Линклар

Россияда Қуръон тақиқига қарши акциялар бошланди


"Россияга исломга қарши" акцияси иштирокчиси Челябинск шаҳрида. Сурат "ГолосИслама" сайтидан олинди.

"Россияга исломга қарши" акцияси иштирокчиси Челябинск шаҳрида. Сурат "ГолосИслама" сайтидан олинди.

Москва, Тюмень, Қозон ва Челябинск шаҳарларидаги жамоат жойларида "Россия исломга қарши: 17 сентябрда Қуръон тақиқланди" деб ёзилган плакатлар осиб чиқилди. Бу акция исломшунос олим Элмир Кулиевга оид "Қуръони карим маънолари рус тилига таржимаси"нинг Октябрьский туман суди томонидан эсктремистик деб топилганига қарши ўтказилмоқда.

Россиянинг бир неча йирик шаҳарларида Қуръони карим маънолари таржимасининг экстремистик, деб топилганига қарши норозилик акцияси ўтказилмоқда.

Ташкилотчиси очиқламаган акция иштирокчилари Москва, Тюмень, Қозон ва Челябинск шаҳарларининг гавжум бекатларида Россия ҳукуматининг ислом ва мусулмонларга нисбатан сиёсати қораланган плакатлар осиб чиқилмоқда.

Жумладан, Москва шаҳри метросининг бир неча гавжум бекатларида "Россия исломга қарши. Ҳижобни тақиқладилар", "Россия исломга қарши. Қуръонни тақиқладилар" мазмунидаги плакатлар осилди.

Тюмень, Қозон ва Челябинск шаҳарларида эса "Россияда ислом тақиқланган. Аммо, Оллоҳ ягона ва Муҳаммад унинг расулидир" мазмунидаги плакатлар ёпиштирилди.

Шунингдек, бу шаҳарларда ёш йигитлар қўлларида плакат тутган ҳолда, бир кишилик пикетлар ўтказдилар.

Wordyou.ru сайтида берилган хабарга кўра, Челябинск вилоятида бир киши қўлида тутган пикетда "Мени Оллоҳга эътиқодим учун отдилар. Гаппаев Абдулла. 16.09.2013" деб ёзилган эди.

Бу палакатларда Россиядаги ҳуқуқ-тартибот идораларининг ислом ва мусулмонларга сиёсати қораланган бўлсада, умумиятла, бу норозилик 17 сентябрь куни Новороссийск шаҳрида суд томонидан Қуръон таржимасининг эсктремистик деб топилгани сабаб бўлмоқда.

17 сентябр куни Октябрьский туман суди Россияда танилган исломшунос олим Элмир Кулиевга оид "Қуръони карим маънолари рус тилига таржимаси"ни экстремистик адабиёт деб топди ва тақиқлади.

Россия муфтийлар кенгаши раиси Равил Ғанутдиннинг бу қарорни бекор қилишини сўраб президент Владимир Путинга ёзган мактубига, орадан 10 кун ўтди ҳамки, жавоб йўқ.

Айнан шу кенгаш томонидан тасдиқдан ўтиб, чоп этилган Қуръони карим маънолари таржимасининг тақиқланишига нисбатан кескин норозилик кайфияти эса россиялик мусулмонлар орасида кучайиб бормоқда.

Мусулмонлар учун фақат исломий ва ҳалол интернет хизматини тақдим этиш мақсадида тузилган SalamWorld ижтимоий тармоғи ташкилотчиларидан бири Абдул-Воҳид Ниёзов бу қарорни “провокация” деб баҳолади.

- Бу ерда нафақат таржима, балки дунёдаги энг йирик диний конфессиянинг муқаддас бирламчи китобининг ўзини тақиқлаш ҳақида гап бормоқда. У ерда таржимагина эмас, Қуръоннинг асли ҳам келтирилганку?! Боз устига, бундай қарорнинг қанақадир туман суди томонидан берилиши мутлақо абсурд, - деди Абдул-Воҳид Ниёзов.

Россияда бунга қадар 2012 йилнинг май ойида ҳам Бошқирдистон Олий суди Қуръоннинг бир неча оятини экстремистик, деб топиш бўйича киритилган даъво аризасини кўриб чиққан эди.

Ўшанда суд қошидаги лингвистик таҳлил гуруҳи экспертлари суд ишига тиркалган LiveJournal сайтида эълон қилинган мақола ичидаги Қуръон оятларидан 5 тасини экстремистик мазмунда, деган хулосани берган эди.

Жумладан, Тоҳо сурасидаги оятлардан бири суд экспертлари томонидан “исломдан бошқа динларга қарши салбий муносабат уйғотувчи” деб топилган ва экстремистик адабиёт сифатида тақиқлаш ҳақида хулоса берилган эди.

Октябрский суди қарори билан танишган манбаларга кўра, бу галги суд ҳам Қуръоннинг шундай мазмундаги оятларини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарган.

Россиялик йирик сиёсат ва жамоат арбоби, Россия исломий қўмитаси раиси Гейдар Жамол ҳам судларнинг Қуръонни тақиқлашга уриниш ҳаракатларини кескин қоралади.

Шунингдек, у бундай қарорлар ортида турган “экспертлар”нинг малакасига жиддий шубҳа билдирди.

- Ҳозир булар Қуръоннинг алоҳида оятларини умумий контекстдан суғуриб олиб, ҳар томонга тортқилашяпти. Исталган диний жамоа – насронийлар, яҳудийларнинг ҳам муқаддас китобларидан алоҳида оятларни олиб, бу “экспертлар” каби муҳокама қилинса, уларни ҳам Қуръон каби тақиқлаш мумкин. Аммо, бунга йўл қўйиб бўлмайди. Ахир бу алоҳида диний жамоалар муқаддас ва дахлсиз билган бирламчи диний манбаларга нисбатан ҳақорат-ку, - дея эътироз билдирди Гейдар Жамол.

20 миллиондан ортиқ мусулмон истиқомат қиладиган Россияда туман судларининг мусулмонларни жунбушга солувчи бундай қарорлар чиқараётганига ҳали Кремл расмийлари муносабат билдиргани йўқ.

Россияда танилган, асли озарбайжонлик исломшунос файласуф Элмир Кулиев эса шу кунга қадар бу ҳақда матбуотга бирор баёнот бергани йўқ.

Аммо, файласуф билан яқин алоқада бўлган россиялик жамоат арбобларининг айтишича, Кулиев Октябрьский туман суди қароридан кескин норози ва айни дамда ўз ҳаққи ва муҳими, Қуръони карим ҳимояси учун адвокат ёллаган.

Элмир Кулиев ўгирган "Қуръони карим маънолари рус тилига таржимаси" 20 миллиондан ортиқ россиялик мусулмонлар орасида И.Ю.Крачковский ва В.М.Пороховалар ўгирган русча Қуръондан кейинги учинчи ўринда турадиган диний адабиёт сифатида тига олинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG