Линклар

“Имомали Раҳмон ўз эрка қизига миллионлаб долларлик расмларни махфий сотиб олмоқчи”


Хитойлик диссидент рассом¸ диктатурага қарши кураш билан танилган Ai Weiwei асарлари ҳам Имомали Раҳмонга махфий йўллар билан сотишга розилик берилган санъат асарлари рўйхатида бор.

Хитойлик диссидент рассом¸ диктатурага қарши кураш билан танилган Ai Weiwei асарлари ҳам Имомали Раҳмонга махфий йўллар билан сотишга розилик берилган санъат асарлари рўйхатида бор.

Россиялик Петро Водкинс¸ Ғарб санъат бозоридаги қоронғу ва махфий олди-сотдиларни фош қилиш учун¸ янги лойиҳасида ўзини Тожикистон президенти Имомали Раҳмон учун сурат сотиб олаëтган шахс деб таништирди.

Лойиҳа давомида Лондондаги машҳур санъат галереяларининг¸ миллионлаб доллар фойда ҳақида гап борганда ахлоқ ва шаффофлик деган тушунчаларни четга йиғиштириб қўйиши ошкор бўлди.


Россияда туғилган Петро Водкинс ўтганда мода кетидан қувувчи оналарга устига Армани бренди тамғаси туширилган қора кўтликнинг донасини 30 доллардан сотиб¸ халқаро матбуот назарига тушган эди.

Бу гал у брендга ўч ëш оналар эмас¸ йиллик савдо айланмаси 60 миллиард долларлик Ғарб санъат бозорини нишонга олди.

Лондондаги йирик санъат галереяларига ўзини Тожикистон президенти Имомали Раҳмон учун суратлар харид қилаëтган Петр Фомин деб таништирган Водкинс¸ номи аксар ғарбликларга нотаниш бу мамлакат президенти ўз эрка қизига дунëнинг энг ном чиқарган замонавий рассомлари асарларини олиб беришга миллионлаб доллар сарфлашга тайëрлигини айтади.

Водкинс матбуот котиби Дмитрий Кайотай Марказий Осиëнинг пулдор ҳукмдори номидан иш кўрилган бундай лойиҳадан кўзланган мақсад ахлоқ ва бизнес ўртасидаги чегарани аниқлаб олиш эканини айтади:

- Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова Ғарбда ўзини санъаткор қилиб кўрсатишга уриниб келаëтгани боис¸ Петро Тожикистон президенти номидан фойдаланишга қарор қилди. Тожикистон қўшниларига қараганда анча қашшоқ¸ аммо коррупция урчиган бу давлатда Раҳмон ва унинг оиласи ўта-ўта бой. Шу боис¸ бу мамлакатни кўп ҳам билмайдиган хорижликни Раҳмоннинг ўз қизига миллионлаб долларлик сурат олиб беришга ишқибозлигига ишонтириш қийин эмас¸ дейди Кайотай.

Зотан¸ Лондонни хуш кўрувчи собиқ совет иттифоқи ҳукмдорларининг болалари¸ қолаверса нефт ва газ магнатларининг ўзлари истаган қасрдан то футбол клубига қадар сотиб олиш учун юзлаб миллионларни сарфлашга тайëрлиги Британия жамоатчилигига яхши таниш ҳодиса.

Лондондаги энг йирик 10 санъат галереясига сим қоқиб¸ улар билан ҳар бири миллионлаб долларга баҳоланган санъат асарини сотиб олиш юзасидан музокара ўтказган Водкинс¸ бу телефон суҳбатларини “Санъатнинг нархи” деб номланган лойиҳа учун махфий ëзиб олди.

Ана шу мулоқотлардан тузилган 15 минутлик лойиҳа келаси ҳафта жамоатчиликка тақдим этилади.

Бу суҳбатларда ўзини Тожикистон президенти Имомали Раҳмон учун сурат сотиб олаëтган Петр Фомин деб таништирган Водкинс¸ бўлажак савдонинг мутлақ махфий қолажаги лозимлигини талаб қилади.

“Тожикистон аҳолиси анча қашшоқ¸ президентнинг ўз қизига сурат сотиб олиш учун миллионлаб доллар пул сарфлаëтгани ҳақида гап чиқса¸ бу тожикистонликлар ғазабини қўзғаши мумкин¸ бу бизга керак эмас”¸ деб изоҳ беради савдони махфий қолдириш истагини Фомин.

