Линклар

Қорақўтанда ноқонуний олтин қазиш ишлари Тошкент назаридан четда қолмоқда

  • Садриддин Ашур

Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги конда ғайриқонуний гуруҳлар олтин қазимоқда. Озодлик манбаларининг иддаосига кўра, "бу гуруҳларга маҳаллий расмийлар, милиция ва прокуратура раҳбарлари ҳомийлик қилмоқда". Озодлик Қорақўтан олтин конида 3 йилдан бери давом этаётган ғайриқонуний олтин қазиш жараёнини ўрганишга ҳаракат қилди.


Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Биринчи гидрометаллургия заводининг Қорақўтан олтин конида ғайриқонуний равишда олтин қазиб олиш уч йилдан буён давом этаётганлиги ҳақида Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида яшайдиган Озодлик манбаси хат орқали хабар қилди: (Мактуб ва суҳбатдошларнинг айтганлари таҳрирсиз берилади - Таҳр.)

Ассалому алайкум Озодлик! Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Зиёвуддин қўрғонининг тоғ зонасида жойлашган Навоий горний металлургия комбинатига карашли Қорақўтан олтин казиб олиш бўлимида ишчи хизматчилар қиладиган ишларни маҳаллий аҳоли шунчалик моҳирлик билан қиляптики, давлат ишчиларига ҳеч қанча иш қолмаяпти. Маҳаллий аҳоли, қолаверса бошқа давлат ташкилоти раҳбарлари ўзлари ишчи ёллаб олтин қаздиришаяпти, яъни ҳомийлик қилишаяпти. Масалан, анча вақтдан бери маҳаллий аҳоли болалари ўз жонларини ўйламасдан тилла деб ўзларини 100-200 метр келадиган шахталарга кириб қурбон бўлишгача борган ва кўпчиликни тош босиб ўликлари тош тагида хам қолиб кетган”, деб ёзди Озодлик манбаси.

Озодлик Қорақўтан конидаги ғайриқонуний олтин қазиш жараёнини икки ҳафта давомида ўрганди. Бу вақт мобайнида шу конда ишлаб, олти ой аввал бошқа конга ишга ўтган ва айни пайтда Қорақўтанда ишлаётган икки нафар кончи билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан бу кончиларнинг исм-шарифлари сир тутилади. Мақоламизда бу кончилар "Биринчи кончи", "Иккинчи кончи" тарзида иштирок этишади.

“Режимли зона” номигагина “режимли”

Қоракўтан олтин кони махсус қўриқчилар томонидан қўриқланади.

Биринчи кончининг айтишича, гарчи бу ҳудуд “режимли зона” ҳисоблансада, бироқ маҳаллий ва ёлланма ишчилардан иборат ғайриқонуний гуруҳлар бемалол кон ҳудудига кириб, олтин қазийди:

- Ҳақиқатан ҳам бугун ўша ерда маҳаллий аҳолидан ва республиканинг турли ҳудудларидан олиб келинган юзлаб одам ғайриқонуний олтин қазиш билан банд. Навоий кон металлургия комбинатининг режим бўлимига қарашли махсус қоровуллар қўриқчилик қилади. Бироқ, улар ҳам манфаатдор бўлгани учун ҳеч ким индамайди, дейди Биринчи кончи.

Унинг иддао қилишича, ғайрионуний олтин қазувчиларнинг фаолиятини Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани милицияси, миллий хавфсизлик хизмати, прокуратураси раҳбарлари жуда яхши билади:

- Бу олтин талвасасини назорат қиладиган идоралардаги махсус одамлар шу олтин қазувчиларнинг бошлиқларига айтади. Масалан, ҳар бир одам бошига бир миллиондан сўмдан пул берасан дейди. Энди тасаввур қилинг, бу пул бир ойда миллиардларга айланади. Шунинг учун ҳам, давлат муҳофазасида бўлган конда ана шундай "лихорадчик"лар ишлайди, дейди кончи.



Тилласи бор руда қандай қазиб олинади?

Биринчи кончининг айтишича, ғайриқонуний олтин қазиб олувчилар техника хавфсизлигига риоя қилмасдан, ибтидоий усулда руда қазади:

- Ер остидаги конни шамоллатиш учун ҳар жой, ҳар жойда туннеллар қазилган. Улар ана шу туннеллардан белига арқон боғлаб 60 метр пастга тушади. Кирка ва лопаткалар ёрдамида рудани қазиб, юқорига олиб чиқишади. Ана шу руда таркибида олтин бор, дейди биринчи кончи.

Иккинчи кончи эса бу одамлар ўз ҳаётларини катта хавфга қўяётганини айтади:

- Бу одамлар 8-10 кишилик бригада бўлиб олади. Ёш йигитлар, 16 дан 40 ёшгача. Ташландиқ шахталар орқали ҳозир ишлаб турган шахталарга тушади. Бу бригадалар кўп ҳолатларда конда портлаш ишлари ўтказилгандан кейин келади. Ҳали ичкарида газ йиғилиб турган бўлса ҳам кириб кетади. Бу бригадалар баъзан ер устига чиқмасдан 3-4 суткалаб ишлайди. Газ баллон орқали тош қиздирилади ва у уқаланиб тушади. Ерга ёйилган палаткага тушган руда йиғилиб, қопларда олиб чиқилади. Бундан ташқари ўзлари мустақил қудуқ қазиб олтин қидираётганлар ҳам бор, дейди кончи.

Руда “режимли зона”дан қандай олиб чиқилади?

