz ihtiyoriy majburligini. Agar ushbu buyruqdan bosh tortsak 2 oktyabr kuni ishdan bo'shashimiz haqidagi arizamizni rahbariyat olishini aytib o'tdilar. Yoki o'rnimizga boshqa terimchi yoki bo'lmasam 15 000 yoki 20 000 mingdan berish sharti”.


Биз бу мактубни олгач, Марғилондаги коллежларнинг барчаси билан боғланишга кун давомида уриндик, лекин телефон гўшакларини ҳеч ким кўтармади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG