Линклар

logo-print
Тошкентда Халқаро қуёш энергияси институти фаолият бошлади. Янги институтнинг вазифаси қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш, қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш бўйича тажрибалар ўтказиш ва қуёш энергияси билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишни мувофиқлаштиришдан иборат.

Ўзбекистон президенти 2013 йил 1 мартида “Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилган эди.

25 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси Фанлар академияси ва Ўзбекэнерго Давлат акциядорлик компаниясининг Халқаро қуёш энергияси институтини масъулияти чекланган жамият шаклидаги мустақил юридик шахс сифатида таъсис этиш тўғрисидаги таклифини маъқуллади.

Халқаро қуёш энергияси институтини тузиш учун Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 3 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратди.

Халқаро қуёш энергияси институти директори Олим Ҳакимов Озодлик билан суҳбатда янги институт олдида турган мақсад ва вазифалар ҳақида буларни айтди.

- Мақсадимиз Ўзбекистонда қуёш энергиясидан амалда фойдаланиш, қуёш энергияси билан боғлиқ технологияларни ривожлантиришдан иборат. Келажакда энергетика соҳасининг ажралмас қисмига айланиши мумкин бўлган қуёш технологияларига босқичма-босқиш ўтишдан иборат, деди янги институт директори.

Ўзбекистонда кейинги йилларда нефт маҳсулотлари, газ, электр энергияси тақчиллиги муаммоси авж олган. Мамлакат вилоятларининг аксар қисмида аҳолига, айниқса, қиш мавсумида электр қуввати ва табиий газ ўта чекланган миқдорда берилади.

Олим Ҳакимов қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш нефт, газ ва кўмир каби табиий ресурсларни тежашда ҳам муҳим рол ўйнашини алоҳида таъкидлади.

Ҳакимов ўзи бош бўлган Халқаро қуёш энергияси институтида маҳаллий ва хорижий мутахассислар фаолият юритиши режаланганини айтди.

- Бизнинг институтда маҳаллий мутахассислар ишлайди. Ҳукуматимиз барча имкониятларни ишга солишга, жумладан, энергетиканинг шу соҳасида фаолият юритаётган хорижлик етакчи мутахассислар ва инженерларни ишга таклиф қилишга рухсат берди. Айни пайтда, ўзбекистонлик мутахассислар ҳам қуёш энергияси бўйича дунёнинг етакчи марказларига малака ошириш учун жўнатилади, деди Олим Ҳакимов.

Тошкентда Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил қилиш Ўзбекистон ҳукумати томонидан муқобил ва қайта тикланувчан энергиядан фойдаланиш йўлида амалга оширилаётган биринчи муҳим лойиҳа эмас.

Жорий йил июн ойида Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида 100 МВт қувватга эга бўлган Марказий Осиёда энг йирик қуёш электр станциясини барпо этиш ишлари бошланди.

Қиймати 240 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳа амалга ошгандан кейин Самарқанд вилоятининг Пастдарғом, Нуробод, Каттақўрғон ва Нарпай туманлари аҳолисини электр билан таъминлаш яхшиланиши кутилмоқда.

Самарқанд вилоятидаги Қуёш электр станциясини қуриш учун 253 гектар ер ажратилган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Осиё Тараққиёт банки томонидан 90 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган.

Ўзбекэнерго ширкати Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 250 миллион долларлик шамол энергияси қурилмалари паркини яратишни режалаштиргани,
ширкат ўтган йил сентябрида туманда750 кВт/соат қувватига эга бўлган экспериментал шамол энергоқурилмасини ўтнатгани хабар қилинган эди.

Қурилманинг баландлиги 65 метр, парраклар қулочи 50 метрни, асосий минора диаметри 3,6 метрни ташкил қилади.

Бу Марказий Осиёда ўрнатилаётган илк шамол энергоқурилмасидир.
XS
SM
MD
LG