Биринчи кончига кўра, қазиб олинган руда кондан махсус машиналарда олиб чиқилади:

- Коннинг атрофи очиқ, лекин ҳар жойда КППлар бор. Бироқ лихорадчиклар учун доим зелёний свет. Улар истаган вақтда кириб чиқади. Масалан, улар асосан УАЗикларда, кейин Нива, Москвич мошиналарида келади. Бу мошиналарни мен бир неча бор кўрганман. Бирортасининг номери йўқ. Агар экстренний бирор нарса бўлиб қолса, мошинани ташлаб кетаверади, дейди кончи.

Ўғирланган руда қаерда қайта ишланади?

Кончиларнинг ҳар иккиси ҳам кондан олиб чиқилган руда Қорақўтан конига яқин жойда жойлашган шаҳарча ва қишлоқларга олиб борилиб, ундан олтин ажратиб олинишини айтади:

- Коннинг яқинида Зиёвуддин деган шаҳарча бор, Черёмушка деган посёлка бор, Қарноқ ота деган қишлоқ бор. Ана шу шаҳарча ва қишлоқлардаги уйларда махсус "тегирмонлар" бор. Руда ана шу тегирмонларга олиб борилади. Тегирмонда руда майдаланиб, ун ҳолатига келтирилади. Кейин уни махсус кислоталар орқали тозалаб тилла зарраларини ажратиб олишади, дейди Иккинчи кончи.

Тилланинг харидори ким?

Қорақўтан конидан ғайриқонуний йўл билан олинган олтиннинг харидорлари самарқандлик ёки навоийликлар эмас, уларнинг “эга”лари Тошкент томондан келишади, дейди Биринчи кончи:

- Олтин асосан, Тошкентга кетади. Ҳафтанинг маълум бир кунида даҳшатли машиналарда келишади. Бу машиналарнинг номери ҳам бўлмайди, балки бу ердан чиққандан кейин қўйиб олишар, билмадим. Олтин граммлаб сотилади. Эшитишимча, ёз ойларида тилланинг бир грамми 90-100 минг сўмдан сотилаётган экан, дейди Биринчи кончи.

Кончиларининг айтишларича, олтин талвасаси шунчалик авжига чиқдики, тилла қидирувчиларнинг тошлар остида қолиб қурбон бўлиш ҳолатлари ҳам буни тўхтата олмаяпти:

- Ўтган йили 13 октябрда давлат конида катта авария бўлганди. Ўшанда уч нафар ёш йигит ўлганди. Кўпчилик оғир жароҳат олди. Хусусий лихорадчикларни ҳам тош босиб қолибди, газдан бўғилиб ўлиб қолибди, деб кўп эшитамиз. Лекин буни ошкор қилишмайди, дейди Иккинчи кончи.

Олтин қутуртириб юборди

Озодликнинг электрон почтасига келган мактублардан бирида ёзилишича, ғайриқонуний тилла қазиб олиш билан шуғулланадиган гуруҳлар бошлиқларини олтин "қутуртириб" юборяпти:


Ҳозир кимки олтин орқасидан пул топаётган бўлса беcпредел бўлиб қолган. Улар хоҳлаган одамини уриши, қизларни номусига тегиши, қари кампирларни хам зўрлашгача борганлиги бизга аён. Лекин ўша болаларни хеч ким тўхтата олмайди, на ички ишлар ва на ҳокимият. Ҳозир жуда кўп миқдорда олтин қазиб олган боланинг уйида хар куни 50 ка яқин тоғда ишловчилар келиб жойингни прокатга бериб тур деб эланишади”, деб ёзади пахтачилик Озодлик манбаси.

Расмийлар сукут сақламоқда

Озодлик Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани ҳудудидаги Қорақўтан олтин конида бўлаётган ғайриқонуний ишларга оид иддаоларга муносабатини билиш мақсадида Пахтачи тумани ҳокимлиги билан боғланди.

Ўзини таништирмаган туман ҳокимлиги мулозими, Қорақўтан олтин кони ҳарбий режимда қўриқланадиган объект бўлганлиги учун, уларнинг бу ишга алоқаси йўқлигини айтди.

Шундан сўнг Озодлик Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қувондиқ Санақулов қабулхонаси билан боғланди. Ўзини таништирмаган мулозим саволларимизни обдон эшитгач, "комбинат раҳбарияти ҳар қандай саволларга фақат мактуб орқали жавоб беради", деган жавоб билан чекланди.

Озодлик ушбу мақолани тайёрлаб бўлган 2 октябр куни Пахтачи туманидаги манбасидан яна бир мактуб олди:

3 кун олдин вагондан тушиб кетган икки нафар болани марказий шифохонага олиб келишди. Уларнинг бирини қўли эзилиб, осилиб қолган, иккинчиси эса ўзини билмайдиган холатда қонига беланганча олиб келинган. Бундай олтинни орқасидан ўз жонини ўйламасдан шу кўйга тушаётганлар сони жуда кўп”, деб ёзилади мактубда.

Жорий йилнинг 17 июлида Навоий вилоятида ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланаëтган артелларга ҳомий бўлганликда айбланиб қўлга олинган Хатирчи туман Ички ишлар бўлимининг собиқ бошлиғи Баҳриддин Тўхтаевни "ватан олдидаги улкан хизматларини инобатга олган" суд уни жазодан озод қилган эди.

Кузатувчилар фикрича, Баҳриддин Тўхтаев Ўзбекистон Олий суди раиси Бўритош Мустафоевнинг қайин иниси бўлганлиги учун ҳам жазодан қутулиб қолган.

Навоий вилоят судида бўлиб ўтган маҳкама порахўрлик ва коррупцияда айбланган собиқ миршаб Баҳриддин Тўхтаевнинг жиноий шерикларини 11 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG