Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:54

Қамбарота-1: Ўзбекистон "шаллақилик"да айбланди, Қозоғистон лойиҳага қўшилмоқчи


Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг БМТда сўзлаган нутқи қирғиз газеталари томонидан "шаллақилик" деб баҳоланди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг БМТда сўзлаган нутқи қирғиз газеталари томонидан "шаллақилик" деб баҳоланди.

Ўзбекистон БМТ Бош ассамблеясида Қирғизистонда Россия сармояси ҳисобига барпо этилиши режалаштирилган Қамбарота-1 ГЭСига қарши эканини эълон қилган бир пайтда Бишкек расмийлари Тошкент билан бир позицияда бўлган Қозоғистон мазкур лойиҳада иштирок этишга тайёр эканини билдирди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессиясида Қамбарота-1 ГЭСи қурилишига ўз мамлакати қарши экани тўғрисидаги билдируви Қирғизистондаги айрим газеталар томонидан “шаллақилик” сифатида қабул қилинди.

Қамбарота-1: Ўзбекистон "шаллақилик"да айбланди, Қозоғистон лойиҳага қўшилмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:34 0:00
Бевосита линк

Масалан, Бишкекда нашр қилинадиган ва ҳукуматга мойил бўлган “Фабула” газетаси 1 октябрдаги сонида “Ўзбеклар уввос тортмоқда” деган сарлавҳа билан хабар эълон қилди. Хабарда Абдулазиз Комиловнинг нутқига “Қирғизистонда ГЭС қурилишига қатъий қарши чиқаётган Ўзбекистон ҳукумати БМТ йиғинида ўз ғам-андуҳларини айтиб, шаллақиларча дод-вой солди”, деб баҳо берилган.

Абдулазиз Комилов сентябр ойи охирларида БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида, жумладан, мана буларни айтган эди:

-Халқаро меъёрларга асосланган ҳолда, сувдан фойдаланишдаги асосий талабларни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.Марказий Осиёдаги чекланган сув заҳиралари биринчи навбатда истеъмол қилиш ва санитария эҳтиёжларига, шундан кейингина озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экологик эҳтиёжлар, ишлаб чиқариш ва энергетика соҳаси эҳтиёжлари учун фойдаланилиши керак.

Ўзбекистон расмийси шу муносабат билан ўз мамлакати Тожикистондаги ва Қирғизистондаги ГЭСлар қурилишига қарши эканини, Амударё ҳамда Сирдарё муайян бир давлатнинг эмас, балки минтақа давлатларининг умумий ризқу-рўзи эканини таъкидлаган.

БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев эса Ўзбекистон ҳукуматининг ГЭСлар масаласида эгаллаган позицияси хато эканига шаъма қилган. Эрлан Абдилдаевнинг айтишича, ГЭС қуриш ёки қурмаслик Қирғизистоннинг қонуний ҳуқуқи ва Қамбарота-1 ГЭСининг барпо этилиши минтақа давлатлари учун фойдали бўлади.

Қирғизистон Россия билан бир қатор ГЭСларни ҳамкорликда қуриш юзасидан шартнома имзолаган. Айни пайтда Норин ГЭС каскадларини қуриш ишлари бошланган. Қамбарота-1 ГЭСи тўлалигича Россия сармоясига қурилади. Гидроиншоот барпо этилгач, Россия Қамбарота-1 ГЭСининг 50 фоиз акциясига эгадорлик қилади.

Гап шундаки, Қамбарота-1 ГЭСи барпо этилгач, Қирғизистон ва Россия минтақадаги сув заҳирасининг асосий қисмини назорат қилиш имкониятига эга бўлади.

Ўзбекистон томони бундай ҳукумронлик Марказий Осиёда кўплаб экологик, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаришини билдирган ҳолда, мазкур ГЭС қурилишига қарши чиқиб келмоқда.

Бир неча йил олдин Россия, кейинроқ эса Қозоғистон президентлари Ислом Каримов билан учрашувдан сўнг ўз давлатлари Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши юзасидан Ўзбекистон позициясини қўллаб-қувватлашларини билдирган эди. Бироқ Россия жорий йилда Қирғизистонда ГЭСлар қурилишини бошлади. Қирғизистон ҳукумати Қозоғистон ҳам Қамбарота-1 ГЭСи қурилишидан манфаатдор эканини билдиргани ҳақида эълон қилди:

-Қирғизистон ва Россия ўртасида Қамбарота-1 ГЭСи юзасидан имзоланган шартномани мен энг тўғри қарор деб ҳисоблайман. Биз бу лойиҳага учинчи томон ҳам қўшилиши мумкинлигини очиқ билдириб келаяпмиз. Қозоғистон ГЭС қурилишида иштирок этишга тайёр эканини билдирди. Биз Қозоғистоннинг бу қарорини ижобий баҳолаймиз,- деди Қирғизистон Бош вазири Жонтўра Сатибалдиев 30 сентябрда журналистлар билан қилган мулоқоти чоғида.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев эса ўз мамлакати ГЭС қурилишига Ўзбекистонни ҳам шерик қилишдан манфаатдор эканини, бу масалада Ўзбекистон томони ўз позициясини ўзгартиришига умид қилишини бир неча бор айтиб чиққан эди.

Россия 2012 йилнинг сентябр ойида Қамбарота -1 ГЭСини Қирғизистон билан ҳамкорликда қуриш юзасидан шартномани имзолаган эди. Тахминий ҳисоб китобларга қараганда, ГЭСни қуриш учун 2 миллард доллар маблағ талаб қилинади.

Қамбарота -2 ГЭСининг Қирғизистон кучи билан 200 миллион долларга қурилган илк агрегати эса 2010 йилнинг 30 августида ишга туширилган.
XS
SM
MD
LG