Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:08

Ўзбекистон Сурия кимёвий қуролларини йўқ қилишда иштирок этмоқда



Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) нинг экспертлар гуруҳи Суриянинг кимёвий қуролларини йўқ қилиш учун Дамашққа борди. Йигирма нафар мутахассисдан иборат гуруҳ аъзолари орасида Ўзбекистон вакили ҳам бор.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти 27 сентябр куни Суриянинг кимёвий қуролларини йўқ қилиш ҳақидаги дастурни тасдиқлаган.

Ҳужжатда халқаро ташкилот экспертлари 1 октябрдан бошлаб 30 кун давомида Суриядаги объектларга бориб инспекция ўтказиши назарда тутилган.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотининг матбуот котиби Майкл Лухан Озодлик билан суҳбатда Сурияда иш бошлаган экспертлар гуруҳи аъзолари орасида Ўзбекистон вакили ҳам борлигини тасдиқлади.

Лухан Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти экспертлари Сурияда амалга ошириши керак бўлган вазифа тафсилотлари ва мутахассислар ҳақидаги маълумотлар ахборот воситаларига очиқланмаслигини айтиб бунинг сабабини шундай изоҳлади.

- Чунки ҳозир улар ўта хавфли вазифани бажаряпти. Сурияга борган инспекторлар миссия давомида матбуот ходимлари билан гаплаша олмайди. Биз ҳам экспертлар гуруҳи аъзолари ҳақидаги маълумотларни ошкор қила олмаймиз, деди ташкилот матбуот котиби Майкл Лухан.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти тасдиқлаган дастурга мувофиқ ташкилот экспертлари Суриянинг кимёвий қуроллар ишлаб чиқаришда қўлланилган ускуналарини 2013 йилнинг ноябр ойи охирига қадар йўқ қилиши назарда тутилган. Суриянинг барча кимёвий қуроллари эса 2014 йил ўртасигача йўқ қилиниши мўлжаллаган.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти экспертлари зиммасига юклатилган вазифани ўз вақтида бажариши савол остига қўйилмоқда.

Боиси Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллим ҳукумат тақдим этган рўйхатдаги кимёвий қуроллар бўлган 19та жойнинг еттитаси президент Башар Ал-Ассад режимига қарши қуролли кураш олиб бораётган исёнчи гуруҳлар назоратида эканини айтди.

Жорий йилнинг 21 августида Дамашқ яқинида кимёвий қуроллар қўлланилгани оқибатида тинч аҳолидан 1400 киши нобуд бўлган эди.

Сурия мухолифати ҳужум учун ҳукумат кучларини айблаган. Дамашқ расмийлари эса бу иддаони рад қилган.

АҚШ тинч аҳолига қарши кимёвий қурол қўллагани иддао қилинган Сурияга ҳужум уюштиришга таҳдид қилган эди.

Россия Сурияга нисбатан ҳарбий куч қўллашининг олдини олиш учун Дамашқнинг кимёвий қурол арсеналини йўқ қилиш ташаббусини илгари сурди.

10 сентябр куни Сурия ҳукумати ўз ихтиёридаги кимёвий қуролларни халқаро ҳамжамият назоратига топшириш ва кейинчалик уларни йўқ қилишга розилик берди.

Шанхай хамкорлик ташкилотининг ўтган ой Бишкекда ўтган саммитида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россия ташаббусини қўллаб Суриядаги вазиятни сиёсий йўл орқали ҳал этиш тарафдори эканини билдирган.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш халқаро конвенциясини дунёнинг 189 давлати, жумладан, Ўзбекистон ҳам имзолаган.

Ташкилотнинг расмий веб-сайтидаги маълумотига кўра, Ўзбекистон Кимёвий қуролларни тақиқлаш конвенциясини 1995 йил 1 ноябрда имзолаган. 1996 йил 23 июлда ратификация қилинган мазкур ҳужжат 1997 йил 29 апрел куни кучга кирган.

2012 йил ноябрида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Белгия Қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Европа Иттифоқи ва НАТОдаги миссиялари раҳбари Бахтиёр Ғуломов Кимёвий қуролларни тақиқлаш халқаро ташкилоти Бош директорига Ўзбекистоннинг бу ташкилотдаги доимий вакили сиқатида ишонч ёрлиғини топширган.

Жорий йил июлида АҚШдаги Ўзбекистон элчиси вазифасини бажаришга киришган Ғуломовнинг ўрнини сентябр ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов эгаллади.

Қароргоҳи Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида жойлашган Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотининг асосий вазифаси мавжуд кимёвий қуролларни йўқ қилиш ҳамда кимёвий қуроллар ишлаб чиқарилмаслигини таъминлаш учун барча чораларни ишга солишдан иборат.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти ўзига аъзо давлатларга кимёвий ҳужум таҳдиди пайдо бўлса ёки кимёвий ҳужумга учраса, уларга ёрдам кўрсатади ва ҳимоя қилади.
XS
SM
MD
LG