Линклар

Обама: Эрон билан музокаралар осон кечмайди


АҚШ президенти Барак Обама Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан, Вашингтон, 2013 йилнинг 30 сентябри.

АҚШ президенти Барак Обама Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан, Вашингтон, 2013 йилнинг 30 сентябри.

АҚШ президенти Барак Обама фикрича, Эрон сиёсатида сўзлар амал билан мустаҳкамланиши лозим. Бу ҳақда АҚШ раҳбари Вашингтонга сафар қилаётган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашув чоғида билдирди.

Обама Қўшма Штатлар ҳали ҳам Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик қарорида собит эканини таъкидлади. У Эрон ядровий муаммоси дипломатик йўллар билан ҳал этилажагига умид билдирди. Шу билан бирга, Обама Эронга оид ҳар қанақа муаммо, жумладан, ҳарбий муаммоларнинг ечилиши кун тартибида қолаверишини қайд этди.

Барак Обама АҚШ Эрон билан музокараларга очиқ кўз билан киришаётганини, бу йўл осон бўлмаслигини америкаликлар билишини урғулади.

Оқ уй раҳбарига кўра, АҚШ Эронга нисбатан киритилмиш санкцияларнинг бекор қилиниши бўйича юқори стандартларни жорий қилади. Шунингдек, Обама АҚШнинг Исроил билан алоқалари ҳозир ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамроқ эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG