Линклар

Сурияга борган кимёвий экспертлар гуруҳи сафида ўзбекистонлик мутахассис ҳам бор


Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотининг Сурияга ташриф буюрган 20 кишидан иборат экспертлар гуруҳи сафида ўзбекистонлик мутахассис ҳам бор. Бу ҳақда РИА Новости ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотининг ижроия органи 27 сентябр куни 2014 йил ўртасигача Суриядаги кимёвий қуролларни йўқ қилиш бўйича дастурни тасдиқлаганди.

Дастур доирасида 1 октябр куни мамлакатга ташриф буюрган инспекторлар дастлаб қатор текширувлар ўтказади.

30 кун ичида мутахассислар Сурияда кимёвий қуролларни ишлаб чиқариш ва сақлашга алоқадор объектларни ўрганиб чиқиши айтилмоқда.

Режага кўра, кимёвий қурол ишлаб чиқаришда ишлатиладиган техника ноябр ойи охиригача, кимёвий арсенал эса 2014 йилнинг ўртасигача йўқ қилиниши керак.

Сурияга нисбатан ҳарбий куч қўллаш ўрнига унинг кимёвий қурол арсеналини йўқ қилиш ташаббуси Россия тарафидан илгари сурилган эди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Бишкекда ўтган Шанхай хавфсизлик ташкилоти саммитида Россиянинг ушбу ташаббусини қўллашини ва Суриядаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини билдирган.
XS
SM
MD
LG