Линклар

Тожикистонда мактаб ўқувчиси синфдошини ўлдириб қўйди


Тожикистонда 9-синф ўқувчиси ўз синфдошини кўкраги ва бошига уриб, ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилади.

Воқеа Душанбе шаҳридан 55 километр шарқроқда жойлашган Файзобод туманидаги мактаблардан бирида 28 сентябр куни содир бўлган.

Айтилишича, биология ўқитувчиси дарс пайтида ўқувчилардан шовқин қилмасликни сўраб, телефон қўнғироғига жавоб бериш учун синфхонадан чиққан.

Ўқитувчи чиққач, ўқувчилар шовқин-сурон кўтара бошлаганлар, шундан сўнг ўқувчилардан бири синфдошларидан жим бўлишни сўраган. Унинг бу гапи синфдаги ўқувчилардан бирига ёқмаган ва у синфдошининг ёнига келиб, кўкрагига мушт тушириб, бошига китоб билан урган.

Олинган жароҳатлар туфайли ўқувчи воқеа жойининг ўзида жон таслим қилган. Экспертиза хулосасига кўра, ўқувчи миясига қон қуйилиши натижасида нобуд бўлган.

Воқеа бўйича гумонланувчининг ҳозирда маҳаллий милиция бўлимида экани айтилмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили республикада вояга етмаганлар томонидан 575 та жиноят, шу жумладан, бешта қотиллик содир этилган.
XS
SM
MD
LG