Лойиҳа давомида музокара қилинган 10 галереянинг деярли барчаси бу суратларни Имомали Раҳмон сотиб олгани изини бекитиш учун сохта ширкатлар ва офшор банк ҳисобларидан фойдаланишга жон деб рози бўладилар:

- Акс ҳолда¸ менинг мижозим ўз мамлакатида катта муаммога дуч келади. Биласизми¸ у ерда халқ анча камбағал¸ ойига 10 долларча ойлик олади. Президентнинг ўз қизи учун битта суратни миллион долларга олиб берганини билса¸ улар бундан асло хурсанд бўлмайди¸ дейди Лондондаги галерея мутасаддиси билан телефон суҳбатида ўзини Фомин деб таништирган Петро Водкинс.

- Мен сизни тушундим. Биз бу ишни биринчи марта қилаëтганимиз йўқ. Кўнглингиз тўқ бўлсин¸ бизга мутлақо ишонсангиз бўлади¸ дейди Blain Southern галереяси дилери бунга жавобан.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг коррупция гуллаган давлат президенти экани¸ ëки унинг ўз халқи ҳаққини топтаб келаëтгани Лондон санъатфурушлари учун мутлақ муаммо бўлмаган. Аксинча¸ улар суратлар муаллифи бўлган машҳур рассомларга ҳам харидор кимлигини очиқламасликка сўз беришган.

Водкинс махфий харид таклиф қилган Лондондаги 10 машҳур галереядан фақат биттаси Waddington Custotгина махфийлик сўровини эшитиб¸ бундай савдога қизиқмаслигини билдирган¸ холос.

Водкинснинг бу лойиҳаси жамоатчиликка ошкор бўлганидан сўнг махфий савдога розилик берган галереялардан айримлари ўзини оқлашга¸ савдони пиширишдан аввал Раҳмон кимлиги билан қизиқиб¸ бундай савдога розилик бермаган бўлишлари мумкинлигини айтишга ошиқдилар.

Ҳозирча Имомали Раҳмон ўз номидан қилинган бу лойиҳага муносабат билдирмади.

Аммо Британия санъат дунëси санъатфурушларнинг миллионлаган пулни деб оддий ахлоқ нормаларини писанд қилмай қўйганларидан анча жунбушга тушмоқда.

"The Art Newspaper" газетасининг глобал санъат бозорини кузатиб келаëтган мухбири Георгина Адам¸ қиммат баҳога сотилаëтган санъат асарлари атрофида махфий ишлар бўлаëтганидан хабардорлиги¸ аммо бу вазиятнинг ўзи тасаввур қилганидан кўра ҳам ëмонлигидан ҳайратга тушганини айтади:

- Мен бу нарсадан шокка тушдим. Водкинс лойиҳаси санъат бозоридаги олди-сотдининг қанчалик қора ва қоронғу эканини намоëн қилди. Бу қоронғулик мен ўйлагандан ҳам кўра қуюқроқ бўлиб чиқди. Мен Водкинсга¸ “биз бу ишни биринчи марта қилаëтганимиз йўқ¸ кўнглингиз тўқ бўлсин¸ бизга мутлақо ишонсангиз бўлади”¸ деган дилернинг гапини эшитиб¸ ҳайратга тушмай қолмадим. Биламан¸ улар ҳам оддий савдогар¸ аммо барибир одамни ҳайратга солмай қолмайди¸ дейди Адам.

Кўпчилик учун замонавий рассомлар суратларининг Марказий Осиë ҳукмдорларига миллионлаб долларга сотилиши Женнифер Лопез¸ Стинг ëхуд Хулио Иглесис каби Ғарб ашулачиларининг айни шу пул учун Каримова ëки Бердимуҳаммедовга қўшиқ айтиб¸ ўйнаб берганидан фарқ қилмайди.

Аммо Водкинс матбут котиби¸ рассомликнинг замонавий дунëда¸ ҳамма нарса кўпроқ фойда кўришга қаратилган бизнес дунëсида бошқача ўрин тутиши лозимлигини таъкидлайди:

- Бу лойиҳа санъат дунëсининг қоронғу бизнес томонини фош қилди. Бугунга келиб санъатфурушлар рассом қиëфасини рассомнинг ўзидан кўра ҳам кўпроқ назорат қилади. Бу лойиҳа санъатфурушларни¸ албатта¸ ноқулай ҳолга солиб қўйди. Улар¸ ҳатто Ай Вейвей каби диктатураларнинг душмани¸ инсон ҳақлари курашчиси суратларини ҳам ҳеч тортинмай диктаторга сотишга розилар. Бу уларнинг қанчалик паст кетганини кўрсатади¸ дейди Водкинс матбуот котиби Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG