Линклар

Ёлғиз қарияларни тунашда гумон қилинганлар қўлга олинди


WhatsApp орқали жўнатилган ушбу суратда ўғирликда гумонланиб, ушланган шахслар акс этгани айтилган.

WhatsApp орқали жўнатилган ушбу суратда ўғирликда гумонланиб, ушланган шахслар акс этгани айтилган.

Тошкент шаҳридаги ёлғиз қарияларни тунашда гумонланган гуруҳ аъзолари 30 сентябр куни қўлга олинди. Қўлга олинганлар бир оила аъзолари бўлган аёл, эркак ҳамда 8-12 ёшдаги қизалоқдан иборат экани айтилмоқда.


Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “Исковуч” гуруҳ деб атаётган шахслар душанба куни Тошкент вилояти Зангиота тумани Ички ишлар бўлими томонидан қўлга олинган.

Буни тасдиқлаган Зангиота ИИБнинг навбатчи ходими тергов-суриштитув ишлари кетаётгани учун ушбу шахсларнинг исми шарифлари очиқланмаслигини таъкидлади.

Тошкент шаҳар Чилонзор туман ИИБдаги манбанинг айтишича, эр-хотин ва уларнинг қизидан иборат гуруҳ аъзолари сўнгги уч ой давомида Чилонзор туманида камида тўртта жиноятни содир этганликда гумонланмоқда.

WhatsApp орқали жўнатилган ушбу суратдаги эркак ўғирликда гумонланиб, ушланган шахс экани айтилган.

WhatsApp орқали жўнатилган ушбу суратдаги эркак ўғирликда гумонланиб, ушланган шахс экани айтилган.

“Эркак билан аёлдан иборат талончилар гуруҳи дастлаб икки киши бўлиб ҳаракат қилган. Кейинги иккита жиноятда эса ўзларига 8-12 ёшлардаги бир қизалоқни ҳам шерик қилган. Қизалоқ асосан қариялар ишончига кириш воситаси сифатида қўлланилган”, дейди милиция ходими.

Озодликка WhatsApp орқали қўлга олинган гумондорларнинг сурати экани айтилган 2 та сурат келди. Ушбу суратларда 45 ёшларда бўлган эркак, 40 ёшлардаги аёл ва 10 ёшлардаги қизалоқ акс этган.

Қўлга олинган шахслар 26 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани 19-кварталида ёлғиз яшовчи 65 яшар аёл уйини тунашда гумонланмоқда.

Шунингдек, улар 6 сентябрда Чилонзор туманидаги Муқимий кўчаси 160-уй 31-хонадонда яшовчи 87 ёшли Хадича Носированинг уйига ўғирликка тушиб, унинг уч миллион сўм пулини ўмаришда гумонланаяпти.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, ушланган шахслар ўтган ойда Чилонзор туманининг Чилонзор маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи 89 яшар қария аёл уйига тушишда гумонланмоқда. Милиция маълумотига кўра, ушбу босқин оқибатида 89 яшар аёл вафот этган.

Чилонзордаги камида тўртта жиноятни содир этганликда гумонланган шахсларнинг фотороботи.

Чилонзордаги камида тўртта жиноятни содир этганликда гумонланган шахсларнинг фотороботи.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, кейинги бир йил мобайнида Тошкент шаҳрида ёлғиз пенсионерларни тунаш ва ўлдириш ҳолатлари сони ўттиздан ошган.

Исмини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, Тошкентда ёлғиз қарияларни тунаш ҳолатлари дастлаб 2011 йилнинг бошида қайд қилинган бўлиб, бир хил ўғирлик сценарий асосида бир қанча гуруҳлар ҳаракат қилган.

Тошкент милицияси маълумотига кўра, ёлғиз қарияларни ўлдиришда жиноятчилар дастлаб сохта коммуналчилар ниқобидан фойдаланган.

Қизалоғи билан жиноят қилган эр-хотинлар эса қарияларни алдашда ҳар сафар турли хил усусллардан фойдаланган.Милициядан олинган маълумотга кўра, ушбу гуруҳ 87 ёшли Хадича Носированинг уйига тушишда “Яқинда пул алмашади, шуни сизга алмаштиришга ёрдам берамиз” деб алдаб, унинг эшигини очтириб, уйга киришган. Кейин Хадича момонинг оғзига латта тиқиб, қўл-оёқларини скотч билан боғлаб, унинг 3 миллион сўм пулини ўмариб кетишган.

Талончиларни қидириш ишлари МХХ, прокуратура ва милиция ходимлари ҳамкорлигида олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG