Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:38

Ҳашарчи ташиётган автобус КамАЗ билан тўқнашиб кетди


Ҳашарчиларга ажратилган "Отайўл" автобусига сиғмаётган теримчилар.
Ҳашарчиларга ажратилган "Отайўл" автобусига сиғмаётган теримчилар.

"WhatsApp Пахтакор" блогига йўлланаётган хабарлар орасида ҳашарчилар ташиётган транспортлар ҳалокатига оид маълумотлар ҳам келмоқда. Кўпи билан 50 йўловчи олиш мумкин бўлган Отайўл автобусида 100, 80 йўловчига мўлжалланган Мерседес-Бенц автобусида 150, 7 йўловчилик Дамасда эса 15-16 теримчи ташилаётгани айтилмоқда.



Озодликнинг "WhatsApp Пахтакор" блогига йўлланган хабарлардан бирида тиббиёт ходимлари бораётган микроавтобус Қумқўрғон туманида КамАЗ русумидаги юк машинаси билан тўқнашиб кетгани айтилди.

"... Fojea surxondaryo vil qumqurgon tumanidan paxtaga mediklarni olib ketayotgan avtobusning orqasidan zil avtomobili katta tezlikda urgan ulim yuq jaroxatlanganlar kup...", деб ёзди теримчи-блоггер.

Озодликнинг Сурхондарёдаги исми сир сақланаётган манбаси томонидан аниқланишича, теримчилар бораётган транспорт ҳалокати 1 октябр куни тонгги соат 10 ларда содир бўлган.

"ГАЗ-53 русумидаги микроавтобусда медиклар пахта теримига кетаётган бўлган. Орқасидан КамАЗ келиб туртиб юборган, шу. Автобуснинг орқа буфери қийшайиб кетган. Лекин ичида ҳеч кимга зарар етмаган, касалхонага ҳам ётқизилмаган. Фақат моддий зарар етган, холос", деди Озодликнинг Сурхондарёдаги манбаси.

Бу манбадан олинган маълумотга кўра, воқеа жойида ишлаётган Сурхондарё вилоятида ДАН ходимлари микроавтобусдаги йўловчилар сони 15 нафар бўлганини айтган.

Айни дамда ДАН ҳодимлари автоҳалокат сабабларини ўрганаётгани ва 2 октябр куни барча ҳужжатлар Қумқўрғон туман судига оширилиши ҳам Озодликка маълум бўлди.

Аммо, бу каби автоҳалокатлар пахта далаларига ҳашарчилар ташилаётган автомобил йўлларида кўплаб содир бўлмоқда.

Бундай ҳалокатларга гувоҳ бўлаётган Озодлик муштарийлари жами 13 йўловчига мўлжалланган ГАЗ русумидаги микроавтобусларда, одатан, 20 нафар ва ҳатто, ундан ҳам кўпроқ йўловчи пахтага ташилаётгани ҳақида ёзмоқда.

Сурхондарё вилоятида банклардан бирининг ходимига кўра, вилоятда ҳашарчилар кўпроқ Отайўл автобусларида теримга ташилмоқда.

"Шу линиядаги транспортларда ташиляптида. Отайўл автобуслари биздаги линияларда. Ҳар куни Термиз ОблОНОсининг биноси олдида йиғилади теримчилар. Шу шаҳар автобусларида, ГАИ сопровождениесида қатнаяпти. Энди одамни тиқиб-босиб олиб кетиш бўлади, табиий", деди Термиз шаҳридаги банк ходими.

Бу ходимнинг ўзи ҳар шанба-якшанба кунлари ташкилот қошидаги хизмат машиналарида пахтага чиқаётганини айтди.

"Ўзи жуда кўп ташкилотларга транспорт масаласини ўзи ҳал қилсин, дейилган. Биз Nexiaда борамиз. 24 кишилик кичкина коллективмизда биз", дер экан бу ходим 5 кишлик Nexia автомобили орқа ўриндиғига 3 киши ўрнига баъзан 4 кишининг ўтириши ҳоллари бўлиб туришини инкор қилмади.

Шу кунларда "WhatsApp Пахтакор" блогига йўлланган хабарларда кўпи билан 50 йўловчи сиғиши мумкин бўлган Отайўл автобусида 100 теримчи ташилаётгани айтилмоқда.

Ҳатто, Тошкент вилоятида пахтага қатнаётган блоггерлардан бири битта Отайўлга 150 га яқин йўловчи олингани ҳақида ёзди.

"Тошшаҳартрансхизмат" ташкилоти қошидаги Транспорт хизмати сифатини назорат қилиш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, жамоат транспорти қатновига қўйилган автобусларнинг асосий қисмини Ўзбекистонда чиқарилган Отайўл автобуслари ташкил қилади.

"Тошкентда Мерседес-Бенц қўйилган. Лекин вилоятларда давлат томонидан қўйилган автобусларнинг кўпи Отайўл. Шунинг учун ҳашарчилар Отайўл автобусларида ташилаяптида", деди бу мулозим.

Биз бу мулозимдан автобусларда йўловчи ташиш қоидаси, хусусан, автобусларда рухсат берилган йўловчилар максимум сони ҳақида сўрадик.

"Отайўл автобусида 14 та ўриндиқ бор. Лекин, тик турган йўловчилар сони 28 нафар. Шу билан жами 42 йўловчи мўлжалланган. Лекин, максимум 50 тагача одам олиш мумкин. Унақа 150 тагча одам олиш категорический мумкин эмас и сиғмайдиям", деди "Тошшаҳартрансхизмат" ташкилоти қошидаги Транспорт хизмати сифатини назорат қилиш бошқармаси ходими.

Бу мулозим шу кунларда шаҳарлик теримчиларни Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларига ташиётган Мерседес-Бенц русумли автобусларга ҳам меёридан ортиқ йўловчи олиш ҳоллари учрашини ҳам эҳтимолдан соқит қилмади.

"Мерседесда 34 та ўриндиқ бор. Тик турган йўловчилар билан бирга 70-80 нафаргача йўловчи ташиш мумкин. Роса борса, 100 йўловчи олса бўлар, аммо бундан ошириш керак эмас, автобус кўтармайди", деди мулозим.

"WhatsApp Пахтакор" блогига йўлланган хабарларда 80 йўловчига мўлжалланган Мерседес-Бенц автобусида 150, 7 йўловчилик Дамасда эса 15-16 нафарлаб одам ташилаётгани айтилмоқда.

2011 йилда Yotube тармоғига ўзбекистонлик милиционерлар томонидан олинган бир видео ташланган ва унда битта Дамасга 22 ўқувчи жойлангани акс этган эди.


XS
SM
MD
LG